БИРИ БИРИГА УСТОЗ
“Hamkorbank” АТБнинг Шаҳрисабз филиали шаҳар марказида, яъни аҳоли учун қулай жойда жойлашган. Бу мазкур муассасанинг қисқа вақт ичида молия бозорида ўз ўрнини топишида қўл келмоқда.
Айни вақтда Шаҳрисабз шаҳрида турли банкларнинг 8 та филиали ва 7 та банк хизматлари марказлари фаолият кўрсатяпти. Банклар капиталлашуви жараёнининг чуқурлашуви, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитининг юзага келаётганлиги ва кўрсатилаётган хизматлар кўламининг кенгайиб бораётгани молия муассасаларининг бир ҳудуд доирасида ҳам ўз мижозларини топишини чеклаб қўймайди. “Hamkorbank”нинг кенжа филиалларидан бири ҳисобланган Шаҳрисабз ана шу муассасалар қаторида — 2020 йилнинг октябридан бошлаб хизмат кўрсатиб келмоқда.
Муассасада 31 нафар ходим ишлайди. Уч юз элликга яқин юридик ва якка тартибда фаолият олиб борувчи мижозларга эга. “Шаҳрисабз фарм”, “Кеш имкон давр”, “Мирзоҳид Искандар” каби ўнлаб масъулияти чекланган жамиятлари доимий ҳамкорига айланган.
Танлов асосида кадрларни ишга жалб қилиш асносида билимли, изланувчан, ташаббускор ва ташкилотчи ёшлардан иборат жамоа шаклланган. Нурбек Нуртозаев ана шундай сифатларга эга. Мижозлар билан тез тил топишади. Мурожаат қилган ҳар бир одам билан хотиржам сўзлашади, аниқ тушунча беради. Бу ҳар бир банк ходимининг бурчи-ку, дейиш мумкин. Бироқ, билим, салоҳият, маданият билан суҳбатлашиш баробарида сабр муҳим. Бу борада ёшларга филиал раҳбари сифатида Салимжон Қудратов, Жавлонбек Эрбоев, Азизжон Жўраев сингари кўп йиллик малакага эга устозлар доим кўмакда. Жавлонбек Эрбоев тажрибали иқтисодчи. У банк кредитини ажратишда ўз услубига эга. Мижозлари намунали, тўловларни вақтида амалга оширади. Азизжон Жўраев шогирдлар тайёрлашда ўзига хос мактаб яратган. Бир сўз билан айтганда, жамоада барча бир-бирига устоз-шогирд.

— Сифатли хизмат, астойдил меҳнат — юқори натижа. Жорий йилнинг 6 ойлик якунлари бўйича кредит қўйилмалари ўстириш режаси 8 милларддан 12 миллиард 529 миллион сўмга етди. Яъни режа 157 фоизга бажарилди. Биргина “Сбербанк онлайн” хизмат турлари бўйича белгиланган режани 964 фоизга, ипотека кредитларини 214 фоизга етказдик, —дейди филиал раҳбари.
Чироқчи ва Китоб банк хизматлари офислари филиалнинг икки қаноти гўё. Иккала БХО ҳам белгиланган фойда режасини 100 фоиздан ошириб бажармоқда. Ходимларнинг кайфияти, рағбати ҳам шунга яраша. Йил охирига қадар жамоа янада юқори чўққиларни забт этишни кўзламоқда.
Мухтасар айтганда, “Hamkorbank” АТБ томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар банк тизимининг барқарор ривожланишига, пировардида юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигига хизмат қилаётгани билан аҳамиятли. Шаҳрисабз филиали жамоаси ана шу мақсадлар йўлида доим изланишда.
Н. Иброҳимова.