БАНК ХОДИМИ ЯХШИ МАРКЕТОЛОГ БЎЛИШИ КЕРАК
“Hamkobank” катта жамоа. Унинг бир бўғини — Самарқанд минтақавий банк хизматлари офиси. 2006 йилда ташкил топган ушбу молия ташкилоти самарқандликларга кўмакчи. Банкда дастлаб 14 нафар ходим фаолият юритган. Ҳозирда уларнинг сони 126 нафарга етди.
Мижозлар сони кун сайин ортиб боряпти. Бу билимли, ташаббускор, зукко ва янгиликларни тез илғай оладиган, изланувчан ходимларга бўлган талабни қўймоқда. Банк бошқаруви Умид Низамов зиммасида. Унда нафақат раҳбарлик, балки, мутахассисларни ишга қабул қилиш масъулияти ҳам мавжуд. Ёшларга нисбатан жуда синчков. Иқтидорлиларни қадрлайди.
Ўтган 2024 йилда 6 нафар иш ўрганувчи келди. Уларнинг иқтисодий билими бўлса-да, ҳаётий ва банк иши билан боғлиқ тажрибаси йўқ эди. Жамоамизда узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган салоҳиятли устозлар Лола Султонова ҳамда Фирдавс Исаевларга бириктирилди. Бири 2 ёки 3 ойда, бошқаси 4 ойда киришиб кетди. Ва масъуллар томонидан суҳбатдан ўтказилди, иқтидорига қараб йўналтирилди. Жорий йилнинг бошида яна 2 нафар иш ўрганувчи, 2 нафар маслаҳат марказига мутахассис олинди.
Мураббийлик осон эмас. Аввало, ўзи билим бериш, ўргатиш, интизом борасида ибрат бўла олиши керак. Шундай фазилатларга эга инсон Фирдавс Исаевдир. У 2016 йилда ишга келган, Фирдавс юқоридаги таърифлар эгаси деб бемалол айта оламиз. Ўзига бириктирилган ёшларга нисбатан талабчан, доимий назорат қилиб боради. Жамоада Фирдавсга нисбатан “ҳар қандай шогирдни, албатта, соҳа мутахассиси қилиб тарбиялай олади”, дея таъриф беришади. Бежизга эмас. Сабрли, ҳам психолог, ҳар бир вазифани сидқидилдан бажартира олишни уддасидан чиқадиган устоз. Ўз услублари борки, такрорланмас. Лола Султонова 2018 йилдан бери ишлайди. Аёл киши бўлса-да талабчан. У “аввало, банкка билими бор, ўзига ишонган ёшлар келади. Бизнинг вазифамиз уларга тўғри ва аниқ йўлни кўрсатиш” деб фикр юритади ва устозликка астойдил киришади. Танлов, барибир, ёшлар измида. Дарҳақиқат, шу кунга қадар ўзини банк соҳасида кўрган йигит-қиз устозларнинг этагидан тутиб, кам бўлмади.
Устозларда қандайдир сеҳр бор. Унинг номи касбига бўлган иштиёқ, меҳрдир. Айни пайтда иш ўрганаётган ёшлар ҳам изланувчан, уларни келгусида малакали мутахассис бўлишлари йўлида жамоанинг ҳар бир ходими ўз ёрдами ва маслаҳатини аямайди.
Бугунги кучли рақобат муҳитида “Hamkobank” нафақат Ўзбекистонда, балки, дунё банклари орасида ҳам ўз ўрнига эга бўла олган молия муассасаси деб бемалол айта оламан. Шундай экан, фақат янги ишга келганлар эмас, фаолият юритаётган барча ҳамкасбларим зийрак, зукко, билимли ва яхши маркетолог бўлиши керак.
Наргиза АҲМЕДОВА,
ходимлар билан ишлаш етакчи менежери

