БОЛАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИНИ УНУТМАНГ
Оила — жамиятнинг таянч институтидир. Мазкур ижтимоий бўғин фаровонлиги нафақат шахсий ҳаёт, балки давлатнинг ижтимоий барқарорлиги, келажак авлод тарбияси билан ҳам боғлиқ. Бироқ амалиёт оила пойдевори ҳар доим ҳам мустаҳкам асосга эга бўла олмаётганидан далолат бермоқда. Маълумотларга кўра, мамлакатимизда ҳар ой ўртача 4 мингга яқин оила ажрашяпти. Бу рақамлар ортида фақат никоҳнинг бекор қилиниши эмас, балки пароканда тақдирлар, руҳий зарбалар ва энг ачинарлиси, ҳимояга муҳтож болалар ҳаёти тургани ташвишли.
Ажримлар таркиби таҳлилига қараганда, уларнинг 46,2 фоизи фарзандсиз, 29,6 фоизи бир нафар фарзандли, 24,2 фоизи эса икки ва ундан ортиқ фарзандли оилалар ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳар ой камида 2 минг 300 нафар бола тўлиқ оила муҳитидан ажралиб, ота ёки онадан бирининг моддий ва маънавий кўмагисиз қолиш хавфига дуч келаётганини англатади. Ажримдан кейинги энг оғриқли ва ҳал қилувчи масала боланинг таъминотига бориб тақалади. Халқаро тадқиқотлар ҳам ажрашган оилаларда болаларнинг саломатлиги, таълим сифати ва ижтимоий мослашув даражаси кўп жиҳатдан молиявий барқарорликка боғлиқ эканини кўрсатади.
Европа Иттифоқи давлатларида бола таъминоти масаласи давлат назоратидаги устувор йўналиш ҳисобланади: алимент тўланмаган тақдирда, давлат вақтинча тўловни ўз зиммасига олади ва кейинчалик қарздордан ундириб олади. Яъни, бола манфаати барча ҳолатдан устун қўйилиши керак. Эътиборлиси, миллий қонунчилигимиз ҳам ушбу халқаро тамойилларга мос равишда шаклланган. Жумладан, Оила кодексининг 96-моддасига мувофиқ, ота-оналар ўз болаларини вояга етгунига қадар боқиш, тарбиялаш, касал бўлган тақдирда даволаш, таълим олиши учун зарур шарт-шароит яратишга мажбур. Муҳим жиҳати шундаки, ушбу мажбуриятлар никоҳ бекор қилинганидан кейин ҳам ўз кучини сақлаб қолади. Бунда ажрим ота ёки онани бола олдидаги масъулиятдан озод этмайди. Агар ажримдан сўнг собиқ турмуш ўртоқ фарзандни боқиш ёки даволаш учун маблағ ажратишдан бош тортса, қонунчиликда аниқ ва изчил ҳуқуқий механизмлар мавжуд.
Аввало, унга ёзма равишда талабнома юборилади. Башарти мазкур мурожаат жавобсиз қолса ёки рад этилса, масала суд тартибида кўриб чиқилади. Суд ҳар бир ҳолатни атрофлича ўрганиб, боланинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилади. Ўрни келганда келтириш лозим, Оила кодексининг 99-моддасига кўра, алимент миқдори бир нафар бола учун ота ёки онанинг ойлик даромадининг тўртдан бир қисми, икки нафар бола учун учдан икки қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун даромаднинг ярмича тўланиши шарт, деб белгиланган. Шунингдек, суд томонидан томонларнинг молиявий ва оилавий аҳволи инобатга олиниб, ушбу миқдор оширилиши ёки камайтирилиши мумкин.
Қонунга кўра, алимент миқдори қонунчиликда белгиланган энг кам иш ҳақининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги шарт. Бу меъёр боланинг энг камида зарур эҳтиёжлари қопланишини кафолатлашга қаратилган. Жаҳон тажрибасида бола ҳуқуқлари таъминланмаган жамиятда ижтимоий муаммолар чуқурлашиши кўп бора исботланган. Шу боис болани вояга етгунига қадар боқиш, унинг соғлиғини сақлаш, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ота-онанинг фақат маънавий эмас, қонуний ва жамият олдидаги масъулияти саналади. Ушбу мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, суд органлари тегишли чора кўришга ҳақли. Чунки ҳуқуқий давлат учун энг устувор қадрият — боланинг манфаати, қадр-қиммати ва келажагидир.
Сардорбек УМУРБЕКОВ,
Тошкент давлат юридик университети талабаси
Ушбу материаллар Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг грант лойиҳаси асосида тайёрланди.

