БАНК ФАОЛИЯТИДА ЮРИДИК ХИЗМАТ
“Hamkorbank” ATБ тизимидаги банк тармоқларида фаолият олиб бораётган юридик хизмати ходимлари учун “Банк фаолиятида юридик хизматнинг ўрни ва унинг олдига қўйилган устувор вазифалар” мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда соҳа ходимларининг 2023 йилдаги фаолияти таҳлил қилинди, 2024 йилда амалга оширилиши керак бўлган ишлар режалаштирилди.

Шунингдек, муаммоли активларни судга қадарли ва суд жараёнида қондириш ишларини ташкил этиш, кредит лойиҳаларини юридик экспертизадан ўтказиш, шартномаларни тузиш ва бажарилишини назорат қилиш, ички меъёрий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиблари бўйича маълумотар берилди.
Бош банк юридик хизмати кримоген вазият оғир филиаллар билан индивидуал тартибда иш ташкил қилиш, профилактикани жонлантириш, юридик экспертиза ишларини сифат жиҳатидан яхшилаш, юридик таваккалчилик хатоларини минималлаштириш ҳамда ҳуқуқий семинарлар сони ва сифатини орттириб, ҳар бир ходимнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга йўл қўймаслик кераклиги айтилди. Даъво ишларини ўз вақтида юритиш, процессуал қонунчиликка риоя қилиниши бўйича назоратни ошириш, жойларда ҳуқуқий йўналишдаги ишларнинг тўғри йўлга қўйилишига яқиндан ёрдам бериш ва бу борада тизимли назорат ўрнатиш лозим.
Таҳлилий, танқидий руҳда ўтказилган тадбирда ютуқлар ва камчиликлар, мавзуга оид қонунчиликдаги янгиликларга алоҳида эътибор қаратилди. Янгидан қабул қилинган банк ички меъёрий ҳужжатларига киритилган ўзгариш ва қўшимчалар борасида фикрлар билдирилди.
“Hamkorbank” ATБ юридик хизмати масъул ходимлари томонидан турли мавзуларда маърузалар қилинди. Йиғилиш кенг муҳокама шаклида олиб борилди. Тадбир якунида бир гуруҳ фаол ходимлар рағбатлантирилдилар.
Ўз мухбиримиз