БИЗ ТИНЧЛИКСЕВАР ХАЛҚМИЗ
Ота-боболаримиз дуога қўл очганда, аввало, юрт тинчлигини, сўнгра бошқа хайрли ниятларни рўёбга чиқаришини сўрайдилар. Бу бежиз эмас. Башарият ўз тараққиётининг барча босқичларида, аввало, тотувликка интилиб келган. Юрт осойишталиги барқарор тараққиёт гаровидир.
Осуда ҳаёт кечириш инсониятнинг азалий орзуси. Аммо воқелик у айрим мамлакатлар учун ҳамон орзу бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Шундай бўлса-да, бугунги кунда ўзаро тенглик, ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва адолат ғоялари ижтимоий тафаккурда устувор мавқега эга бўлиб бораётганини, тинчлик-энг асосий умуминсоний қадрият сифатида тан олинаётганини эътироф этиш лозим.
Шу ўринда, тинчлик инсонпарвар ва бағрикенг халқимизнинг тили ва дилидан мустаҳкам жой олган энг олий қадрият ҳисобланишини алоҳида қайд этиш зарур. Тинчликнинг қадрига етиш деганда — оиламизга, халқимизга, юртимизга манфаатли ишларни қилишимиз, зарарли ишлардан ўзимизни тийишимиз тушунилади. Давлатимиз мустақил тараққиёт йўлида дунёнинг ҳавасини келтирадиган ютуқ ва марраларга эришмоқда. Уларнинг негизини юртимиздаги тинч ва осуда ҳаёт, тотувлик ҳамда ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик каби олийжаноб фазилатлар ташкил этади.
Мураккаб даврда яшаётганимиз, ҳар тарафда ахборот хуружи авж олаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Шу боис воқеликка теран мушоҳада билан қараш, жаҳонда ва ён-атрофимизда кузатилаётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқ чиқариб яшаш керак. Халқимиз осойишта ҳаёт кечираётгани бизнинг катта бахтимиз. Шундай экан, тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб, юртимиз янада тараққий этишига ҳар биримиз муносиб ҳисса қўшмоғимиз лозим. Шундай экан, тинчлик ғояси остида билим ва ҳунарларимизни оширайлик, одобимизни яхшилайлик, фарзандларимиз тарбияси билан шуғулланайлик, қариндошлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлайлик, озодалик ва ободончилик ишларига ўз ҳиссамизни қўшайлик.
Биз тинчликсевар халқмиз. Уйимиз, маҳалламиз — юртимиз тинч бўлса, хотиржам меҳнат қилиб, ҳар қандай ютуқ ва маррага ўз кучимиз билан эришамиз.
Сайдилло Ортиқов

