БАХТ ВА МЕҲНАТ — ЭГИЗАК
Бахт-меҳнат гўё эгизак. Ҳар бир соҳанинг ўзига хос яратувчилик завқи, гашти, масъулияти бўлганидек, банк тизимининг ҳам ўзига яраша машаққати бор. Мазкур соҳада фаолият юритаётганлар орасида қарийб 22 йилдан ортиқ меҳнат қилган иқтисодчи, банк ходимларидан бири Дилрабо Мамировадир.
Д. Мамирова 1975 йилда Навоий вилоятининг Кармана туманида — зиёлилар оиласида таваллуд топган. Отаси Нормуҳаммад ака муҳандис, онаси Ҳикоятхон опа ўқитувчи. У болалигидан илмга чанқоқ, тиришқоқ бўлиб улғайди, фанлар шоҳи-математикани севди. Навоий давлат педагогика институти ва Тошкент Молия институтини тамомлади.
— Меҳр билан ўқилган китоб садоқатли дўст кабидир. Умрида лоақал биттагина фойдали китоб ўқиган киши бирорта китоб ўқимаган кимсадан юз карра устундир, дея бежиз айтишмаган. Ота-онам мутолаа завқини берган, китобга меҳримизни тоблаб ўстиришган. Банкда ишлаш болаликдаги орзуйим. 2009 йилда “Hamkorbank”нинг Навоий филиалига бош ҳисобчи лавозимига ишга қабул қилиндим, — дея сўзлай бошлаган суҳбатдошимнинг кўзларида нур, қалбида фахрни сездим.
— Банкимизда “Устоз-шогирд” мактаби яратилган. Ҳамма бир-биридан ўрганади, ўргатади ва молиявий кўмак беради. Тез-тез аудит ҳисоблари таҳлил қилинади. Бундай тадбирлар яхши самара бериши тайин. Ҳар йили банк ходимларини рағбатлантириш мақсадида турли мусобақалар, тадбирлар уюштирилади. “Энг яхши бош ҳисобчи” номинацияси бўйича икки бора ғолиб бўлганим — энг қувончли кунларимга айланган.
Яқинда “Hamkorbank” марказий кенгаши томонидан ташкил этилган гуруҳ Миср давлатида саёҳатда бўлди. Кўп йиллик меҳнатимни эътиборга олиб, қадрлаб, мени ҳам саёҳатчилар сафига қўшишганидан руҳландим. Кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшилди. Танлаган касбим орқали қадр топганимдан қувондим.
Инсон танлаган касбини севсагина сидқидилдан меҳнат қилади. Зеро интилиш, изланиш, сабр-бардош юксак мақсадлар чўққисига олиб чиқади. Айни дамда “Hamkorbank”нинг Тошкент филиалида ёшларга чин маънода устозлик қилиб келаётган Дилрабо Мамированинг келгусидаги режалари бисёр.
Холида ҚОБУЛОВА.