“БРИЛЛИАНТ ҚЎЛ”ДАГИ ШАҲАР

Болалигимдан аниқ фанларни ёқтирганим боис Тошкент молия институтига ўқишга кирдим. Институтни “аъло” баҳоларга битириб, магистратуранинг “бухгалтерия ҳисоби” йўналишида таҳсилни якунладим.

Банк соҳасида илк фаолиятим “Hamkorbank” АТБнинг Шайхонтоҳур универсал банк хизматлари офисида бошланган. Эсимда, 2019 йилнинг апрель ойида чакана бизнес бўлимига иш ўрганувчи сифатида келганман. Ва йил охирида универсал менежер, келаси йилда эса мидл офис, кейин якуний назорат мутахассиси лавозимида ишладим. 2025 йилдан Бош банк вакили сифатида Шайхонтоҳур УБХОда фаолият юритмоқдаман.
Мен учун банк шунчаки пул сақлайдиган жой эмас. У кўпроқ аҳоли, тадбиркорлар ва мамлакатимиз иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаган молиявий ёрдамчи ташкилот. Биз ходимлар банкда жорий қилинган хизматларни бажарувчи, халққа етказувчи инсонлармиз. Агар ўз касбимизни севмасак, сидқидилдан хизмат қилмасак, халқнинг молиявий ёрдамчиси бўлолмаймиз. 6 йилдан ортиқ фаолиятим давомида ана шу қарашларга амал қилиб келяпман. Касбимга меҳр қўйдим, сидқидилдан хизмат қилганим сабаб жуда кўп ютуқларга эришдим. Тажрибали устозлардан назарий ва амалий билимлар олиб, ҳақиқий мутахассис бўла олдим. Ҳар доим меҳнатимга муносиб тақдирланиб келдим.
Жорий йилнинг май ойида Банк Бошқаруви ҳамда Бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси томонидан ташкиллаштирилган Озарбайжон саёҳатида бўлдик. Бу шаҳардаги 6 куним хотирамда бир умр муҳрланиб қолди. Саёҳат жуда қизиқарли, таассуротларга бой ўтди. Баку шаҳрининг кўплаб тарихий жойларини кўрдик, меҳмон бўлдик. Озарбайжон халқининг меҳмондўстлиги, самимийлиги биз ўзбекларнинг феъл-атворига яқин экан.
Ҳақиқатан Баку жуда чиройли, тартибли, мафтункор шаҳар. Денгиз бўйида жойлашганлиги боис ҳавоси тоза, салқин. Сўлим табиати кишини ўзига тортади. Таомлари бизникига ўхшаб тотли, бироқ кўпроқ турк таомларини эслатади. Мени ҳаяжонлантиргани бу шаҳарда бутун дунёга машҳур, болалигимиздан севиб томоша қиладиган “Бриллиант қўл”, “Қайнона”, “Одам амфибия” фильмлари суратга олинган экан. Айни ўша жойларда, кўчаларда бўлдик. Бундан ташқари, шаҳарни ҳар тарафдан кузатиш мумкин бўлган “Шаҳидлар майдони”, Озарбайжон давлати Президенти томонидан 2012 йилда қурилган “Гейдар” масжиди, “Гейдар Алиев” маркази алоҳида таассурот қолдирди. Мароқли саёҳат киши руҳиятига катта таъсир қилар экан. Ўзимда енгилликни ҳис қилдим, меҳнатга бўлган иштиёқим ортди. Ташкилотчилардан роса хурсанд бўлдим.

Зилола ХОЛИҚУЛОВА,
Якуний назоратни мувофиқлаштириш бўлими етакчи мутахассиси