БОҒИ ОРОМ — БОҒИ БЕОРОМ
Сафар таассуротлари
Бобурийлар сулоласи 332 йил ҳукмронлик қилган Ҳиндистондамиз. Ҳаяжоним бу тонг ҳам давом этмоқда эди.
Яна Тож Маҳалга бордик. Кеча кино, теле-тасвирга яхши олишолмаган эди. Умуман, кино, телекамера билан дорвозахона ичкарисидаги майдон-супадан пастга тушиш мумкин эмас экан. Бугун яна бир уриниб кўрайликчи, зора қалови топилиб қолса, деб келган эдик, барибир рухсат олиш чораси топилмади. Сайёҳлар оқими кечагидай эди…
У ердан чиқиб «Агра форт» (уни ҳам «Лаъл қалъа» дейишаркан) саройига қараб кетдик. Акбаршоҳ (1565— 73 йиллар) қурдирган бу қасрнинг айланаси 2 км. экан. Ўз замонасида ниҳоятда маҳобатли, мустаҳкам қўрғон бўлганлиги баланд ва қалин ғишт деворлардан сезилиб турибди. Қаср дарвозаси олдида, шундоққина ерда сайёҳлар чипор бурундуқларга худди олмахон каби нон ушоқлари ташлаб, уларнинг ҳуркак ва чиройли хатти-ҳаракатларини завқ билан томоша қилишарди.
Бинолар асосан гўзал меъморчилик услублари асосида барпо этилган, пештоқлар, гумбазлар, айвонлардаги нақшлар ниҳоятда ранг-баранг ва чиройли эди. Кутубхона, ҳаммом бинолари дуруст сақланган, лекин, айтишларича, ҳаммомнинг тилло, кумушли эшикларини Баҳодиршоҳдан ҳокимиятни тортиб олган инглизлар ўмариб кетишган, ҳатто нақшларга фойдаланилган тилло-зарларни ҳам арчиб олишган экан.
Қалъага асосан қизил мармар ишлатилган, лекин баъзи гумбазлар оқ мармардан эди. Бу жойларни қизил мармарни ёқтирмаган Жаҳонгир қайта қурдирган экан.
Бир вақтлар тимсоҳлар макон тутган ҳовузлар энди ҳувиллаб ётарди.
Жамна дарёсининг ўнг соҳилида қад кўтарган бу қалъадаги Шоҳ Жаҳон уй қамоғида ўтирган, буржи мусамман (8 қирра) усулидаги хона ўзгариб кетган эди. Лекин чиндан ҳам қалъа дарчаларидан дарёнинг нариги қирғоғида, кун чиқиш томонроқда улкан оқ кемадек салобат тўкиб турган Тож Маҳал жуда аниқ кўринарди. Афсуски, асрлар шамоли Шоҳ Жаҳон оёқлари ва кўз ёшларидан қолган изларни мармар тошлардан супуриб, текислаб кетган эди. Аммо мен падари бузрукворнинг: «Ёзуғим не эди? Ўғиллар боқиб, ўстириб, уларга умримнинг ва мулкимнинг ярмини бахшида этиб, кўрган ҳузур-роҳатим шул бўлдиму?!.» — дея тангрига қилган илтижоларини, азиз ёри-вафодори ҳажри-фироқида тортган аламли оҳлари, бўғиқ инграшларини элас-элас эшитгандай бўлдим. Ана шундай фарёдларга дош беролмаган буржи мусамман хона шувоқлари, безаклари батамом кўчиб тушганлигидан энди ғариб, файзсиз, оддий жойга айланиб қолган эди. Нурсизланган мармар тошлар янада совуқ, хароб кўринарди. Қаранг, 300 йилдан зиёд одам ақлини ҳайратга солиб келаётган Тож Маҳалдай обидани яратган бунёдкор инсон ўз фарзанди қўлида асир, бечора бўлиб торгина хонада 8 йил ўтирса-я! Ё, тавба! Оғули тож-тахт орзуси шаҳзода учун бунчалар тотли, бунчалар сеҳрли бўлмаса — ўз жигарларини — на ака-укасини ва на отасини аяйди-я!.. Балки ақл бовар қилмас бундай ёвсираш сир-асрори ота томонидан ҳақ-ноҳақ тўкилган қонлар билан ҳам боғлиқдир…
