БОБУР ПОРТРЕТИГА ЧИЗГИЛАР

Бизга, босқинчи деб, ҳаётини ўрганиш тавсия этилмаган, руҳи ўз юртига, ўз эли, миллати, авлоди қалбига яқинлаштирилмаган, номини абадийлаштириш, ҳайкаллар ўрнатишга йўл қўйилмаган, ижодига ҳам эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш тез-тез таъкидлаб турилган Заҳириддин Муҳаммад Бобури ҳақида дунё олимлари, тарихчилари, хусусан, биринчи навбатда ҳинд халқининг даҳолари, таниқли арбоблари ва аллома адиблари, фузалоларининг айрим фикр-баҳоларини яна бир эслаб, мағзини чақсак, фойдадан ҳоли бўлмас, яъни, олижаноблик, мардона тантилик билан, айни вақтда катта масъулият билан баён этилган бу сўзлар, таъриф ва тавсифлар буюк ватандошимизнинг қандай зот бўлганлигини янада чуқурроқ англаб етишимизга, қалбимиздаги ифтихор тўлқинларининг янада баландроқ, жўшқинроқ мавжланишига ёрдам берар… Энг муҳими, бунча ва бундай юксак фазилатларга эга бўлиш ҳар ким ва ҳамма учун ибратлидир…

«…Ҳиндистоннинг энг буюк императори, чеҳраси қуёшу ой каби нурли, султонлар султони, бемисол Бобур ибн Умаршайх Мирзо ибн Абусаид Мирзо ибн Мироншоҳ ибн Темурга зудлик билан шу хусусда етказурманким, токи ул олий ҳазрат Европа босқинчиларининг талон-тарожига чек қўйсин».

ВОЛЬТЕР, буюк француз файласуфи

***

«Ҳиндистон ва унинг 8 минг йиллик тарихи бамисоли бир товус бўлса, бобурийлар сулоласининг ўша кўп минг йиллик тарихдаги 332 йиллик даври ана шу товуснинг гултожидир».

Вальдеман Хансен, инглиз олими

***

«1526 йилдан то 1707 йилгача (Бобурдан Баҳодиршоҳ I гача) буюк сулоланинг тождорлари фақат бунёдкорлик билан машғул бўлдилар».

Ж. ЛЕШКО, М. ЖОЗЕФ, С МАРКЕТ,

«Тож Маҳал қиссаси»

китобининг муаллифлари

***

«Бобур характерининг энг мислсиз белгиси унинг бошқа ҳукмдорларникига мос келмаслигидадар. Осиё тождорларидаги маҳобатли, сунъий характер ўрнига бизнинг кўз олдимизда Бобурнинг характери табиий, ҳаётий, севувчи, самимий бўлиб гавдаланади. Бобур тахтда ўтирганига қарамай, оддий турмушнинг энг яхши туйғуларини ва иштиёқини ўзида сақлаб қолган. Биз Осиёдаги ҳукмдорлар ичидан Бобур сингари гениал ва талантли кишиларни камдан-кам учратамиз… Унинг ақлининг актив фаолияти, ҳушчақчақ совуққонлик ва бевафо тақдирнинг найрангларига қарамай, руҳининг тетиклиги, подшоҳлар орасида камдан-кам учрайдиган сахийлиги, мардлиги, истеъдодлилиги, фанга, санъатга муҳаббати ва улар билан муваффақиятли шуғулланиши жиҳатидан олиб қараганда, Осиёдаги подшоҳлар ичидан Бобурга тенг келадиган биронта ҳам подшоҳ тополмаймиз».

Вилям ЭРСКИН, инглиз олими,

 «Бобурнома» таржимони

***

«Бобур… олижанобликда қандай хосиятлар бор бўлса, уларнинг барчасини эгаллаган», «унинг манглайига юксак фазилатлар битиб қўйилган».

Эдуард ХОЛДЕН (19-аср), инглиз олими

***

«Айтиш мумкинки, Бобур ботирлигининг чеки бўлмаган, унинг бутун ҳаёти жасорат намуналари би­лан тўлиб-тошиб ётибди».

        Н. И. ВЕСЕЛОВСКИЙ, рус олими

* * *

«Бобур исми «шер» маъносини англатиб, ўзи ҳам исми жисмига монанд киши бўлган, келишган қадди-қомати ва бениҳоя кучлилигидан ташқари, довюракликда, эпчилликда, чаққонликда унинг олдига тушадигани топилмаган, унча-мунча қийинчиликларни писанд этмаган, айниқса, шикорбозлик бобида чинакам шер бўлиб кетган. У кўпинча икки давангидай одамни қўлтиқлаб олиб, Агра қалъаси деворлари устида машқ қилган. У яна ажойиб сузувчи ва ғаввос ҳам бўлган, буюк Гангдан ташқари йўлида учраган жамики дарёларни сузиб ўтган. Унинг ширали тил, оҳангдор вазн билан битилган таржимаи ҳолини («Бобурнома») ўқир экансиз, муаллиф бадиий дидининг нақадар назокатлилиги, ақлу заковати теранлиги, билими нақадар чексизлигиниг гувоҳи бўласиз. Бобур табиатни ва базми жамшидларни жонидан яхши кўрган. Айниқса, тоғларни, дарёларни, боғларни, яйловларни кўрганда завқ-шавқи туғён уриб, мисоли булбулигўё бўлиб кетган. У имони комил мусулмон бўлиб, Оллоҳни бир дам хотиридан фаромуш қилмаган, лекин мутаассиб даражасига боришдан ўзини тия олган. Сўзамол нотиқ, истеъдодли саркарда, ор-номуси кучли инсон бўлган»…

