БАНКНИНГ МАҲОРАТЛИ ОШПАЗИ


Шаҳрихонлик маҳоратли ошпаз Маъруфжон Бобожонов тўй-маърака ва бошқа маросимларда элнинг хизматига бел боғлаб юрарди. Кунларнинг бирида Шаҳрихон УБХОда ишлайдиган таниши банкка уч кунга ошпаз зарур бўлиб қолганини айтди. Қаҳрамонимиз унинг илтимосини рад қилмай, айтилган манзилга борди. Келишилган муддат тугагач, “майли, яхши қолинглар”, деб кетишга чоғланди. Лекин банк бошқарувчиси Зиёдулло Усмонов “Ишни давом эттиринг” дея олиб қолди. Маъруфжон ака шу тариқа Шаҳрихон УБХОнинг бош ошпазига айланди.


— Банкдаги олти йиллик фаолиятим давомида овқат масаласида бирон марта эътироз эшитмадим. Тузи шўр, яхши пишмай қолган ёки бошқа ҳолатларни эслай олмайман. Ходимлар доим раҳмат айтиб келади. Ҳатто чет эллик меҳмонларга ҳам таомларим ёққан, — дейди Маъруфжон ака.
Шаҳрихон УБХОда 80 нафарга яқин ходим фаолият олиб боради. Улар ҳар куни мижозларга қўли-қўлига тегмай хизмат кўрсатгач, тушликда ошхонага кириб, бир оз тин олади. Мазали таомлар танасига қувват бағишлагач, яйраб, ошпазга раҳмат айтиб, яна ишга шўнғийди.
Маъруфжон Бобожонов 50 йилдан буён ошпазлик билан шуғулланади. Бу касбнинг ортидан Россия, Қозоғистон каби чет давлатларда ҳам ишлаб келган. Уй-жой, тўю-томошалар қилган. Қўли ширин, тажрибаси катта бўлгани учун таомлари тотли чиқади. Маҳоратли ошпаз бунинг сирини устозлар дуоси ва меҳр билан ишга киришишда деб ҳисоблайди.
Банк муассасаси тушлик дастурхонини Маъруфжон акага бутунлай ишониб топширган. У бу ишончни оқлаш учун эрта тонгдан бозорга йўл олади. Керакли масаллиқларни харид қилгач, офис ошхонасига келиб, тайёргарликни бошлайди. Қозонга ўт қалаб, ёғ қуйганда доим таом мазали чиқиши учун дуога қўл очади. Ёши етмишга қараб кетаётганига қарамай чаққон ҳаракатлар билан масаллиқларни бир зумда тўғраб қўяди. Унинг айтишича, энг севиб тайёрлайдиган таоми — ош. Фаолияти давомида дошқозонда бир пайтнинг ўзида 60 килогача гуруч дамлаган.
Касбга бўлган муҳаббат, тажриба, барибир, ўз сўзини айтади.
— Мендан ошпазлик сирини ўрганган шогирдларим талайгина. Очиғини айтиш керак, тўйлардан яхшигина даромад қиламан. Лекин мен даромадни эмас, банкдаги фаолиятни танладим. Жамоадагилар фарзандларимдек қадрдон бўлиб қолган. Уларни яхши кўрганим учун бошқа жойга кетишни тасаввур қила олмайман, — дейди тажрибали ошпаз.

Нигора ТЎХТАМАТОВА