“БОЛА ПУЛИ ОЛМОҚЧИ ЭДИМ…”



САВОЛ:
— Уч нафар фарзанднинг онасиман. Кенжа фарзандим 2 ёшда. Уйда бола парвариши билан бандман. Турмуш ўртоғим мавсумий ишчи. Россия Федерациясида меҳнат муҳожири бўлиб ишлар эди. Соғлигида муаммо туфайли ўзбекистонга қайтиб келди ва узоқ вақт даволанди. Ҳозирда вақтинча ишсиз. Унинг номида маҳалла томонидан берилган 15 сотихли экин ери бор. Лекин эр-хотин иккимизнинг номимизда бошқа қўшимча ҳеч қандай мулк йўқ. Бола пулига ҳужжат топширсам, рад жавоби келмоқда. Бунинг аниқ сабабини билишни хоҳлайман.

О.ПАРПИЕВА, фуқаро

ЖАВОБ: —  “Бола пулини қандай ҳолатда олиш мумкин?” деган савол кўпчилик фуқароларни қизиқтиради. Бизга ҳам бу масалада  мунатазам мурожаатлар келиб тушади Айниқса: “Аввал бола пули олар эдим, энди аризам рад қилиняпти, нима учун?” деган саволлар тез-тез берилади. Юқоридаги фуқаро ҳам худди шу масала бўйича мурожаат қилган.

Маълумки, бола пули, моддий ёрдам ва шунга ўхшаш ижтимоий нафақаларни тайинлаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги 654-сон қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларни ‘Ижтимоий ҳимоя ягона реестри’ ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом”га асосан амалга оширилади.

Низомнинг 7-бандига кўра, оиланинг ҳар бир аъзоси учун ҳисобланган ўртача ойлик даромад белгиланган меъёрдан кам бўлса, нафақа ёки бола пули тайинланади. Ҳозирги кунда мазкур меъёр ҳар бир оила аъзоси учун 669 000 сўмни ташкил этади.

Сизнинг ҳолатингизда турмуш ўртоғингиз вақтинча ишсиз ва соғлиги туфайли даволанган бўлса, бу ҳолат кам таъминланганлик сифатида баҳоланади. Сиз фарзандингиз 3 ёшга тўлгунга қадар туғуруқ таътилида бўлганингиз сабабли, сиздан расмий иш ҳақи талаб этилмайди. Бироқ турмуш ўртоғингиз номидаги 15 сотихли экин ери Низомга асосан расмий даромад манбаи сифатида ҳисобга олинади. Ҳисоблаш меъёри бўйича 15 сотих ер учун шартли даромад меҳнатга ҳақ тўлашнинг икки баравари миқдорида, яъни 2 542 000 сўм этиб белгиланган. Шу сабабли, аввалги аризангизда турмуш ўртоғингиз Россия Федерациясида меҳнат қилган даври ва унинг номидаги ер майдони ҳисобига оиланинг умумий даромади белгиланган меъёрдан ошган бўлиши мумкин. Бу эса “Ягона ижтимоий реестр” тизимида аризангизни рад этишга асос бўлган. Баъзида дастурдан олинган маълумотлар янгиланганда, кам таъминланганлик мезонларига таъсир кўрсатади,  бу эса ариза рад қилинишига сабаб бўлади. Ҳар ойда маълумотлар янгиланиб, оиланинг ҳолати қайта текширилади.  

Бугунги кунда оилангизнинг ягона расмий даромади 15 сотих ердан ҳисобланган 2 542 000 сўм бўлиб, агар оилангиз 6 нафар аъзодан иборат бўлса, ҳар бир аъзога тўғри келадиган даромад 424 000 сўмни ташкил этади. Бу сумма 669 000 сўмлик меъёрдан паст бўлгани сабабли, Низом талабларига кўра, сизга бола пули тайинланиши мумкин.

Саволга Қўрғонтепа тумани “Инсон” ижтимоий хизматлари маркази директори ўринбосари Х.Хамитжонов жавоб берди.


Материал Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди гранти асосида тайёрланди.