«Агранинг ясси, ҳамиша бир хил чанг-тўзонли паст-текисликлари, бу ўлканинг жозибасиз манзараси кишида ғамгин хис-туйғулар пайдо қиларди», — дея эътироф этади ҳинд тадқиқотчиси М. Рандҳава. Бобур шунинг учун ҳам Аграга ўрнашибоқ табиатни жозибадор қилиб, иқлимни мўътадиллаштирадиган, шаҳарга ҳусн бағишлаб, чанг-тўзондан ихота қиладиган боғлар яратишга киришиб кетади. Дастлаб у Жамна дарёси бўйида, ҳозир ҳиндлар Ромбоғ деб атайдиган Оромбоғни барпо этган эди. Мана, 470 йилдан бери боғ яшаб келмоқда…
Биз Оромбоққа етиб борганимизда ҳаво айниб турувди. Боғнинг шимол томондан кириладиган асосий панжарали дарвозаси берк экан. Ҳайрон бўлиб турувдик, қаёқдандир бир одам пайдо бўлиб, дарвозани очди. Ўрта бўй, ўрта яшар бу кимса шу боғнинг боғбони Муҳаммад Юсуф экан. У бизнинг кимлигимиз, қаердан ва нима мақсадда келганимизни эшитиб чеҳраси ёришиб кетди ва бизни хуштавозе билан ичкарига бошлади. Дарвоза рўпарасида тикка кетган йўлак бўлиб, икки томон—анвойи гуллар, дарахтлар билан яшнаб турган боғ анчагина катта майдонни ишғол қилган эди. Болаликдан жони-дилим бўлган атиргулларни кўриб, ҳинд тадқиқотчиси Рандҳаванинг «Айтишларича, хушбўй атиргулни Ҳиндистонга биринчи бўлиб Бобур келтирган экан» деган миннатдорона гапини эсладим ва ичимда яна бир бор фахрланиб қўйдим. Боғнинг деярли қоқ ўртасида, йўлакни иккига ёрган ҳовуз бўлиб унинг чеккаларидаги фавворалар шиддатсизроқ, аммо бир неча хил рангда товланиб отилиб турарди. Боғбон бизга мана шу ҳовузнинг чор атрофига Бобур сархил узумлар эктиргани, инглизлар жаннат меваси бўлган токларни ҳам қўпориб ташлашганини айтиб берди. Боғ ҳақида Бобурнинг ўзи «Бобурнома»да шундай деб ёзади: «Бир-икки бута ток «Хашт Беҳишт» боғида эктуруб эдим, анинг ҳам яхшиғина узумлари бўлиб эди. Шайх Гўран ҳам бир сабад узум йибориб эди, ёмон эмас эди. Ҳиндустонда қовун, узумнинг мунча бўлуридин филжумла хурсандлиғе бўлди».
Атрофдаги менга ноташиш бўлган гиёҳу гулларнинг ҳам хушбўй ҳиди анқирди. Чиндан ҳам бу ердаги ўсимлик ва гулларнинг аксариятини мен аввал бошқа бирон жойда кўрмагандим. Муҳаммад Юсуфдан сўрагандим, жасмин, шарон, тигар, кунди, пам, чандон амрут, коннир, ялов флавер… каби номларни айтди, лекин бу номларнинг “эга”ларини кўрсатиб, изоҳлаб беришига имкон бўлмади, яъни шерикларимизнинг тоқати етмади (Кейинчалик бу номларни «Бобурнома»да таъриф-таснифи берилган гулларга қиёслаб, фақат «жосун» ва «канир» деганини топдим. Жумладан, канир чиндан ҳам шафтолигулисимон, фақат тўп-тўп очиладиган қизил гул эди).
Ўшанда фақат ҳовуз ёнида жуда катта майдонга кўланка солиб турган сершох улкан дарахтларнинг номи имли эканини, уларнинг ёши 100 дан ошганини билиб олдим. Боғбон ўнг тарафда, тахминан юз қадамча нарида, боғнинг чекка деворига ёнбошлаб қолган бир туп имлини кўрсатиб: «Бобур замонида экилган», деди. Дарахт қариган, лекин барглари ҳали ҳам ям-яшил, демак, унинг илдизлари яшамоқда эди. Бу ҳолатнинг қандайдир рамзий маъноси бордай туюлди менга. Чиндан ҳам бобурийлар ўтиб кетгани билан, улар қолдирган маданий, илмий, бадиий мерослари, санъат ва меъморчилик соҳасидаги ёдгорликлари, тарихий қалъа ва обидалари назардан ва тилдан тушмай келмоқда-ку.
