Батталов яратган мактаб

“Hamkorbank” АТБ Бухоро минтақавий банк хизматлари офисининг кўп йиллик мижозлари тўғрисида гап борганда Аухат Батталов номи биринчилар қаторида тилга олинади. Бежизга эмас. Бутун умрини қишлоқ хўжалиги ривожига бағишлаган бу инсон “Hamkorbank”ни ишончли молиявий кўмакчи сифатида танлади ва бирга ишлади. Унинг раҳбарлигида 2002 йилда ташкил этилган “Бухоро пахтачилиги” масъулия­ти чекланган жамиятининг ривожи бевосита шу банк билан боғланди.

“Банк ва мижоз” лойиҳаси доирасида мазкур МЧЖ фаолияти билан қизиқдик. Қишлоқ хўжалигида илмий тадқиқот ишлари олиб бориш, пахтанинг янги навларини яратиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхона фаолиятининг асосини ташкил этди. Таниқли селекционер олим Аухат Батталов бу борада узоқни кўзлаб иш бошлади. Соҳа ривожини истиқболли навларда деб билди ва йиллар давомида изланишдан тўхтамади.


А.Батталовнинг қишлоқ хўжалиги соҳасига кириб келиши тасодиф эмас. Ёшлигидан табиатга ошно бўлиб, деҳқончиликни севиб улғайди. 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаб, олим-агроном мутахассислигини эгалласада, бу билан чекланиб қолмай яна билимларини оширишга қарор қилди. Селекция ва уруғчилик илмий-тадқиқот институтида аспирантура таҳслини давом эттирди. Бўш вақти бўлди дегунча тажриба майдонига йўл олди. Билимларини амалиёт билан боғлаб, янги навлар устида изланди. Ҳам сифатли, ҳам ҳосилдор ғўза навлар яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.
1964 йил. Амалиёт сари ишонч билан дадил қадам қўйди. Ўзбекистон пахтачилик илмий — тадқиқот институтининг Бухоро филиалида (собиқ Бухоро пахтачилик тажриба станцияси) илмий ходим сифатида фаолиятини бошлади. Амалда қўлланилаётган ҳар бир навга эътибор билан қаради. Иқлимга мослиги, толасининг сифати, ҳосилдорлиги, қўйингки, ҳар бир жиҳатини ўрганиб борди. Ёш олимда янги навлар яратиш ғояси туғилди.
Изланувчан мутахассис дастлаб давлатимиз томонидан белгиланган мавзу режаси бўйича III–типга мансуб ингичка толали ғўза навларини яратиш борасида тадқиқот олиб борди. “Бухоро-1” ҳамда “Бухоро-2” навларини яратди. Унинг муаллифлигидаги бу навлар 1975 йилда республикамиздаги мавжуд барча нав синов участкаларида экилди. Икки йиллик синов натижалари — андоза навга нисбатан 2-8 центнер юқори сифатли қўшимча ҳосил олинди ва кўсагининг оғирлиги, толасининг узунлиги, касалликларга чидамли ғўза нави сифатида тасдиқланди.


А. Батталов яна янги навлар устида ишлашга киришди. Сунъий мутагенез, турлараро дурагайлаш усулини қўллаш орқали ўрта толали IV-типга мансуб, табиий равишда ҳосилнинг пишиб етилиши арафасида баргларининг тўкилиши ва андоза (Тошкент-1) навга нисбатан устунлиги билан ажралиб турувчи “Бухоро-4” ва “Бухоро-5” навларини яратди.
Тажрибали селекционер олим яратган “Бухоро-6” навини нафақат Ўзбекистонда, бошқа давлатларда ҳам яхши биладилар. Бу нав серҳосиллиги, юқори сифатли, экстремал шароитларга нисбатан чидамли ва жаҳон бозорида харидоргирлиги билан ажралиб туради. Шу боис 1983 йилда ҳали иқлимлаштирилган бўлмасада, Бухоро вилояти деҳқонларининг талаб ва истакларига биноан ишлаб чиқариш шароитида 150 гектар майдонда экилди. 1990 йилга келиб бошқа вилоятларда ҳам кенг майдонларга экиш бошланди.
Таъкидлаш жоизки, “Бухоро-6” жаҳон бозори андозаси талабларига тўла жавоб берганлиги туфайли, ҳозирги кунга қадар Ливерпуль биржасида “ЭТАЛОН” сифатида алоҳида ўрин эгаллаган. 2005 йилдан буён ҳар йили Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган бутунжаҳон пахта сотиш ярмаркасида 5 баллик рейтингнинг чўққисида бўлиб келмоқда.
Одатда, селекция қонунига мувофиқ, бизнинг шароитимизда “Бухоро-6” андоза навидан селекциячилар ишлаб чиқаётган янги ғўза навлари барча кўрсаткичлари жиҳатидан устун турсагина, улар нав бўла олади. Муаллиф томонидан кашф этилган мазкур нав чигитининг мағзи тўйимли ва шифобахшлилиги билан бутун дунёда экилиб келинаётган техник ғўза навларидан ўзининг экологик соф, тоза маҳсулот (госсиполсизлиги билан) беришлиги билан ҳам ажралиб туради.
Шу ўринда айтиш жоизки, А. Батталов томонидан кашф этилган ғўза навлари республикамизнинг барча нав синаш участкаларида бир йил синалиши билан ўзининг қимматли (хўжалик, сифат ва технологик), андоза ва янги синалаётган навларга нисбатан ижобий кўрсаткичлари билан фарқланади. Бундай ҳолатлар етук селекция­чи олимнинг ноёб нав устида мукаммал ишлаши, билимлилиги, мақсад ва йўналишни тўғри олиб, иш юритганидан далолатдир.
— Бутун ҳаётини селекция илмига бағишлаган инсон эди, — дейди олимнинг турмуш ўртоғи Раъно Рўзиева. — Хордиқни ҳам далада, янги навлар устида ишлаш­да деб билардилар. Аксарият суҳбатларимиз ишга боғланар, фарзандларимизни илмини давом эттиришга чақирарди. Одамийликда ҳам ибрат мактабини яратганлар. Шогирдлари ва ҳамкасблари у инсон тўғрисида гапирганда ғурурланаман. Ҳаётда ўзидан яхши ном қолдириш деганлари шу бўлса керак.
“Эл-юрт ҳурмати” ордени, “Меҳнат фахрийси” ва “Бухоро шаҳрининг фахрий фуқароси” медаллари соҳиби, ”Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими”, Беруний номидаги давлат мукофоти лауреати Аухат Батталов бугун орамизда йўқ. Аммо унинг яратган мактаби мавжуд. Шогирдлари унинг изидан бориб, истиқболли навлар яратиш устида ишламоқда.

Акбаржон Назаров,
Андижон-Бухоро-Андижон.