АСРЛАРНИ БЎЙЛАГАН МАҚБАРА
Қадим Хоразм диёридаги кўплаб тарихий обида ва зиёратгоҳлар ўзининг бетакрорлиги ва ажиб ҳайбати билан неча асрлардан бери сайёҳлару зиёратчиларда ҳайрат уйғотиб келмоқда. Ана шулардан бири Хива обидаларининг энг муҳташами саналган Паҳлавон Маҳмуд мақбарасидир. Манбаларга қараганда мазкур зиёратгоҳ XIV асрда кичик гўрхона шаклида қурилган ва унга ўз даврининг катта “Пири” – Паҳлавон Маҳмуд дафн этилган. Вақтлар ўтган сайин ушбу қадамжо кўпгина ҳукмдорлар томонидан азиз саналиб ободонлаштирилган. Унга Амир Темур томонидан эшик ўрнатилгани хусусида тарихий маълумотлар мавжуд. Мақбара ичига Абулғозихон, Анушахон ва Арангхонларнинг дафн қилинганлиги улар ҳукмдорлик қилган даврларида ҳам паҳлавон шоир мангу бош қўйган манзилнинг ободонлаштириш алоҳида эътиборда бўлганлигидан далолат беради.
Дарҳақиқат, буюк бобокалонимиз ҳар қандай эъзозу иззатга мушарраф табаррук зот эди. 1247 йилда Хивада пўстиндўз оиласида таваллуд топиб, 1326 йилда дунёдан кўз юмган улуғ аждодимизни қадим Хоразмда «Пирёрвалий», «Полвонпир» деб ҳам аташганди. Машҳур тазкира «Оташкадаи Озарий», турк олими Шамсиддин Сомибекнинг «Қомус ул-аълом» китобларида Паҳлавон Маҳмуд ҳақида мухтасар маълумот берилиб, унинг тасаввуф тариқати намояндаси, футувват, яъни жавонмардликни пеша қилган валий ва буюк шоир, файласуф даражасига эришганлиги зикр қилинади.
Эзгулик ва жасоратга тўла ҳаёти давомида пўстиндўзлик, телпакдўзлик билан шуғулланган. У забардаст паҳлавон бўлиб 79 йиллик ҳаётида бирон марта кураги ерга тегмаганлиги ҳанузгача оғиздан оғизга кўчиб юради.
Фалсафий туйғуларга, мушоҳадаларга йўғрилган рубоийларида шоир дунё ва инсон, ҳаёт ва коинотнинг моҳияти тўғрисида фикр юритади. Эзгулик, ишқ, маърифат ва маънавиятни юксакликка кўтаради. Нодонлик ва жаҳолат, риёкорликни танқид остига олади. Шу боисдан асарлари орқали Шарқ адабиётида алоҳида ўрин эгаллаган Паҳлавон Маҳмудни шу даврда “Хоразм Хайёми”, “Мозандоран йўлбарси”, деб улуғлашгани бежиз эмас. У “Қитоли” –“жангчи” тахаллуси билан ғазаллар битган, “Канз ул-ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар хазинаси”, 1303-04) номли асар ёзган, лекин у ҳали топилмаган.
Вафотидан бир неча асрлар ўтсада, Паҳлавон Маҳмуд сиймосини бўлган эҳтиром кучайиб бораверди. Хайрли саъй-ҳаракатлари натижасида XVIII аср бошида Хива хони Шониёзхон мақбарани янгидан бунёд эттиради. Ўша даврдан сақланиб қолган эшикдаги ёзувлардан мақбара 1702 йилда қурилганлиги аёнлашади. Эшикка Қуръон ояти, ҳадис ва шеърий тарихлар битилган бўлиб, ислимий нақшлар билан безатилгани эътиборга молик. Ҳозирги мақбара Муҳаммад Раҳимхон (1806-1825) томонидан 1810 йилда Қўнғирот шаҳрига қилинган муваффақиятли юришдан сўнг қурила бошланади ва ўғли Оллақулихон (1825-1842) даврида ниҳоясига етказилади. У уч қисмдан иборат: хилхона, хонақо ва йўлак. Хонақони шимолий девори ёнида Муҳаммад Раҳимхон I қабри бор. Йўлакда эса Оллақулихон дафн этилган. Мақбара атрофи XIX аср охирига келиб Хива хонлари ва уларнинг яқинлари дафн жойига айлантирилади.