Муҳаммад Юсуф бизни тўғри Жамна бўйига бошлаб борди. Бу ерда шундоққина дарё лабида, бир-бирига рўпарама-рўпара солинган, шийпонсимон пастакроқ иккита бино бўлиб, ҳар иккисининг айвони орқали ичкари хоналарга кириларди. Деворлар, наволар, шифтларда соҳибжамол қизлар, гуллар, қушлар тасвири ва бошқа гўзал манзаралар акс этган нақшларнинг кўп қисми кўчиб кетган, бироқ яхшигина сақланиб қолган жойлари ҳам бор эди. Миниатюра санъати намуналарини эслатувчи бу ажойиб безаклар Бобурнинг чиндан-да юксак бўлган дидидан, унинг ўз атрофига, саройига қўли гул наққош усталар, ҳунармандларни тўплаганидан далолат бериб туради.
Бу жой Бобурнинг Агра шаҳридаги, умуман Ҳиндистондаги дастлабки оромгоҳи бўлган эди. Мазкур оромгоҳ — боғнинг яратилиш тарихи ҳақида Бобурнинг, ўзи шундай ёзган:
«Доим хотирға етар эдиким, Ҳиндустоннинг бир улуғ айби будурким, оқар суви йўқтур. Ҳар ерда ўлтурушлуқ бўлса, чархлар ясаб оқар сувлар қилиб, тарҳлиқ ва сиёқ ерлар ясаса бўлур. Ограга келгандин бир неча кундин сўнг ушбу маслаҳатқа Жўн сувидин ўтуб, боғ ерларини мулоҳаза қилдук. Андоқ бесафо ва хароб ерлар эдиким, юз кароҳат ва нохушлуқ била андин убур эттук. Бу ернинг макруҳлуғи ва нохушлуғидин чорбоғ хаёли хотирдин чиқти. Мундин ўзга мундоқ ёвуқ ер Ограда чун йўқ эди, неча кундин сўнг зарур бўлиб, бу ерга-ўқ илик қўюлди. Ул улуғ чоҳким, ҳаммом суви андиндур, бунёд бўлди. Яна бу парча ерким, амбули дарахтлари ва мусамман ҳавз андадур, булардин сўнг улуғ ҳавз ва саҳне бўлди. Андин сўнг тош иморат олидағи ҳавз ва толор бўлди. Андин сўнг «Хилватхона» боғчаси ва уйлари бўлди. Андин сўнг ҳаммом бўлди. Мундоқ бесафо ва бесиёқ Ҳиндда тавр тарроҳликлар ва сиёқлик боғчалар пайдо бўлди. Ҳар гўшада мақбул чаманлар, ҳар чаманда муважжаҳ гул ва настаранлар мураттаб ва мукаммал бўлди».
Мана шу бунёдкорликлардан ҳам кўриниб турибдики, Бобур ҳар бир ишга узоқни кўзлаб қўл урган. Борган юртини талаб кетишни эмас, уни обод этишни, ўзидан яхши ном қолдиришни, ҳар ергаки қадам етса гуллар ва яхшилик уруғларини экишни ният қилган. Бу эзгулик, яхшилик уруғлари авлодлари — Акбар, Жаҳонгир, Шоҳ Жаҳон ва бошқа подшоҳлар қалбида ҳам ҳар хил мевалар тукканлиги маълум ва бу мевалардан миллион-миллион ҳинд халқи ҳали-ҳамон баҳраманд бўлиб келмоқда…
Муҳаммад Юсуфнинг айтишича, чап томондаги бинода Бобур ўз оиласи билан, ўнг тарафда эса бошқалар яшаган.
— Бобур эрта туриб ҳовуз ўртасидаги супада Жамнага термилиб ўтиришни хуш кўрган экан, — дейди яна Бобур боғининг 470 йил кейинги боғбони.
