АФРИКАДА ЭНГ ЗЎРИ

“Global finance” халқаро молиявий журнали таҳлилига кўра, “Standard Bank” 2021 йилда Африкадаги энг яхши банклардан бири сифатида эътироф этилди. Баҳолашда банкнинг ўтган йилдаги фаолияти, обрўси, бошқарув мукаммаллиги, рақамли трансформация ва корпоратив фуқаролик соҳасидаги ишларига эътибор қаратилди.
Мукофотлашда банкнинг 150 йилдан ортиқ фаолияти давомида ишлаб чиққан стратегияси, COVID-19 пандемияси давридаги кўрсаткичлари ва ўзи фаолият юритаётган бозорларда амалга оширилаётган асосий ташаббусларни чуқур тушунгани ҳам инобатга олинди. Бундай ташаббуслардан бири банкнинг “OneFarm” платформаси бўлди.
“OneFarm” фермер­лар­нинг ортиқча маҳсулотларини сертификатланган озиқ-овқат олув­чиларга мослаштириш учун рақамли агросавдо платформалари билан ҳамкорлик қилди. Бунда озиқ-овқат арзон нархда сотиб олинади ёки фермерлар томонидан хайрия қилинади. Кейин талабгор ташкилотларга берилади. Мазкур платформа аллақачон Жанубий Африкадаги 6 миллион аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлади. Бундан ташқари, Standard Bank ва Salesforce ўртасидаги ҳамкорлик иккала ташкилотга мижозлар учун махсус ечимларни биргаликда яратиш имконини берди.
“Ушбу мукофот ва эътироф мижозларимизнинг бизга бўлган ишончидан далолат беради ва биз 2022 йилни интиқлик билан кутар эканмиз, бутун Африка бўйлаб мижозларимиз учун кўпроқ ечимларни яратишга ва уларга ўз мақсадларига эришишга ёрдам беришга эътибор қаратамиз” дейди ижрочи директор Sim Tshabalala.
“Standard Bank” 1862 йилда Жанубий Африкада ташкил топган. Ҳозирда Африканинг 20 та мамлакатида ўзининг шуъба банклари ва Liberty суғурта компанияси ҳамда Melville Duglas активларни бошқариш компаниясига эга йирик ташкилотдир.
Мазкур йирик банк тармоғига 1 минг 124 та филиал ва 6 минг 774 та банкомат киради. Африканинг жанубий, ғарбий ва шарқий қисмидаги шуъба банкларидан ташқари, Пекин, Лондон, Нью-Йорк ва Сан-Паулуда ваколатхоналари мавжуд.
2020 йил охирида активлари 2,53 триллион Жанубий Африка рэандини (166 миллард доллар)ни ташкил этди. 2020 йилда олинган 124 миллиард даромаднинг 108 миллиарди банк фаолияти, 15 миллиард рэнди эса суғурта томонидан келтирилди.

НИГОРА тайёрлади.