Маҳаллий усталарнинг қурилиш жараёнда нодир санъатларини, маҳоратларини ҳар томонлама намоён қилишгани диққатга сазовор. Сирланган кошинларнинг яхлит меъморчилик иншоотига моҳирлик билан бирлаштирилганлиги, жилвагар безаклар сағанани, ташқи гумбаз ва пештоқ қисмига ўзгача тароват бағишлаши бу ерга қадам ранжида қилганларда катта қизиқиш уйғотади. Қўли гул наққошлар катта хонақони (баландлиги 25 метр) тепасига ислимий нақшларга уйғун безаклар орасидаги китобаларга Паҳлавон Маҳмуднинг 22 та рубоийсини ва бошқа битикларни маҳорат билан жойлаштиришган. Хилхонага кираверишдаги эшик тепасига шоирнинг форс тилида битилган ушбу рубоийси зиёрат аҳлини ўзига мудом жалб қилади:
Уч юз Кўҳи Қофни келида туймоқ,
Дил қонидан бермоқ фалакка бўёқ.
Ёинки бир аср зиндонда ётмоқ,
Нодон суҳбатидан кўра яхшироқ.
Бу жойда бунёдкорлик ишлари кейинчалик ҳам давом эттирилди. Чунончи, 1910-1913 йилларда мақбаранинг ғарбий қисмида Хива хони Исфандиёрхон (1910-1918) онаси, ўзи ва ўғли учун қабрхона ва тўртта ҳужрадан иборат икки ошёнли қорихона қурдиради. Унинг қаршисида уста Қурбонниёз бошчилигидаги ҳунармандлар томонидан ўймакор устунли айвон барпо этилади. 1960 йилда уста Рўзмат Машарипов (“Рўзмат арбоб”) иштирокида катта гумбазнинг усти, қорихона ва айвон таъмирланиб, тарихий мажмуага қайта жон бағишланди.. Иншоотнинг айрим жойлари таъмирталаб бўлганлиги учун айвон устунлари, йўлаклар, қудуқ атрофи ва унинг тепасидаги кўркам ёғоч гумбаз, пештоқнинг баъзи тушиб кетган сирли кошинлари 2007 йилда қайта таъмирланди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда муқаддас қадамжоларнинг ободонлаштирилишига, зиёрат туризмини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаётганлиги мазкур масканда кенг кўламли ободонлаштириш-таъмирлаш ишларини амалга оширишга туртки беряпти.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички вазиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш борасида зиёратгоҳда қизғин саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди. Жорий йилда ушбу қадамжога ярим миллион нафарга яқин сайёҳлар (уларнинг салкам 250 минг нафари зиёратчилар)нинг ташрифи кутиляпти. Шу боисдан, тегишли режага кўра «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида устувор равишда зиёратгоҳ атрофида ҳалол туризм талабларига жавоб берадиган оилавий меҳмон уйларини ташкил қилиш учун 33 млн. сўмгача кредит маблағларини ажратиш белгиланмоқда. Юқоридаги талабларга мос келадиган овқатланиш шохобчаларини ташкил этиш, 2021 йилда тарғибот тадбирлари учун 50 млн. сўм маблағ ажратиш кўзда тутиляпти.
— “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” шиори остидаги саёҳатлар палласида бир гуруҳ дўстларимиз билан Паҳлавон Маҳмуд зиёратгоҳида бўлдик, -дейди андижонлик меҳнат фахрийси Расулжон ота Билолов.- Таассуротларимизни сўз билан ифодалаш қийин. Шундай табаррук аждодимиз борлигидан, унинг хотираси, даҳмаси авайлаб қадрланаётганидан қалбимиз ғурурга тўлди. Бундан ташқари Ичан-Қалъадаги Уч Авлиё ва Саййид Аловаддин сингари муқаддас зиёратгоҳларда бўлиб, маънавий озуқа олиш билан бирга Хива шаҳрининг қадимий обидалари тарихи билан ҳам яқиндан танишдик. Руҳиятимизда ажиб ўзгаришларни ҳис қилдик. Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан нафақа ва кекса ёшдаги фуқаролар учун бир қатор зиёратгоҳ ва маданий мерос объектларига чегирмалар, кириш бепул этиб белгиланганлиги таҳсинга лойиқ.
…Ойлар, йиллар бир-бирин қувалаб ўтаверади. Етти асрдан буён зиёрат аҳли талпиниб келаётган Паҳлавон Маҳмуд мақбараси қадим диёр узра азамати, улуғворлиги ва салобатини яна йиллар оша йўқотмаслиги шубҳасиз. Абадият масканида улуғ зот зиёратига ташриф буюрганларга: “Мен каби бир умр курагинг ерга тегмасин, халқим!” дея ғойибона пешвоз чиқаверади…
Ҳ. ТОҲИРОВ