БУГУН РАҚОБАТ КУЧЛИ
Чиндан ҳам шундай. Ҳозирги давр доим ҳаракатда бўлишни талаб этади. Ҳар бир соҳада рақобат ичра турмоқ учун билим, салоҳият, тадбиркорлик ва ташаббускорлик зарур. Бухоролик Рухилло Очилов ана шундай ҳислатларга эга тадбиркорлардан.
Мамлакатимизда логистика соҳаси йилдан-йилга ривожланиб боряпти. Кўплаб тадбиркорлар ўз бизнесини шу соҳада олиб бормоқда. Рухилло ҳам 2019 йилда “Truck Profi” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиб, экспорт-импорт хизматини ташкил қилди.
Катта машиналарда узоқ йўлга сафарга чиққан инсоннинг на ўзида ва на уйида ҳаловати бўлади. Йўл азоби, қийинчиликлари ҳар бир ҳайдовчига аён. Шунга қарамай ана шу масъулиятли касб эгалари Туркия, Россия, Литва, Латвия каби кўплаб давлатларга озиқ–овқат ва текстиль маҳсулотларини етказиб бериш хизматини амалга оширяпти.
Айни пайтда “Truck Profi” МЧЖ логистика хизмати учун 60 та машина ҳамда автомашиналарни таъмирлаш ва сақлаш учун ўз автопаркига эга. Тадбиркорнинг изланишлари ва саъй-ҳаракатлари натижасида 70 нафар бухоролик иш билан таъминланди. Ишчи-хизматчилар учун барча шароитлар яратилган, иш ҳақи ўз вақтида тўланади.
— Ҳайдовчилардан Зайниддин Бозоров, Жума Ботуров, Маҳмуд Набиев, Алишер Бақоев ва Алишер Саъдуллаевлар анчагина тажрибали. Улар билан корхонамиз ташкил қилингандан буён ҳамкорлигимиз бор, -дейди МЧЖ раҳбари.
Жамоадошларининг кўмаги ва бамаслаҳат иш кўриши туфайли Рухиллонинг бизнеси ривожланиб боряпти. 2019 йилдан буён “Hamkobank” АТБ Бухоро филиалининг мижози ва доимий ҳамкори. Ўз навбатида банк корхонанинг молиявий кўмакчиси ҳамдир.
Бугун иқтисодий ривожланиш, тадбиркорлик йўналишида ўз мавқеини сақлаб қолиш осон эмас. Боиси юқорида айтганимиз рақобат жуда кучли. “Truck Profi” МЧЖ ана шу рақобатга тайёр.
Н. Тўрақулова.

