БОБУРНИНГ ОРЗУСИ БОБУРДЕК БЎЛИШ
Қўқон универсал банк хизматлари офисининг ёш ходимлари тўғрисида сўраганимизда биринчи навбатда Бобур Расуловни кўрсатдилар. Бизда савол туғилди: нега айнан Бобур? Ҳамкасбларидан бири бунга жавобан “Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг издоши. Бобомиз каби шоҳ бўлиш унинг орзуси, Бугуннинг тили билан айтганда, раҳбарлик йўлида изланишда”, дея баҳо берди.
Бобур билан суҳбатимиз қизғин кечди. Болалиги, илмга чанқоқлиги, изланишдан чарчамаслигини билдирди. Тошкент молия институтида ўқиганининг сабаби аниқ фанларга қизиқиши ва ҳар бир ишда ҳисоб-китобга амал қилиши эканлигини таъкидлади.
У 2014 йил олийгоҳни тамомлагач, банк соҳасини танлади. «Hamkorbank» ҳақида яхши фикрлар эшитгани сабаб, шу банкка тўхталди. Адашмаган экан, Қўқон универсал банк хизматлари офиси жамоаси уни қўллаб-қувватлади. Аввалига иш ўрганувчи, кичик менежер, Фаробий банк хизматлари офиси бошлиғи вазифаларида ишлаб, малакасини оширди.
— 2017-2022 йиллар бошқа БХОларда иш олиб бордим, — дейди Бобур Расулов. — Бу мен учун катта мактаб бўлди. Янги жойга ўтганда зиммамдаги масъулият янада ошади. Мижозлардан ҳам кўп нарса ўрганиш мумкин. Баъзида ишингиз қийин эмасми, дея сўраб қолишади. Агар касбингизни севсангиз ҳаммасини уддалаш мумкин. Яна ўз устимда ишлайман, изланаман. Ҳар бир иш куни мен учун бир мактаб.
Бобурга юқорида берилган таъриф ўринли эканига амин бўлдик. Унинг орзулари бир олам. Раҳбар ҳар тарафлама тўла шаклланган ва билимли бўлиши шарт деб билади. Шу сабаб банк тизимидаги янгиликларни ўрганиб боради, инглиз тилини ўрганишга вақт ажратади. Ўз саломатлиги ва жисмоний фаолликни оширишни ҳам унутмайди. Спорт — энг севган машғулоти. Бир сўз билан айтганда, буларнинг ҳаммаси келажак сари дадил қадамлар.
Н. АКБАРОВ