АСАКАДА 25 ЙИЛ
“Hamkorbank”нинг Асакада фаолият юритаётганига чорак аср бўлди. Шу вақт мобайнида ишончли банк муассасаси сифатида туманда катта мавқега эришди. Эътибор топди, кўплаб йирик мижозлар орттирди. 60 га яқин ходимга эга жамоамизни айни вақтда Муҳиддинхон Ортиқов бошқариб келмоқда.
Ҳозирда ходимларимиз Мустақиллик ва банкимизнинг 30 йиллик тўйига муносиб тўёна тайёрлаш учун сидқидилдан меҳнат қилмоқда. Мақсад — қўшалоқ байрамни юқори кўрсаткичлар билан қарши олиш.
Филиалимизнинг шу кунгача босиб ўтган йўлига назар ташласак, унда катта бир тарихни кўрамиз. Жамоа илк ташкил топган пайтда унга Назиржон Қодиров раҳбарлик қилган. Ўшанда Асака ёғ заводи тасарруфидаги бинонинг биринчи қавати сотиб олиниб, офис шакллантирилган. Тушгача иш, тушдан сўнг қурилиш ишлари амалга оширилган.
2002 йилда Бек офис, фронт офис тизими илк бор бизнинг Асакада амалиётга жорий этилди. 2013 йилда биринчи бўлиб стандартлаштиришга қўл урилди. Олд қисмидаги 5 метр жойга қўшимча бино солиниб, банк офиси кўринишига келтирилди. Бўлимлар бир-биридан алоҳида ажратилиб, стандартларга жавоб берадиган даражада таъмирланди. Ўшанда “Hamkorbank” тизимида 28 та филиал мавжуд эди. Деярли барча тармоқларнинг бошқарувчилари келиб, биздаги ўзгаришларни ўз кўзлари билан кўриб, ўрганиб кетган. Тармоқлар ичида биринчилардан бўлиб янги ва замонавий амалиётларни қўллаганимизнинг ўзи филиалимиз салоҳиятини белгилаб беради.
25 йил орасида филиалимизда 12 нафар тажрибали раҳбар бошқарувчилик қилди. Уларнинг орасида энг узоқ ишлаган ва тармоқ ривожида муҳим роль ўйнаган шахс сифатида Манзура Тўхтасиновани алоҳида тилга олиб ўтиш ўринли. У жамоанинг ўсиши учун бор кучини ишга солди. Унинг раҳбарлик даврида филиал кўрсаткичлар борасида ҳамиша байроқдор бўлган.
Зиёдулло Усмонов бошчилигида, яъни 2019 йилда ҳам филиалимиз ўз гуруҳида етакчиликни қўлдан бермади. Бу кадрларга бўлган эътибор, жамоани олдинга бошлаш ва ташаббускорлик натижасидир.
Назиржон Қодиров, Маъруфжон Расулов, Бахтиёр Жўраев, Абдулхамит Эргашев, Дурбек Абдураҳмонов, Музаффар Ҳайдаровлар ҳам бошқарувчи сифатида Асакада “Hamkorbank” номининг танилишига муносиб ҳисса қўшдилар.
Филиалимиз тизимга юқори салоҳиятга эга мутахассислар етказиб беришда илғор. Яқингача Фронт офис бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган ҳамкасбимиз Фарҳод Абдураҳмонов эндиликда бош банкда фаолиятини давом эттирмоқда. У 2020 йилда “Энг яхши фронт офис бошлиғи” номинациясида ғолиб бўлган эди. Шунингдек, филиал ходимлари Аваз Эрбўтаев “Энг яхши касса мудири”, Фарҳодбек Қамбаров “Энг яхши бек офис мутахассиси” номинацияларининг совриндорларидир.
Филиалимизга қарашли ҳар бири 5 нафардан ходимга эга Марҳамат, Ниҳол, Баркамол банк хизматлари офислари мавжуд. Улар тизимдаги БХОлар орасида юқори кўрсаткичлари билан ажралиб турибди.
Бугун жамоамиз ёшарди. Ёш ходимларнинг ғайрати, изланишлари туфайли натижалар кўнгилдагидек. Тўғри, иш бор жойда камчиликлар бўлади. Масалан, муассасамиз муаммоли кредитларсиз ишлайдиган тармоқлар орасида етакчилардан эди. Аммо ўтган йилги пандемия оқибатида юзага келган карантин чекловлари кўпчилик мижозларимизнинг ишига салбий таъсир кўрсатди. Натижада кредитлар тўловида муаммолар туғилди. Ҳозирда бутун диққатимизни ана шундай камчиликларни бартараф қилишга қаратганмиз.
Умид қиламизки, тез орада бу муаммолар ўз ечимини топади ва Асака филиали яна ўз кўрсаткичлари билан мақтана оладиган жамоага айланади.
Яҳёбек ҲАСАНОВ,
Асака филиали чакана бизнес бўлими бошлиғи бошқарувчи ўринбосари.