Балки кун ботишга, хаёлан Андижон томонларга тикилгандир. Эҳтимол, шу ерда ўтириб, Фарғона водийсининг жаннат мисол табиатини, сўлим, оромбахш шабадасини туйгандай бўлгандир. Ўз диёри, юртига соғинчи, саломини ана шу беозор дарё орқали йўллагандир. Балки, «ариқ бўйида ўлтириб, умр ўтганга сол назар», деганларидек, Бобур ҳам сарсону саргардонликда, «юзи қаро»ликда кечаётган ўттиз-ўттиз беш йиллик ҳаётини сарҳисоб қилиб, яхши-ёмон ишларини саралаб, суюниб, куюниб ўтиргандир. Балки, умри поёнига етиб бораётганини ҳис қилган паллаларда болалиги ўтган азиз Андижонни, қадрдон чорбоғни, бувиси Эсон Давлат бегимнинг меҳр тўла нигоҳларини, иссиқ оғушини, қайта кўришмоқ насиб этмаган тенгқур жўраларинию ота-онаси, навкар-мулозимлар, Бек аткасию кўкалдошлари ғамхўрлигида кечган беташвиш, ўйин-кулгидан, чавандозлик, камон отиш машқларидан, Ҳофиз, Саъдий, Фирдавсий, Навоий достонлари мутолаасию ғазал ёзиш майли-машғулотидан иборат онларини қайта-қайта эслаган, қалбини зириллатган орзиқиш билан қўмсагандир. Балки, Эски шаҳар, Андижон арки деворларини тавоб қилгиси, тупроқли тор за эгри-бугри кўчаларнинг чанги-ғуборини кўзларига суртгиси келгандир. Ҳаётида йўл қўйган оғир хатоларини, ушалмай қолган орзу-армонларини, қалб тубидаги энг нозик ҳасратларини дарёга тўкиб солгандир. Кучли ёғий қаршисида ожиз қолиб номус ўтида ёнган аччиқ аламли вазиятларни, Хонзода бегимдай оқила, доно ва соҳибжамол, дилдош опасини уни хонавайрон этган ашаддий ғаними илкига ташлаб чиқишга мажбур бўлган ғоят нохуш воқеани ёдга олиб, ўзини ўзи кечиролмай, қаттиқ ўкингандир, виждони қийналгандир… Ёки, нечун Ҳиндда бунёд этган кўркам боғ-роғлару муаззам иншоотларни ўз юртимда яратиш насиб этмади, деб афсус-надоматлар тортгандир, қани энди, шундоқ қароғимни юмсаму мана шу Оромбоғ, унинг бағрида узум, Андижон адирлари бағрида бўлиб қолсам, дея хаёл сургандир. Балки бешафқат тақдир тақозоси, салтанат, тож-тахт ҳимояси деб олис Кобул ва бошқа жойларда қолиб, тирқираб кетган гўзал Моҳим бегим ва бошқа кўнгил яқинлари, ўғил-қизларининг дийдорига муштоқу зор бўлиб, фироқ ўтида куйиб-ёниб, юраклари эзилиб-эзилиб оққандур… Балки Жамна сувининг илиқ эпкини уфуриб турган соҳилда ўтириб, қисматини шунчалар чигал ва беором, беқўним ва беҳаловат қилиб яратгандан умри охирида илашган қаттиқ дардига шифо, нажот тилаб, илтижою таваллолар айлаб зорлангандир. Балки, салтанат, подшоҳлик ишқи кўзини кўр ва бағрини тош этиб худа-беҳуда тўккан қонларини эслаб, азоблангандир… Ўзидан кейин, уни деб, у сабабли Ҳинд ерида қолиб, қони ҳинду ва бошқа миллатлар билан қоришиб, уйқашиб кетадиган хотинлари, фарзандлари, хешу ақраболари қисматининг қайғусини чеккандир, шаҳзодалар аро тож-тахт талашишлар оқибатида юз бериши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳодисалар, фожеаларни таҳлил қилиб, кўз олдига келтириб таҳликага, даҳшатга тушгандир ва «Эй, фалак!..» дея фарёд уриб ўрнидан даст туриб кетгандир ва дилига ушбу янглиғ байтлар қуюлгандир:
Бу нечук зулмки, ниҳояти йўқ,
Бу на янглиғ ситамки, ғояти йўқ?..
