АНДИЖОН ҚАЛЪАСИ

Андижоннинг бугунги ҳаёти юртдошларимиз учун қанчалик қизиқарли бўлса, тарихи ҳам эътиборли. Бироқ, вилоятнинг ўтмишидан дарак берувчи тарихий обидалари кам. Бу борада биргина Андижон шаҳридаги ягона тарихий маскан — Қалъа кўпчиликни қизиқтиради.

Дукчи Эшон маҳалласида жойлашган ушбу ёдгорлик Ўш томондан келишда шаҳарнинг рамзий дарвозаси бўлган. Маълумотларга кўра, чор Россияси ҳарбий қисми учун мудофаа қўрғони сифатида 1878-1881 йилларда бунёд этилган. Майдони 4-4,5 гектарни ташкил этиб, 6 та казарма биноси, қурол-аслаҳалар омборхонаси, отхона, гауптвахта* ўрин олган. Деворларининг бўйи 10 метр, қалинлиги 4-5 метр, юқори қисми кунгирали, уч қатор ўқ отишга мўлжалланган махсус тешиклари мавжуд. Асосий кириш қисми зинали бўлиб, кенглиги 3 метрли ёғоч дарвоза орқали ичкарига кирил­ган. Девор қатлами квадрат ҳажмли ва тўрт бурчакли пишиқ ғишт билан ҳамда пахса услубида урилган. Баланд деворларидан Андижон шаҳрининг ҳар бир маҳалласи кафтдек кўриниб турган ва шу жойдан туриб исёнларни бостириш имконияти бўлган.
— Қалъада чор Россия­си армиясининг Туркистон асосий мунтазам ҳаракатдаги батальони 4-5-ротасига тегиш­ли 250 дан зиёд аскарлари бўлган, — деди меъморий ёдгорлик масъул ходими Беҳзодбек Охунов. — 130 йил давомида жуда кўп тарихий воқеалар, жумладан, 1898 йилда Дукчи Эшон бошчилигидаги Андижон қўзғолонининг гувоҳи бўлган. Бизгача “Қалъа” обидасининг фақат бир қисми ва баланд маҳобатли деворларининг учдан бир қисмигина сақланиб қолган холос. Юртимиз тарихи билан қизиқувчилар бу жойда бўладилар. Айниқса, ёшлар учун тарихимизнинг кўзгуси.
Ёдгорлик ҳудудидаги қудуқ ва зиндон ҳозиргача сақланиб қолган. Зиндон тор йўлак ва икки хонадан иборат бўлиб, аскарлар учун гауптвахта сифатида бунёд этилган. Ке­йинчалик, асир олинган ўзбек қўзғолончилари учун зиндон вазифасини ўтаган. Зах ва қоронғи хонада ўша давр муҳитини намойиш этувчи ҳолат ўз аксини топган.
Айтишларича, аскарларни ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида қурилган қудуқдан сув чиқмаган. Боиси, Қалъа ер сатҳидан анча баланд­ликда жойлашган. Қўзғолон пайтида ҳалок бўлган бир қанча аскарларнинг мурдаси мана шу қудуққа ташлаб юборилган.
— Ҳар куни ушбу обида ёнидан ўтаётганда, беихтиёр уруш йиллари, армия­мизнинг куч-қудрати ҳақида ўйлайман, — деди Жалақудуқ туманида яшовчи меҳнат фахрийси Тўйдихон Алибоева. — Бир неча бор набираларим билан кириб яқиндан танишдик. Тарихий экспонатлар ўша даврда қуроллар қандай ишланганини кўрсатади. Деворларининг мустаҳкамлиги сабаб йиллар ўтсада ўз ҳолида. Бу жой билан ҳар бир фуқаро танишиши лозим. Унда ўтмишимиз, ота-боболаримиз нафасини кўриш мумкин.
Тарих билан келажакни боғловчи бу жойда айни пайтда ўзбек рассомларининг энг сара асарлари сақланмоқда. Бунда сўзсиз бир уйғунлик бор.

Акбаржон НАЗАРОВ

  • ГАУПТВАХТА — ҳарбий хизматчиларни вақтинча банди қилиб сақлаш учун ажратилган махсус хона. Гарнизон Г. си ёки қўшин Г. си бор. Оддий ёки қатъий жазоланганлар бандилик муддатини умумий ёки якка камераларда ўтайдилар. Гауптвахтада кун тартибини гарнизонда гарнизон коменданти, қўшинлар бўлимида қисм командири белгилайди.