Г. Н. ПАНТ, Янги Деҳлидаги

миллай музей мутасаддиси

***

«Бобурнинг шахс сифатидаги характери мақтовга сазовордир. У жуда бақувват киши бўлиб, қалъа девори устида икки кишини қўлтиқлаб олиб, тўсиқлардан бемалол ўта олар эди. Ҳиндистонда дуч келган ҳар қандай дарёдан сузиб ўта олар, отда эса 80 миля (130 км. га яқин) масофани дам олмай, бир кунда босиб ўта оларди… Бобур садоқатли ўғил эди. Меҳрибон ота, содиқ дўст, вафодор эр ва яхши қариндош эди. У кекса қариндошларининг ҳурматини жойига қўяр ва ўз фарзандларининг ўқиш ва шахсиятларининг шаклланишига алоҳида эътибор билан қарар эди. У «дунё-интилганники», дер эди ўғли Ҳумоюнга. Ўлим тўшагида ётганда Ҳумоюнга: «укаларинг жазога сазовор бўлсалар ҳам уларга ёмонликни раво кўрмагин», деб васият қилади… У сахий, олижаноб, мард, мафтункор, севимли ва жуда маданиятли киши эди… У киши қалбини ва вазиятни дарҳол англаб олар эди. Мусиқага ва боғ яратишга жуда ишқибоз эди. Ҳиндистонда жуда кўп иншоотларни барпо этган эди…»

Л. П. ШАРМА, ҳинд олими

***

«Бобур  Шарқ тарихидаги   энг   мафтункор  шахс эди».

Лейн ПАУЛ, инглиз шарқшуноси

***

«Бобур  ажойиб  чавандоз,   моҳир  мерган,  чаққон қиличбоз ва толмас овчи эди».

С. Р. ШАРМА, ҳинд олими

***

«Бобурнома» бутун тарихда яратилган ёзма ёдгорликларнинг энг бебаҳосидир».

БЕЙВАРИ хоним, «Бобурнома»ни

инглиз тилига ўгирган таржимон

***

“Бобур қирқ саккиз ёшида вафот этди. У ҳамма нарсага жасорат ва ҳалоллик билан эришди. Буюк мағлубиятлари устига буюк ғалабалари иморатини қура олди. Ёшликда кўрган омадсизликлари ўрнига кейинчалик улуғ омадлар унга ёр бўлди. Ниҳоят, у Ҳиндистон тарихида илгари ҳеч кўрилмаган буюк салтанатга асос солди.

Бобурнинг буюклиги ана шу мезонлар ила ўлчанади…»

Муни ЛАЪЛ, ҳинд олими

***

Яна, ўша, ҳиндистонлик олимларнинг таъкидлашларича, Бобур ўз фуқаросининг турмуш фаровонлигини яхшилашни ўзининг асосий бурчларидан бири деб билган, шунга эришишга ҳаракат қилган. У қўл остидаги халқнинг мулки, шаъни-номусининг дахлсизлигини сақлашни бек ва амалдорларига ҳам ҳар доим қаттиқ тайинлаб турган, ўзи ҳам шу эътиқодга амал қилиб, халқни ҳар хил балолардан, жумладан, йўлдаги қароқчилардан ҳимоя қилган, сарой аъёнлари, маҳаллий амалдорлардан фуқароларга шафқатли ва ғамхўр бўлишни талаб қилган, маъмурий ишларни ҳамиша ўзи назорат қилиб турган, бу борада ҳар қандай оғиш ва чегарадан чиқишларга йўл қўймаган ва шу тариқа мамлакатда адолат ўрнатиш чора-тадбирларини кўрган, юртда осойишталикни сақлаш, хавфсизликни таъминлаш, адолатпарварлик каби улуғ шоҳона ишлари билан маҳаллий халқ меҳрини қозонишга сазовор бўлган…

Шунча фазилатлар бир шахсга оғирлик қилмаганмикин, деб ўйлайсан киши. Деярли ўн бир ёшидан жангу-жадалларга киришиб, умрбод тинчини йўқотган, бирон-бир мадраса ё бошқа жойда таълим, илм олиш имконига эга бўлмаган инсоннинг ҳаётдан сабоқ олиб, мустақил ўқиб-ўрганиб, буюк саркарда ва ҳар қандай фан докторидан ўтказиб таҳлил қиладиган илмли олим, донишманд даражасига етиб бориши, энг муҳими, жаҳон фозиллари тан оладиган бесаноқ инсоний хислатларни ўзида мужассам этиши чиндан ҳам ҳайратли ва ибратли эмасми?..

Қамчибек КЕНЖА.