Ки эй фолони, бу не разолаттур,
Не жаҳолаттуру не ҳолаттур…
Балки, Бобурга ўша дамларда дарёдан яқинроқ, маҳрамроқ сирдош дўст-ёр бўлмагандир… Ҳарқалай, унинг ўз ватанига бўлган чексиз ва сўнмас меҳр-муҳаббатини, ҳижрону ғурбат аламларини, соғинч изтироблари, ўкинч ва озурдаликларинию ғам-ғуссаларини ифодаловчи ғазал, рубоий, қитьаларининг аксарияти ана шу жойда, Жамна билан тиллашиб, диллашиб ўтирган бетакрор онларда туғилган бўлса ажаб эмас…
Чунончи:
Толеъ йўқи жонимға балолиқ бўлди,
Ҳар ишники айладим, хатолиқ бўлди.
Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,
Ё, раб нетай, не юз қаролиқ бўлди.
***
Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши,
Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатда киши.
Кунглум бу ғарибликда шод ўлмади, оҳ.
Ғурбатда севинмас эмиш, албатта киши.
***
Кўпдин бериким ёру диёрим йўқтур,
Бир лаҳзау бир нафос қарорим йўқтур.
Келдим бу сари ўз ихтиёрим бирла,
Лекин боруримда ихтиёрим йўқтур.
***
Не ёр вафо қилғуси охир, не хариф,
Не сайфу шито қолғуси боқи, не ҳариф.
Юз ҳайфки, зоъе ўтадур умри азиз,
Афсуски, ботил борадур умри шариф.
***
Борми экин ҳеч нима оламда ҳижрондин ямон,
Ҳар неким андин ямондур, будур андин ямон.
***
Қовун бирла узумнинг ҳажрида кўнглимда ғам ҳар сў,
Оқар сувнинг фироқидин кўзимдин ҳар дам оқар сув…
Муҳаммад Юсуфнинг Бобурга бўлган ихлоси, муҳаббати жаҳонгир шоҳ ҳақида билган-эшитган ривоят ва ҳикоятларини завқ-шавқ билан сўзлашидан сезилиб турарди. Унинг айтишича, Бобур худди мана шу оромгоҳида жонини ўз ихтиёри билан Яратганга топширган, тўғрироғи, бу ёруғ дунёда Бобурдан аввал ҳам, кейин ҳам бўлмаган, ақл бовар қилмас ҳол — Бобур тангри таолодан ўз жони эвазига ўғли Ҳумоюнга соғлиқ ва омонлик тилаб, бу сўнгги ниятига эришган эди…
Бобурнинг вафоти ҳақида турлича мулоҳазалар мавжуд. Аксарият манбаларда Бобур ўғли Ҳумоюн учун жонини қурбон қилган, деган фикрга дуч келамиз. Лекин доктор С. Р. Шарма бу борада бутунлай бошқача хулоса чиқаради: Хумоюннинг соғайиши билан бу воқеадан 6 ой ўтгач касалланган Бобурнинг бетоблиги орасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ, дейди у. Доктор Р. П. Трипатхи, Л. П. Шармалар ҳам С. Р. Шарма фикрини қувватлашади. «Бобурнинг касалланиши ва вафотига сабабчи бўлган асосий нарсалар — унинг босиб ўтган машаққатли ҳаёти йўли, ичкилик ва нашъага ружу қўйиши ва қолаверса, Ҳиндистоннинг ортиқча иссиқ иқлимидир…» дейишади улар. Асил манбалар, ишончли далиллар асосида ёзилган «Бобур» эссе-романининг муаллифи Муни Лаъл Бобур вафоти борасида гарчи Гулбаданбегим хотираларига суянса-да, лекин бу ўлимга олиб келувчи омиллар олдинроқдан бошланган эди, деган мулоҳазани шаъма қилади. У «Бобурнинг Бангола ҳукмдори Султон Нусратшоҳни сулх тузишга қандай мажбур қилганини баён этаркан, шундай деб ёзади: Бу Бобурнинг сўнгги юриши эди. У ҳам руҳий, ҳам жисмоний жиҳатдан толиққанди. Ўн бир ёшидан бери бошига тушган меҳнат-машаққатлар, йиллар, замонлар оша кечган узлуксиз ҳарбу зарб унинг тинкасини қуритганди. Оғир синовлар изсиз кечмаган, иссиқ Ҳинд иқлими, айниқса, иситма-безак унга ўз асоратини кўрсата бошлаганди. У шароб ичмай қўйган. Унинг ўрнига маъжун ер, нашъа чекарди. Бу нарсалар эса унинг соғлиғига баттар футур етказарди.
