БОҚИЙ ВА ҲАМИША НАВҚИРОН
Наврўз байрамининг қачон вужудга келгани ҳақида узил-кесил қатъий фикр айтиш мушкул. Лекин, бизгача етиб келган қадимий манбалардан маълум бўлишича, у Марказий Осиё, Эрон ва Афғонистонда аҳамонийлар даврида (милоддан аввалги VI асрларда) кенг тарқалган. Шу маънода унинг тарихини 2500-3000 йилга эга, дея тахмин қилиш мумкин.
Мазкур айёмнинг коинот ва табиат қонуниятлари ҳисобга олинган ҳолда, ҳар томонлама илмий асосланиб жорий этилганлиги эътиборга молик. Чунончи, қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кундузнинг узая бошлаши, ёруғликнинг кучайиши, табиатнинг уйғониши – Наврўз, яъни “янги кун” деб қабул олинган. Наврўз эски қуёш календари ҳисобида фарвордин ойининг бошланишига (ҳозирги 22 мартга) тўғри келган. Бу кун «кичик Наврўз» деб аталган ва бу кундан бошлаб табиатдаги ҳамма нарса амалга киради, деб ҳисобланган.
Абу Райхон Берунийнинг «Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар» номли асарида у кичик байрам тарзида фарвордин ойининг олтинчи кунигача давом этгани таъкидланади. Демак, фарвордин ойининг олтинчи куни «Катта Наврўз»нинг моҳиятини бевосита табиат билан боғлайди ва бу ҳақда шундай ёзади: «…У бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақгда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан гуллар очилгунча, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунча, ҳайвонларда насл вужудга келгунча давом этадиган вақтда келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган». Бу фикрлар унинг қадимдан табиат ва кўклам байрами бўлганини яна бир карра исботлайди.
Халқ орасида олис ўтмишда байрамни ўтказишнинг ўзига хос тартиб-қоидалари бўлган. Бу ўринда исломгача бўлган Наврўзда оддий халққа тегишли бўлган одатлар ҳам диққатга сазовор. Байрам куни одамлар бир-бирига шакар ва ширинликлар ҳадя қилиш (ҳаётингиз ширин бўлсин деган маънода), бир-бирига cув сепиш (бу йил сув кўп бўлсин, ҳосил яхши бўлсин деган маънода) ва бошқа одатлар кенг тарқалган. Кейинги асрларда эса ҳовли-жойларни тозалаш, кўчат ва гуллар экиш, ота-она, ёру дўстларни зиёрат қилиш каби одатлар Наврўз байрамининг таркибий қисмига айланган.
Бугунги кунда халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти ва эзгу қадриятларини ўзида яққол мужассам этган, она табиат ва одамлар руҳиятида юз берадиган яшариш, янгиланиш ва юксалишларни асрлар давомида тўла намоён қилиб келаётган Наврўзи олам энг ардоқли миллий байрамларимиздан бири ҳисобланади. Унинг БМТ томонидан халқаро байрам сифатида эътироф этилгани янада қувонарли.
Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимиз ўзининг ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини тобора чуқур англаб бораётган Янги Ўзбекистон шароитида Наврўз том маънода умумхалқ байрамига айланиб, эл-юртимиз томонидан катта шоду хуррамлик билан нишонланмоқда.
Ҳ. РАШИДОВ.