БИЗ ДОИМ ИЗЛАНИШДАМИЗ

Жамолиддин Абдуҳакимов,
Олмалиқ филиали бошқарувчиси

Кейинги йилларда республикамизда амалга оширилаётган иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар зиммамиздаги масъулиятни янада оширмоқда. Молия бозорида талаб ва таклифнинг ўсиб бориши, банклар ўртасидаги соғлом рақобат ҳар биримизни изланиш ва яна изланишга ундайди.
Шу маънода айтиш мумкинки, 2002 йилда ўз фаолиятини бошлаган филиалимиз бу борада дадил одимлаб бормоқда. Бош банкнинг эътибори ва бизни қўллаб-қувватлаши ҳудудда ўз ўрнимизни топишимиз ҳамда мижозлар сонининг жуда тез ўсишига олиб келди. “Hamkorbank” хақида билганлар сира иккиланмай филиалимизга кириб келиб, сафимизга қўшилди, аксарияти узоқ муддатли ҳамкорлик таклифини билдирди.
Албатта, янги филиал учун ўз мижозларини топиш осон бўлмайди. Шундан келиб чиқиб хонада мижозни кутиб ўтирмай ташқарига юзландик. Жойларда мунтазам тарғибот ишларини олиб бордик. Бошқа банкларга нисбатан ўз устунлигимизни кўрсатиш ва муаммосиз молиявий кўмагимиз билан ижобий натижаларга эришдик.
Олмалиқ шаҳрида 7 та бошқа банк муассасалари ҳам фаолият юритаётгани ўзига хос йўл тутиш қанчалик зарурлигини кўрсатади. Шундан келиб чиқиб тезкорлик, замонавийлик ва мижоз билан ишлашда юқори муомала маданиятини фаолиятимизда асосий шарт сифатида белгилаб олганмиз. Маҳсулотларимиз хақида ҳар бир ҳамкоримизга тушунча берамиз. Албатта бу ўз натижасини бермоқда. Мижозларимиз сони йил сайин ўсиб бораётгани “банк ва мижоз” муносабатлари мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Биринчи мижозларимиз орасида кетма-кет кредит олиб, йиллар давомида ҳамкорликда ишлаётган субъектлар кўплаб топилади. Жумладан, “Ампула плюс” МЧЖга 15 марта, “Олмалиқ савдогар” МЧЖга 14 марта, якка тартибдаги тадбиркор Абдурасул Алиқуловга 18 марта молиявий кўмак берилди, истиқболли лойиҳалари қўллаб-қувватланди. Натижада улар ўз фаолиятини кенгайтириб, халқимизга самарали хизмат кўрсатмоқда.
Ҳар қандай ташкилотнинг ривожланиши, қўлга киритадиган ютуқлари кадрларга боғлиқ. Биз бу масалада ҳамма вақт талабчанмиз. Бош банкнинг кўрсатмалари асосида ходимларнинг малакасини ошириш, ўқитиш, мазмунли дам олишларини ташкил этиш доим эътиборда. Кўп йиллардан буён шу жойда ишлаб, бугун устоз даражасига етган Низомиддин Фозилматов, Феруза Исматова, Отабек Саниев ва Барно Худойбердиевалар хақида қанча гапирсак арзийди. Банкимизни янада ривожлантириш ва шуҳратини ошириш йўлида улар янги ташаббуслар билан чиқмоқда.


Филиалимизда “Устоз-шогирд” мактаби яратил­гани ҳам ўз самарасини бермоқда. Янги ишга қабул қилинган ходимлар жуда тез жамоага қўшилади. Уларга тажрибали ҳамкасбларимиз бириктирилади. Акбар Хўжамуродов, Дилшод Ҳайдаров ва Азиза Жияновалар ҳали иш бошлаганига кўп бўлмай жамоада ўз ўрнини топгани фикримиз тасдиғидир.
Бугун фаолиятимизни ахборот технологияларисиз тасаввур қилиш қийин. Улардан самарали фойдаланиш, амалиётга, яъни банк фаолиятига жорий этиш, мавжуд имконият­лардан янада кенгроқ фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Бу борада ҳар бир ходим доим ўз устида ишламоқда. Молия бозорида ютуқларга эришиш ва мижозлар базасини кенгайтиришда бу катта аҳамиятга эга.
Бош банк томонидан жорий этилаётган замонавий дастурларга асосланган янги банк хизматларини амалиётга кенг жорий этилаётгани ютуқларга бошламоқда. Чунки бугун бу долзарб вазифа. Ортда қолиш, тизимдаги янгиликларни фаолиятимизга олиб кирмаслик мижозлар ишончини йўқотишга олиб келади.
Филиалимиз ташкил топганига 20 йил тўлди. Ортга назар ташласак, йиллар биз учун ривожланиш даври бўлгани кўзга ташланади. Ана шу ютуқларни янада мустаҳкамлаш жамоамизнинг бош мақсади.

Мижозлар:
2007 йилда — 589 та.
2012 йилда — 735 та.
2017 йилда — 1351 та.
2022 йил 7 ойликда — 2812 та.

Ажратилган кредитлар:
2007 йилда — 1 419,7 млн. сўм.
2012 йилда — 8 725,7 млн. сўм.
2017 йилда — 94 999,9 млн. сўм.
2022 йил 7 ойикда — 124 028,7 млн. сўм.

Омонатчиларнинг омонат колдиғи:
2007 йилда — 4,2 млн. сўм.
2012 йилда — 6,4 млн. сўм.
2017 йилда — 9,7 млн. сўм.
2022 йил 7 ойликда — 14,4 млн. сўм.

Наргиза Эшонова,
журналист.