“Албатта, банкир бўламан”
Инсон касб танлашда адашмаслиги керак. Мен буни ўз ҳаётим мисолида айта оламан. Ўқувчилик йилларим қандай касб эгаси бўлиш тўғрисида гап борганда «албатта, банкир бўламан», дея қарор қилгандим.
Адашмаган эканман, олийгоҳни тамомлагач бир муддат бошқа соҳада ишласамда, болаликдаги орзу менга тинчлик бермасди. 2009 йили “Миллий банк”да иш бошладим. Тажрибали устозлардан касб сирларини ўргандим. Асосийси, фуқаролар билан муомала қилишда катта тажриба ва маданият зарурлигини тушуниб етдим.
2014 йилдан “Hamkorbank” тизимида фаолиятимни давом эттирдим. Яккасарой филиалида мидл офис мутахассиси вазифасига қабул қилиндим. Очиғи, ана шу вақтда янги иш жойим ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлади. Бу зиммамдаги масъулиятни янада оширди. Ходимларга бўлган эътибор, янги лойиҳалар, жамоадаги аҳиллик касбимга бўлган қизиқишимни янада оширди.
Юнусобод филиали жамоаси ҳақида ҳам қанча гапирсам оз. Айниқса, янги иш бошлаган ходимларга бўлган эътибор жамоага тез қўшилишга йўл очади. Банк раҳбарияти томонидан берилган ҳар бир топшириқ остида рағбат ётади. Бу сизни изланишга, ташаббусга бошлайди. Шу сабаб мен ҳаётимни “Hamkorbank” билан бирга кўраман.
Гулруҳ Ботирова,
Юнусобод филиали мидл офис мутахассиси.