Агар кафил бўлсангиз

Савол: Дўстим банкдан кредит олаётганида мен унга кафил бўлгандим. Лекин у кредитни тўлай олмаганлиги учун банк судга берди. Суд давлат божи ундирилсин деб қарор чиқарган. Шу ҳолатда мен нима қилсам бўлади?
Н.Мажидов,
Қашқадарё.


Жавоб. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 293-моддасига кўра;
— қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидиар (биргаликда ҳаракат қилиш — жавобгарлик) жавоб берадилар, агар қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлса. Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутил­ган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар жавоб беради, шу жумладан, фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлайди;
— Кодекснинг 295-моддасига асосан мажбуриятни бажарган кафил­га кредиторнинг ушбу мажбурият бў­йича ҳуқуқлари ҳамда гаровга олувчи сифатида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқлар кафил кредиторнинг талабини қанча ҳажмда қаноатлантирган бўлса, шунча ҳажмда ўтади;
— кафил кредиторга тўланган суммага фоизлар тўлашни ва қарздор учун жавобгарлик муносабати билан кўрган бошқа зарарини тўлашни қарздордан талаб қилишга ҳақли.
Ўз молиявий ҳолати ва имкониятларини таҳлил қилмасдан ҳамда қарз олувчи танишининг кредит тўловларини тўлиқ ўзи тўлаши ҳақидаги оғзаки ваъдаларига ишонган ҳолда кредит бўйича кафил бўлган фуқаролар, яъни кафиллар келгусида қуйидаги хатар ва муаммоларга дуч келиши мумкин:
кредит маблағидан ҳақиқатда фойдаланган қарздор кредит тўловларини ўз вақтида тўламаганда, қарздорликни кафил ўз маблағлари (мол-мулки) ҳисобидан тўлашга мажбур бўлиши;
кредит тўлови қарз олувчи ва кафил томонидан белгиланган муддатда тўланмаганда, кафилнинг кредит тарихи ҳисоботида муддати ўтган қарздорлик бўйича маълумотлар пайдо бўлиши ва ушбу ҳолат келгусида кредит олиш бўйича кафилнинг кредитга лаёқатлилик кўрсаткичига салбий таъсир кўрсатиши;
тақдим этилган кафиллик, келгусида кредит олиш учун банклар ёки бошқа кредит ташкилотларига мурожаат қилганда кафилнинг молиявий имкониятларини пасайтириши, яъни унга ажратиладиган кредит суммасини камайтирилиши ёки умуман кредит ажратилмаслигига сабаб бўлиши мумкин.
Саволга ҳуқуқшунос
Камолиддин Аманов
жавоб берди.