Бобур 1529 йили Аграга қайтаркан, ичбуруғ касали уни ҳолдан тойдирганди. Ҳазин, маъюс хаёллар уни қуршаб олган, у тарки дунё қилиб, тожу тахтни Ҳумоюнга топширишни ўйларди…»
Қуйидаги байт балки айни ана шу даврда оппоқ қоғоз юзини сиёҳ айлаб, варақ четларини жингалак қилиб куйдиргандир:
Неча даврон ғуссаси бўлғай менинг жонимга хос,
Кошки ўлсам доғи бу ғуссадин бўлсам халос…
Р. Трипатхи ва Л. Шармаларнинг, айниқса, «ичкиликка… ружу қўйиши» деган луқмаларини асосли деб бўлмайди. Чунки Бобурнинг Ҳиндистонга келган йилиёқ (яъни вафотидан 4 йил муқаддам) ичкиликни таъқиқлаш ҳақида фармон чиқаргани, маълум.
Яъна, баъзи манбаларда (аксар бадиий асарларда) Бобур Султон Лодийнинг онаси овқатга қўшиб берган заҳардан қазо қилган деган қараш ҳам бор. Ҳолбуки, бу ҳам тўрт йил аввалги воқеа бўлиб, Бобурнинг ёзишича, уч-тўрт кундан кейиноқ унда заҳарланиш асорати тамом барҳам топган.
Хуллас, менинг назаримда, Муни Лаъл ва Гулбаданбегимнинг фикрлари асослироқ ва ҳақиқатга яқинроқ кўринади. Дарҳақиқат, тинимсиз жангу-жадал, саргардонлик, иқлим ўзгаришлари Бобурнинг умумий соғлилигига жиддий таъсир этган, шунинг учун сўнгги йилларда анча озиб, илгариги шаҳдларидан қайтган, балки ҳаёт унга ўта ортиқча ташвиш бўлиб туюла бошлаган, хаста, беҳуш ётган Ҳумоюн атрофидан айланиб, Оллоҳдан унинг дардига шифо тилаб, керак бўлса ўз жонини нисор этмакка тайёрлигини сидқидилдан изҳор қилар экан, ўша оғир дамлардаги ҳолат — ўз жисми-жонидаги толиқиш ва оғирлашиш, асаб торларининг таранглашуви, кўнглидаги ғулғула, атрофда лолу карахт турган мулозимлару кўнгил яқинларнинг кўзларидаги қўрқув, саросима чиндан-да Бобурнинг руҳиятига бирдан қаттиқ таъсир қилиб, аҳволи кескин ёмонлашган бўлиши мумкин…
Яна Бобурнинг вафот этган ёши, дафн этилган жойи ҳақидаги фикрлар ҳам ранг-баранг: кимдир 48 ёшида вафот этди деса, бошқаси 47 рақамини таъкидлайди, кимдир Аградаги Оромбоққа дафн этилган деб ёзса, бошқа бир татқиқотчи Бобурнинг жасади боғи Гулафшонга қўйилган деган далилни келтиради. Бир муаррих-татқиқотчи Бобурнинг хоки 9 йиддан кейин Кобулга кўчирилганидан хабар берса, бошқа манбада бу оралиқ 10—14 йил қилиб кўрсатилади. Муин Лаъл мазкур воқеани шарҳлаб, Бобурнинг Биби Муборика номли хотини Кобулдан келиб эрининг қабрини кўчириб олиб кетган, дея ўзича аниқлик киритади.
Афсуски, бу каби анчайин чалкаш, авлодларни иштибоҳга солиб қўядиган хилма-хилликларни илмий-тарихий жиҳатдан бир нуқтага олиб келишга камина ҳам ожиздир…
Муҳаммад Юсуфдан эшитган баъзи далилларимиз ишонсизроқ туюлди, аммо ўзини Бобурнинг ашаддий ихлосманди сифатида у буюк инсоннинг хизматлари ва боғи-роғлари таърифини оғиз тўлдириб гапириб бераётган бир муслим кимсанинг фикрларини эътибордан бутунлай четда қолдириш ҳам ўринли бўлмас, деб ўйлайман.
