“БИР ҚУТИ ДОРИДАН БИР МИЛЛИОН СЎМ ФОЙДА»…

Инсон, жамият ва қонун

Бошингга не ташвиш келса, ўзингдан деб бил, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Олимжон Нурбеков (исм-фамилиялар ўзгартирилди) дори-дармон савдоси билан шуғулланувчи андижонлик Моҳира Қамбарова билан танишиб қолиб, чўнтагидаги нақд пулига ташвиш “сотиб олгани” рост. Бу бош оғриқдан қутулишига дори-уколлар ёрдам берса, кошкийди.
Хуллас, Олимжонга Акмал деган бир қадрдони хизмат айтиб қолди: “Бир ҳамкасбимизнинг машинага эҳтиёжи тушиб қолди, ўзи аёл киши. Наманганга бориб келиш керак-да…”
Олимжон таклифга рози бўлди. Акмал ҳамкасби Моҳирани Олимжонга таништирди. Такси буюртмачилари қўшни вилоятга йўлга чиқишдан аввал шаҳардаги ўнга яқин дорихоналарга кириб чиқишди. Афтидан бирор манзилда ишлари битмаганлиги икковининг ҳам юз-кўзидан сезилиб турганди. Олимжон буни дарҳол илғаб саволга тутди: “Ўзи нима гап?”
— Қисқаси, насияга “Кюпен” деган дори қидириб юрибмиз. “Оптом” олсак арзон тушади, Наманганга олиб бориб сотишимиз керак. Харидор кутиб турибди. Қўлимизда эса нақд пул йўқ…
— Бундан яхши фойда қоладими? — Олимжон астойдил қизиқиб сўради.
— Ҳа, катта пул қолади-да, — дея Моҳира уни аврашга ўтди. — Агар пулингизни шу ишга тиксангиз, бир қутисидан 1 миллион сўм фойда қилиб беришим мумкин.
Олимжоннинг қармоққа илинишига шу уч дақиқалик мулоқот етиб ортди. Эртасига уйидан 2 минг 850 АҚШ долларини олиб чиқиб, Моҳира айтган манзилдаги дорихона сотувчисига тутқазди. Эвазига сотувчи 720 дона қутидаги “Кюпен”ни Моҳирага етказиб берди.
Моҳира эса дорини улгуржи қўлга киритгач, Олимжоннинг кўзини шамғалат қилиб, бошқа машинага юклади-ю, Намангандаги танишларига пуллади. Пулини эса аввалги қарзларига, шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборди…
Суд судланувчи М.Қамбаровага жазо тайинлашда унинг аввал судланмаганини, бир нафар фарзанди борлигини енгиллаштирувчи, жиноят ғаразгўйлик ниятларида содир этилганини жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб ҳисоблаб, шунингдек, жиноят натижасида етказилган моддий зарар қопланмаганини эътиборга олиб, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан айбли деб топди ҳамда 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Шу билан бирга, судланувчидан жабрланувчининг фойдасига 32 миллион 447 минг сўм ундириш тўғрисидаги тўхтамга келинди.
Жамиятда фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар учраб турибди. Фирибгарлар тузоғига тушмаслик учун ҳар бир ишда етти ўлчаб, сўнгра тайинли қарорга келмоқ даркор. Йўқса, Олимжон каби нақд пулингизга ғалва орттириб, вақтингизни, саломатлигингизни, маблағингизни бой беришингиз ҳеч гап эмас.

Улуғбек Каримов,
Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг раиси.