АГАР ЧЎМИЛИШГА БОРСАНГИЗ…

Ҳар йили ёз мавсумида аҳолига чўмилиш қоидалари бот-бот эслатиб турилишига қарамай,  эҳтиётсизлик оқибатида кўплаб одамлар сувда чўкиб, вафот этади. Айниқса, бундай фожиали ҳолатлар болалар орасида кўп кузатилади. Чунки, болалар қилаётган ишининг оқибатини чуқур ўйламасдан, тартиб-қоидаларга бўйсунмаган ҳолда ҳаракат қилади, ақлидан кўра қизиқишларига кўпроқ қулоқ тутади. Баъзи ота-оналарнинг фарзандларига эътиборсиз бўлиши ва назоратсиз қолдириши ҳам   охир-оқибат фожиага сабаб бўлиши мумкин. Шундай экан, биз бу мавзуга яна бир бор мурожаат қилган ҳолда  чўмилиш борасидаги айрим қоидаларни эслатиб ўтмоқчимиз.

* Тақиқланган сув ҳавзалари — дарёлар, ариқлар, каналларда чўмилманг. Яъни оқар сув ҳавзаларида чўмилиш мумкин эмас. “Биз бу ерда доим чўмиламиз, хавфсиз жой”, дейишингиз мумкин. Кеча хавфсиз бўлган ўша жойга бугун ҳар хил тошлар ёки чиқиндилар оқиб келган бўлиш эҳтимоли бор. 

* Спиртли ичимлик ичган ҳолда ёки куннинг ўта иссиқ вақтида тўқ қоринга ёки оч қоринга сувга тушманг.  Қизиб турган асаб толалари совуқ сувга тушиши билан тортишиб қолади. Мана шу тортишиш натижасида оёқ ва қўл ҳаракатни йўқотади. 

* Ости чўкиндиларга бой, ботқоқли сув ҳавзаларида ҳам чўмилманг. Масалан, сув тўпланадиган ҳовузларда. Бундай ҳавзалар  оғир жисмларни сув тагига тортади.

* Чўкаётган одамни қутқариш йўлларини ўрганинг. Улардан бири — чўкаётган кишига орқа томонидан сузиб яқинлашиш, сочи ва қўлтиғи остидан ушлаб, юзини тепага қаратиб, ўзингизни ушлаб олишга йўл қўймаган ҳолда қирғоққа қараб сузиш. Яна бир усул — жабрланувчининг чангак қучоғидан ушлаб олишдир.

* Агар  жабрланувчи ҳушида бўлиб, юрак фаолияти ва нафас олиши сақланган бўлса, бошини пастга эгган ҳолда қуруқ қия жойга ётқизиш ва шундан кейин ечинтириб, ҳўл ёки қуруқ сочиқ билан артиш керак. Имконияти билан унга иссиқ ичимлик (чой, қаҳва, ёши катталарга 1-2 ош қошиқ спиртли ичимлик ҳам бериш мумкин) ичириб, иссиқ кўрпа билан ўраш ва дам олдириш талаб қилинади.

* Чўккан шахснинг мустақил нафас олиши йўқолиб, юрак фаолияти сақланиб қолса, унинг нафас йўлларини тозалаб, иложи борича тезроқ сунъий нафас олдиришга киришиш  зарур. Вақтида ва малакали кўрсатиладиган биринчи тиббий ёрдам жабрланувчининг ҳаётини асраб қолади.

ОСИЁ тайёрлади