Алқисса, икки сабабга кўра: яъни мамлакатдаги вазият анча танг бўлиб турган ўша паллада салтанатдагилар бу машъум хабардан фойдаланиб, ғайр ҳаракатлар бошлаб юбормасин деб, қолаверса, дафн этишга ҳеч қандай ҳозирлик бўлмаганлиги, яъни дурустроқ қабр-мақбара тайёрлаш учун маълум муддат ўтишини ҳисобга олишиб, Бобур жасадини мана шу боғдаги ўзи яшаб турган уйларнинг зах ертўласида, сарсон ёғи ичида уч ой сақлашган ва бу ердан бир-икки чақирим наридаги Чобуржи (Чорбоғ) деган жойда тикланган мақбарага қўйилган экан…
Боғнинг чап томонидан айланиб келадиган йўлакда сайр-томоша қилиб юрганимизда ёмғир савалай бошлади. Биздан сал нарида тарқоқ ҳолда, ингичка, узун тумшуқлари билан майса-гиёҳлар қатини титкилаб емиш топиб юрган чағалайсимон оппоқ қушлар (уни Муҳаммад Юсуф «бавла» деб атади) бир жойга тўпланиб, қунушиб олишди.
Биз тезладик, лекин ёмғир биздан ҳам тезлаб қуйиб юборди. Фаррух кўйлагини ечиб, телекамерасини ўраб олди. Югурганча бориб, дастлаб кўрган ҳовуз-фаввора ёнидаги улкан имли ёнига тизилиб олдик-да, ёмғир тинишини кута бошладик.
— Ҳозир — пашкол—ёмғир кўп ёғадиган мавсум, — деди боғбон…
Чобуржи боғини топишдан кўра, у ердаги эски мақбара олдига ўтиш қийинроқ бўлди. Мақбара яқинидаги маҳалла-жойлар ниҳоятда хароб, ивирсиқ, тор ва қинғир-қийшиқ, кўчалар балчиқ эди. Муйсафидлар ёрдамида, бир тўп болалар қуршовида димоғларимизни беркитиб, шимимиз почаларини кўтариб, оёқ учида ерни танлаб-танлаб босиб ўтиб бордик. Деворлари йиқилиб вайронага айланиб бораётган мақбаранинг кўриниши ниҳоятда ғариб ва аянчли эди. Кун ботишга қараган бу иморат мақбарадан кўра оддий уйга ўхшарди; бир неча хонага бўлинган, олди айвонли, лекин ясси томининг икки томонида унча баланд бўлмаган миноралар бор эди. Ҳарқалай, бинонинг ўзи, унинг ёнидаги ҳандақ ва ёввойи бута, ўсимликлар қоплаган баланд-паст ерлар унутилган, қаровсиз қабристонни эслатарди.
Дарвоқе, «Оромбоғ»да ёмғир тўхтаб, ҳаво очила бошлаган эди, бу ерга етиб келганимизда осмон яна қорайиб, маҳзун бўлиб олди. Гўё табиат бизни азадор бир авзода кутиб олаётгандай…
Мен ҳозир мана шу сатрларни ёзаётган қўлларим билан мақбара деворлари остидан тупроқ олиб сувхалтага солдим.
— Андижондаги Бобур рамзий қабрига, Кобулдага мақбарасидан олиб келинган тупроқ ёнига қўямиз, — деди раҳбар.
Бизнинг хатти-ҳаракатларимиз ва ғамгин ҳолатларимизни ҳайрат билан кузатиб турган мўйсафидлардан бири ажойиб гап айтиб қолди:
— Бобур дафн этилган вақтларда унинг қабридан атрофга хушбўй бир ҳид таралиб тураркан, унинг жасади кўчириб олиб кетилгач, ҳид ҳам йўқолган экан,— дейди у одам.
Бу гап бизни ғоят мутаассир этса-да, дилларимиз мақбара харобалари каби вайрон эди, инчунин, ҳар биримиз ўз хаёлларимиз дарёсига ғарқ бўлиб, қайтдик.
Кўчада Хитой киноларидаги камбағаллар судраб юрадиган извошларни кўриб, фикрим сал чалғиди.
Қамчибек КЕНЖА

