БАНКЛАРГА НЕГА ИШОНЧ ЙЎҚ?
Банклар мамлакатнинг иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин эгаллайди. Лекин айрим ҳолларда баъзи соҳа мутасаддиларининг бугунги ислоҳотлар моҳиятини тўлиқ тушуниб етмаётгани ачинарли. Чунки банк муассасаларида содир этилаётган коррупцион ҳолатлар, таъмагирликлар жамиятимизнинг оғриқли нуқтасидир. Айниқса, кредит ажратишда суиистъемолчилик, таъмагирлик ва маблағларни талон-торож қилиш одат тусига айланиб қолган, десак янглишмаймиз. Шу боис одамларда баъзан банклар фаолиятига нисбатан ишончсизлик бор. Ҳатто қўлидаги маблағини банк омонатида эмас, уйида сақлашни афзал билувчилар талайгина.
Бош прокуратура маълумотига кўра, сўнгги икки йил давомида банкларнинг 166 нафар мансабдор шахслари коррупция ва мансабдорликка оид жиноятлари бўйича жавобгарликка тортилди. Жорий йилнинг ўтган даврида уларнинг 30 та жинояти фош этилди. Бундан ташқари, ўз бизнесини йўлга қўйиш мақсадида банкларга мурожаат қилган 669 нафар фуқаронинг аризасидан фойдаланиб, улар номига билдирмасдан жами 29,6 млрд. сўмлик имтиёзли кредитларни ноқонуний ажратиб, талон-тарож қилган. Биргина Самарқанд вилоятидаги «Миллий банк» ходими банк омонатчиларининг ҳисоб-рақамидан 90 та ҳолатда 7,7 млрд. сўм, 607 минг АҚШ доллари ва 1 461 евро миқдордаги омонат пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилган.
Муаммо нимада? Биз биринчи навбатда кадрларни эмас, балки, мансабдор шахсларнинг амалидан фойдаланувчиларни «тарбиялашимиз» керак. Зеро ҳар бир давлат хизматчиси қонун талабларини, касб одобномаси, ички тартиб қоидаларни яхши билади ва билиши шарт. Ҳар қандай мансабдор шахс коррупциявий ҳолат, яъни қонун-қоидаларга зид илтимослар, кимгадир ён босиш, қайсидир масалани тезроқ ҳал қилиш, пул ёки бошқача манфаат кўриш таклифи ҳақида юқори турувчи раҳбариятни ёки ваколатли давлат органини хабардор қилиши шартлиги «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги Қонуннинг 26-моддасида кўрсатилган.Лекин қонуннинг мазкур нормаси амалда тўлақонли ишлаяптими? Амалиёт коррупцияни келтириб чиқарувчи мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, уруғ-аймоқчилик ва таниш-билишчилик каби омилларни бартараф этиш учун ностандарт ёндашувлардан фойдаланишни тақозо этмоқда.
Нима қилиш керак? Қачонки тўғри иш ташкил этилиб, хизматлар жойида амалга оширилсагина, одамлар ишончини оқлаш мумкин. Балки, ташкил этилаётган хусусий банклар орқали рақобат вужудга келиб, юқоридаги муаммоларга барҳам берилар. Банклар мижозларни жалб этиш ва мижозлар устида талашсагина, нимадир ўзгариши мумкин. Бизда эса ҳозирча бундай рақобат кўринганича йўқ.
Нилуфар ЮНУСОВА,
Тошкент.