АЁЛДАН АДОЛАТЛИ РАҲБАР ЧИҚАДИ

“Hamkorbank” АТБ хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида иш бошлаганимга кўп бўлгани йўқ. Унгача ҳокимият тизимида фаолият юритиб келганман. Бу ерга келиб, бошқа оламга тушиб қолгандек бўлдим. Ушбу банк тимсолида тизимлаштирилган, ўзига хос механизмга эга кичик бир мамлакатни кўрдим. Энг асосийси, унда фақат натижа эмас, балки, шу  механизмни юргизаётган ишчи-ходимларнинг инсоний қадр-қиммати ҳам юқори баҳоланар экан. Кўрсаткичларни ўстириш учун қанчалик мукаммал дастурлар ишлаб чиқилган бўлса, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси учун ҳам  шундай имкониятлар яратилган.

Мақсад — муносиб меҳнат муҳити

Банкимиз тизимида 1103 нафар хотин-қиз фаолият кўрсатмоқда. Аёлга бўлган эътибор ва унинг муаммолари устида  иш­лаш осон масала эмас. “Hamkorbank”  мана шу жиддий масалага чуқур ёндошган ҳолда катта бир масъулиятни ўз зиммасига олган. Аёлнинг муаммоси фақат ўзигагина тегишли эмас, балки, бутун жамиятга  дахл­дор. Шу боис бизда хотин-қизларни ўз ташвишлари билан ёлғиз қолдир­маслик, уларни ҳар томонлама қўл­лаб-қувватлаш ме­ха­низми тобора шаклланиб бор­моқда. Энг биринчи навбатда уларга зарур шарт-шароитлар яратиш мақсад қилинган.

Соғлик биринчи ўринда

Жойларга бориб, аёл ходимлардан муаммоларини  сўраганимизда улар­ни бўш вақтидан унумли фойдаланиш  масалалари кўпроқ қизиқ­тиришига гувоҳ бўляпмиз. Асосан соғлигини мустаҳкамловчи, кайфиятини кўтарувчи тадбирларни ташкиллаштириб беришимизни илтимос қиладилар. Ахир кун давомида бир жойда ишлаш осон эмас.  Масалан, Чуст УБХО ходимлари сузиш ҳавзасига бориш истагида эканликларини айтишди. Истаклари инобатга олинган ҳолда етти нафар аёл ходимга сузиш ҳафзаси учун икки ойлик бадал пули тўлиб берилди. Бундай таклифлар бошқа тармоқларда ҳам билдирилди. Бош офисда рақс тўгараги ташкил қилиниб, 20 нафар  хотин-қиз машғулотларда қатнашяпти. Андижон шаҳридаги 2 та фитнес залга 75 нафар аёлнинг уч ойлик бадал пулининг ярми касаба уюшма маблағлари ҳисобидан тўлаб берилди. Тошкент шаҳри ва вилоятидаги тармоқларда фаолият юритувчи 160 нафар аёл ходимлар театрга олиб борилди. Хотин-қизлар учун яратилган имкониятлардан яна бири — банк тизимида 5 йилдан ортиқ ишлаган аёл ходимлар чет элга саёҳат қилмоқчи бўлса, тур пакет тўловининг 75 фоизи банк ва касаба уюшмалари томонидан тўланади.

Пул эмас шароит муҳим

Хотин-қизлар билан ўтказилаётган турли мулоқотлардан сўнг англадикки, аёл кишига маош­дан кўра, биринчи навбатда  муҳит муҳим. Ишхонада моддийлик етарли бўлгани билан аёлни қизиқтирувчи, унга мотивация бағишловчи воситалар бўлмаса, руҳан толиқиб қолиши мумкин. Бир-бири билан аҳил-иноқ, опа-сингил, дўст-дугона бўлиб, меҳнат қилаётган хотин-қизларни кўриб, банкда улар учун ижобий муҳит мавжудлигини ҳис қиласиз. Барча тармоқларда аёлларнинг алоҳида ҳимоя қилинаётгани, уларнинг она, оила бекаси эканлигини инобатга олиб, имтиёзлар яратиб берилаётгани қувонарли. Айтилаётган таклиф ва масалаларни имкон қадар бажариш ҳаракатидамиз.

Аёл раҳбар бўлган жамоада

Ҳозирда “Hamkor­bank”­да 2 нафар бошқарув раисининг маслаҳатчиси, 1 нафар бошқарувчи, 56 нафар бўлим мудирлари лавозимида аёллар ишламоқда. Аёл ходимлар қадрланиб, қўллаб-қувватлансагина жамият ривожланишга юз тутади, деган қарашлар ҳукмрон. Аёл раҳбарлик қилган жойда адолат бўлади. Аёллар бошқаларнинг муаммоларини ўзиникидан устун қўйиб, барчага ўз фарзандидек қарай олади. Қолаверса, улар масъулиятли ва тиришқоқ бўлишади. Бундай хислатлар, шубҳасиз, жамоанинг гуллаб-яшнашида катта роль ўйнайди. Шу нуқтаи назарга асосланган ҳолда 2026 йилдан бошлаб раҳбарлик вазифаларида аёлларнинг сонини кўпайтириш, уларни бошқарувчи, ҳатто департамент директори лавозимигача тайинлаш режалаштирилмоқда.

Лидерларни етиштириш йўлида

“Hamkorbank”да лидер аёллар мактабини ташкил этиш борасида алоҳида лойиҳа  ишлаб чиқилиб, уни амалга ошириш устида жиддий иш олиб борилмоқда. Тизимда фаолият юритаётган ҳар томонлама фаол, зукко аёлларни ушбу мактабга жалб этмоқчимиз. Бу ҳаракат етакчи ҳамда раҳбар аёлларнинг заҳираси шаклланишига хизмат қилади. Лидер аёллар  бутун бошли жамоаларни ўз ортидан эргаштира олади. Банкимизда бундай салоҳиятга эга аёллар кўп. Уларнинг иқтидорини юзага чиқаришга  ҳаракат қиламиз.

Моҳинур ҚОСИМОВА,

“Hamkorbank” АТБ хотин-қизлар

қўмитаси раиси