АВТОКРЕДИТГА ОЛИНГАН АВТОМАШИНА:
уни сотиш мумкин(ми)?
Автомобил сотиб олиш орзусида бўлган шахслар учун энг осон йўл автокредит бўлиб қолмоқда. “Hamkorbank” бу борада халқимизнинг асосий ҳамкорига айланиб улгурди. Ҳазорасп УБХО ҳуқуқшуноси Олимбой Машарипов автокредит ва унинг афзалликлари ҳақида қуйидагиларни билдирди:
— “Hamkorbank” хизмат кўрсатишда илғор ва хавфсиз. Кредит фоизлари қулай, имтиёз ва имкониятлари кенг. Инфратузилмаси яхши. Илгарилари машина сотиб олиш орзуси йиллаб чўзиларди. Шунда ҳам жамғариб борилган маблағимиз эвазига уни сотиб олардик ёки йўқ. Чунки йил сайин ўсиб бораётган нарх-навога етиб бўлмасди. Орзу орзулигича қолиб кетарди. Бугунчи? Бугун ундай эмас. Даромади бўлган инсон банк кредитидан фойдаланиб орзуларига етиши мумкин.
Халқимиз ҳар қандай банк ва кредитлар борасида етарли тушунчага эга. Танловда ҳам ўзига мос молия ташкилотини маъқул кўради. Автокредитга талаблар жуда кўп. Шунга қарамай ҳар қандай банк мижоз танлашда барибир тўлов қобилияти бўлган шахсларга кредит ажратади. Бу кредит тартиби маълум — автомашинанинг ўзи гаров сифатида тақиқда туради, токи кредит қарзи қайтарилгунга қадар. Баъзи ҳолларда автокредитга олинган машинани сотишга тўғри келиб қолади. Бу ҳолатда қўлланиладиган тартиб қандай?
Шу ўринда савол туғилади: қарзни бошқа шахсга ўтказиш мумкинми? Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 322 – моддасига асосан мумкин. Аммо қарздорнинг ўз қарзини бошқа шахсга ўтказишига фақат кредиторнинг розилиги билан йўл қўйилади. Янги қарздор кредитор билан дастлабки қарздор ўртасидаги муносабатларга асосланган барча эътирозларни кредитор талабига қарши қўйишга ҳақли. Шунингдек, агар кафил ёки гаровга қўювчи янги қарздор учун жавоб беришга рози бўлмаса, қарз бошқа шахсга ўтказилиши билан кафиллик ёки учинчи шахс томонидан белгиланган гаров бекор бўлади.
Қарзни бошқа шахсга ўтказиш шаклига ФКнинг 320 – моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларидаги қоидалар, яъни оддий ёзма ёки нотариал шаклда тузилган битим. Давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинадиган битим бўйича талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ушбу битимни рўйхатга олиш учун белгилаб қўйилган тартиб қўлланилади. Ордерли — қимматли қоғоз бўйича талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ушбу қимматли қоғозга индоссамент (талаб қилиш ҳуқуқини ўтказиш ёзуви) йўли билан амалга оширилади.
Юқорида кўрсатиб ўтилган қонун талабларидан келиб чиқиб, саволга жавоб берадиган бўлсак, автокредитга олинган автомашинани сотиш учун кредитор банкнинг розилиги билан автокредит олиш учун кредитор банкнинг ички тартиб қоидаларига жавоб берадиган, яъни автокредит ажратилиши мумкин бўлган фуқарога ёки юридик шахсга сотилиши мумкин. Бунда, ФКнинг 320-моддасида кўрсатилган шаклда, кредитор банк, сотувчи қарздор ва олувчи қарздор ўртасида уч тарафлама — автомашина олди-сотдиси ва автокредит шартномаси бўйича қарздорни ўзгартириш ҳақида аралаш мазмундаги ён бериш шартномаси тузилади. Баъзи ҳолларда эса уч тарафлама шартнома асосида банк томонидан ажратилган автокредит маблағларини тўлиқ сўндирган ҳолда ҳам сотиб олиш мумкин.
Хулоса қиладиган бўлсак, автокредитга олинган автомашинани фақат кредитор банкнинг розилиги билан сотиш мумкин. Бошқа тартиб йўқ.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА

