БИЗ КУЧЛИМИЗ
“Hamkorbank” АТБ ходимлари ўртасида ўтказилган мини спартакиада мусобақаларида мен аёллар ўртасида армрестлинг-куч синаш спорт тури билан беллашдим ва 1-ўринни эгалладим. Дарҳақиқат, мусобақа юқори савияда ташкиллаштирилди. Ҳамкасбларим нафақат ўз соҳасида, балки спортда ҳам фаоллигини исботлашди. Бу тадбир бизни янада бирлаштирди, бутун бир жамоа эканлигимизни ҳис қилдик. Айниқса, аёлларнинг спортнинг турли йўналишларида ўзларини кўрсата олганликлари таҳсинга сазовор. Ҳамкасбларимнинг масъулиятли вазифалари қаторида спорт билан шуғулланишлари кайфиятларини кўтарибгина қолмай ишга бўлган иштиёқларини ҳам оширишига яна бир бор ишондим.
Ўтказилган спартакиада оиламиз учун ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Тадбирга кичик қизимни ҳам олиб боргандим. Аёлларнинг стол тенниси ўйинларини кўриб, бу спорт турига қизиқиб қолди. Фарзандим учун мураббий гаплашдик, тез кунларда машғулотларни бошлайди.
Якунланаётган йилда орзуларимдан бири Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси магистратурасига ўқишга кириш эди. Оллоҳга шукур насиб қилди. Иш билан биргаликда, магистратуранинг MBA Finance and FinTech йўналишида ўқимоқдаман. Инсон хоҳласа ишда, оилада, жамоада фаол бўла олади. Биз ота-она сифатида фарзандларимизга ҳар соҳада ўрнак бўлсак, улар биздан ҳам кўра яхши натижаларга эришишлари аниқ.
Касбимни севаман, хизмат вазифамни сидқидилдан бажаришга ҳаракат қиламан. Мен ишлаётган бўлим банкнинг энг масъулиятли бўлимлардан бири десам муболаға эмас. Асосий ишимиз ходимларга ойлик KPIларини ҳисоблаш, уларни моддий ва номоддий рағбатлантириш ҳамда фаолиятларини баҳолашдан иборат. Ишимизда аниқлик, тўғри ҳисоб-китоб муҳим. Яъни ҳаммамизни иқтисодчи — математик деса ҳам бўлади. Шунингдек, бўлимимизда ишлаш жуда қизиқарли ва мароқли. Ҳамкасбларимнинг ҳаммаси малакали, банкнинг турли йўналишларида самарали меҳнат қилган фидойи инсонлар. Улар қаторида эканимдан фахрланаман.
Янги йил яқинлашмоқда. Юртдошларимизни байрам билан қутлайман. Уларга оилавий хотиржамлик, ишларида муваффақиятлар тилайман.
Севара Қобулова