БАХТИМ — ҲАЛОВАТДА ЯШАЁТГАНЛИГИМ
Инсон ватанни танламайди. Қайси гўшада, қандай маконда туғилиш унинг тақдирига ёзилади. Шукрлар бўлсинким, пешонамга Ўзбекистондек жаннатмонанд юртда туғилиш битилди. Ватаним мен учун фахр. Унга бўлган муҳаббатимни оиламдаги, ишимдаги, атрофимдаги хотиржамликда, ҳаётимдаги ҳаловатда ҳис қиламан.
Яқинда 33 ёшга тўламан. Мустақиллик билан баравар улғайганим баъзида бахтдек туюлади менга. Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида туғилганман. 2010 йил Тошкент Молия институти талабаси бўлдим. Олийгоҳни битириш арафасида мамлакатимизда таълим тизимида яратилган қулайликлар, ёшларга кенг имконият эшикларининг очилганлиги туфайли менда ҳам келажак йўлимни танлаш шароити пайдо бўлди. “Hamkorbank” ходимлари келиб танлов ўтказди ва мана шу танловда иштирок этиб, суҳбат ва имтиҳонлардан аъло даражада ўтдим. Ўшанда бошқа нуфузли ташкилотлардан ҳам вакиллар келган. Аммо мен айнан мана шу банкни танладим. Сабаби кўпчиликдан “Hamkorbank” ҳақида ижобий фикрларни эшитганман. Шароитлари бекаму кўст, маошлари юқори деб таърифлашган. Табиийки, бундай иш жойи биз ёшларни қизиқтирган.
Ишни бошлаганимда танловда адашмаганим, айтилган таърифлар рост эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини тўғри мақсадга йўналтириш, янада ривожланишига кўмаклашиш тамойили бор эди. Самарқанд МБХОда 2014 йилда иш бошлаб, олти йил кредит йўналишида фаолият юритдим. Тажрибали устозлардан соҳамнинг пасту баландини ўргандим.
2020 йилда Бош офиснинг корпоратив ва чакана андеррайтинг бўлимига таклиф қилиндим. Баъзилар “Бош офисга ўтишингизга нима сабаб бўлди,” деб сўрайди. Албатта, кадрлар танловини Бош банк ҳал қилади. Менимча, кўрсаткичларим роль ўйнаган. Фақат кредит йўналишида фаолият юритганим учун ажратилган кредитларимнинг сифати ва миқдори ҳисобга олинган.
Тўғри, ҳозирги ишимнинг аввалгисидан фарқи бор. Банкда асосан мижозлар билан мулоқот қилардим. Бу жараён ҳам қизиқ, ҳам қийин. Ҳар хил кайфиятдаги, турфа характерли инсонлар келади олдингизга.
Мутахассислар билан иш олиб бориш ҳар ҳолда осонроқ. Бир-биримизни тез тушунамиз. Бўлим мутахассиси сифатида ҳар куни 3-4 та бизнес лойиҳалар билан танишаман. Чуқур таҳлилий ёндошувдан сўнг хулоса берамиз. Кимгадир ён босиш бўлмайди. Ҳар битта лойиҳа банкимиздаги мавжуд меъёрий ҳужжатларга, талаб ва қоидаларга мос келиши керак. Касб касаллиги шекилли, кўча-кўйда биронта ошхона, дўконми кўриб қолсам, дарҳол у ерда неча киши ишлаши, қанча даромад қилиши-ю, қанча маош олишини хаёлан ҳисоб-китоб қилиб чиқаман.
Бугун Мустақил Ўзбекистоннинг эркин, ҳур фуқаросиман. Фарзанд, оила деб аталган тотли неъматдан баҳрамандман. Дўстларим, таниш-билишларимнинг сафи кенгайиб боряпти. Устозлардан ўрганганларимни шогирдларга ўргатяпман. Истиқлол билан тенг улғаётганим боис ватанимнинг эришаётган ҳар бир ютуғи, юксалаётган марралари менинг ҳаётимда ҳам ўз инъикосини топмоқда.
Жаҳонгир ТОШМУРОДОВ,
“Hamkorbank” АТБ Бош офис корпоратив ва чакана андеррайтинг бўлими бош мутахассиси.

