БЕШ ЙИГИТДАН БЕШ ИШЛАР
“Бешовлон ола бўлса, оғзидагин олдирар, бешовлон бирга бўлса, битмаганин битирар”, дейилади халқ мақолида. Бу пурмаъно матал Асака УБХОга қарашли “Баркамол” банк хизматлари офиси ходимларига ҳар томонлама мос келади. Офиснинг беш нафар забардаст йигитлари бирлашиб, жамоа кўрсаткичларида йирик рақамларни юзага келтирмоқда.
Офисга кириб борганимизда вақт тушдан ўтган бўлсада, мижозлар сони кўпчиликни ташкил этар, улар шинам ва ёруғ залда хотиржамлик билан ўз навбатларини кутиб ўтирарди. Ходимларнинг қўли қўлига тегмайди.
Тўрт йигитнинг сардори — Аҳрорбек Ғофуров бўлиб, жамоа бошқаруви тўрт йилдан буён унинг зиммасида. Масъулиятли раҳбар эканлиги ва кун давомида катта кўламдаги ишларни бажаришини биринчи кузатишдаёқ пайқадик. Олдидаги компьютер ва қоғозлар тахламидан кўз узмай нималарнидир ёзиб ўтирган бўлсада, офисдаги ҳеч қайси ҳолатни кўздан қочирмади.
Ўша куни истеъмол кредити менежери Ҳамидулла Абдулқодировнинг меҳнат таътилида бўлишига қарамай, жамоадошларига ёрдамга келганига гувоҳ бўлдик. У офисдаги энг тажрибали ходим, деярли жамоанинг устози ҳисобланаркан.
Универсал менежер Достонбек Неъматов бир ўзи кунига 100дан ортиқ мижозга хизмат кўрсатишини айтишди. Лекин бу унга қийинчилик туғдирмайди. Чунки тиғиз иш жараёни ва мижозлар оқимига мослашиб қолган.
Кассада Акромжон Мамажонов ва Давронбек Абдуллажоновлар кун бўйи валюта бериш, алмаштириш, пластик картадан нақд пул ечиш ҳамда нақд пулларни қабул қилиш билан банд. Келаётган пулларни тезкорлик билан кассага кирим қилишда уларнинг олдига тушадигани йўқ. Тез ишламаса, юқори иш ҳажмига улгуролмайди. Йигитлар ёш бўлсада, мижозларнинг психологиясини яхши ўрганган.
“Нега беш кишилик офисда икки нафар кассир?”, деб сўрасангиз, БХО катта миқдорда нақд пул қабул қилади. Айни пайтда бу миқдор кунига ўртача 1,5 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Масалан, “Piar Diller” МЧЖ бир кунда ўртача 200 миллион сўм, “Дарвоза савдо” МЧЖ эса 100 миллион сўм нақд пулни ҳисоб-рақамига кирим қилади. “Сардор Фарм”дан бир ҳафтада 500 миллион сўм қабул қилинади. Бошқа мижозларнинг ҳам кунлик савдо айланмаси оз эмас. Бу ҳолат БХОнинг нақд пулга бўлган эҳтиёжини бутунлай қоплайди. Қолаверса, банкоматларни пул билан таъминлаш ва пластик карталардаги маблағларни нақдлаштиришда муаммо туғдирмайди. “Баркамол”ни Бош банкдан нақд пул масаласида ёрдам сўрамайдиган ягона БХО деб айтиш мумкин.
Мазкур БХО фақат касса эмас, бошқа амалиётлардаги натижалар билан ҳам мақтана олади. Бир кунда ўртача 200 нафар мижоз банкнинг турли амалиётларидан фойдаланади. Асосий хизматлар бошқа банклар каби пул ўтказмаларида амалга оширилади. Бир ойда банкоматнинг ўзидан 60 миллион сўм фойда кўрилади.
БХО 10 ойлик фойда режасини 141 фоизга бажарди. Самарадорликнинг сабабини сўрасак, Аҳрорбек “Мижозларимизнинг сердаромадлиги ва бизнинг уларга яратиб бераётган шароитларимиз” дея жавоб берди. Унинг айтишича, кўрсаткичларнинг ўсишига ҳисса қўшаётган йирик мижозлар алоҳида эътиборда. Уларга имкон қадар навбатсиз хизмат кўрсатилади. Ҳар қандай мижоз иши тез битишини хоҳлашини ҳисобга олсак, бу каби муносабат банкка бўлган ҳурмат ва ишончни оширади.
Н. ОЛИМова

