АНГРЕННИНГ ИККИ ҚАНОТИ

“Омад” ҳамда “Марказ” банк хизматлари офиси Ангрен универсал банк хизматлари офисининг гўё икки қаноти. Аслида “Омад” мини банк сифатида 2011 йилдан буён фаолият юритиб келади. Дастлаб Олмалиқ УБХО тасарруфида бўлган, кейинчалик Ангрен УБХОга бириктирилган. Ушбу муассасада ҳозирда Шоҳзод Хидиров, Элёр Сапаров, Мадина Маматхонова, Нигора Аҳмедова каби тажрибали ходимлар фаолият юритади. Яқинда уларнинг сафига Аббосхон Абдуллаев қўшилди. У ёш, иқтидорли ва мулоҳазали йигит.

Тошкент молия институтини 2018 йилда тамомлаган Шоҳзод Хидиров илк фаолиятини Ангрен УБХОда бошлаган. Шу йилнинг бошида ушбу банк хизматлари офисига раҳбар этиб тайинланди. Иқти­содий билимига ишонган, салоҳиятли мутахассис. Тайинловда ана шу мезонлар қатори ташаббускорлиги ва ғайратлилиги инобатга олинган эди. Шоҳзод бу ишончни оқлаб келмоқда.
“Омад” БХО икки мингга яқин жис­моний, уч юздан ортиқ юридик мақомга эга мижозларга хизмат кўрсатмоқда. Бош банк томонидан УБХОга қўйилган кредит портфелининг 35 фоизини айнан шу ердаги аҳил, иноқ ҳамкасбларимиз бажаряпти.


“Марказ” банк хизматлари офиси Кенгаш раисининг таклифи билан ташкил топган. Бир неча йил илгари Ангренга ташриф буюрган раҳбар бу ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини олдиндан кўра билган. Марказий деҳқон бозори, “Корзинка” каби бир нечта супермаркетлар, ташкилот-корхоналарнинг жойлашуви, қўйингки, Ангреннинг энг гавжум жойи эканлигига эътибор қаратган. Айнан шу ҳудудда фаолиятини йўлга қўйган “Марказ” БХО Ангрен УБХОнинг асосий даромад манбаларидан бирига айланди. Очилганига кўп бўлмаса-да, умумий мижозлари мингдан ортди. 20 дан ортиқ юридик, 100 дан ортиқ жисмоний мақомдаги ҳамкорларни жалб қилишга улгурди.
Алижон Абдужабборов ”Hamkorbank” ходимлари орасида чавандоз сифатида танилган. Ана шу чавондоз йигит банк фаолиятида ҳам ўз ўрнига эга. Иқтисодий билими юксак, ташаббускор ва тадбиркор сифатида “Марказ” БХОга етакчи. Феъл-атворидаги камсуқумлик унинг жиддий одамлигини ифодалайди. Бироқ ўй-хаёлларида БХОни ривожлантириш. Банк ходимлари аниқликка таяниши сир эмас. Алижоннинг ёнида чакана ва универсал менежерлар Дониёр Давронов, Исомиддин Мамадуллаев каби тенгдошлари, касса амалиётларини бажаришда сабрли бўлган Шоира Газиева сингари ҳамкасблари борки, иқтисодий ўсишга ҳисса қўшяпти.

Дилмурод БЕКТУРОБОВ,
Ангрен УБХО ходимлар билан ишлаш менежери