ВЕТЕРИНАРИЯДА ҲАМ СИФАТ МУҲИМ

“Бир товуққа ҳам дон керак ҳам сув керак” дейди халқимиз. Мен бу мақолга қўшимча сифатида касалликлардан ҳимоя қилувчи дори-дармонлар ҳам зарур, дейман. Олий маълумотли ветеринар-шифокорман. 1984 йилда Москва ветеринария академиясини тамомлаганман.
Бир неча йил мутахассислигим бўйича турли лавозимларда ишладим, юқори малакага эга бўлдим. Собиқ тузумнинг сўнгги йилларида ветеринария соҳасида дорилар тақчиллиги юзага келди. Бунинг оқибатида чорва ҳайвонларининг кўплаб нобуд бўлиш ҳолатлари кузатилди. Перепаратларга бўлган кучли талабдан келиб чиқиб, 1989 йилда Гулис­тон шаҳрида корпоратив шаклдаги ветеринария корхонасини ташкил қилдим. Унга “Kamalak” дея ном бердим. Ва республикада биринчилардан бўлиб чорва моллари учун дорилар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим. Муассасамиз 1993 йилда хусусий корхона сифатида рўйхатга олинди.

Маҳсулотларимиз ҳақида

Бугунги кунда «атонол», «тимпанол», «албекам», қўтир малҳами, олтингугурт каби 10 турдаги ветеринария дори-дармонларини ишлаб чиқаряпмиз. Хўш, бу перепаратлар қандай мақсадларда қўлланилади? Масалан «Атонол» билан «тимпанол» иштаҳани очиб, қорин дамланишини бартараф этади, овқат ҳазм қилишга ёрдам беради. «Албекам» ошқозон, ичак, жигар қуртларига қарши восита. Қўтир малҳами қўтир тошмасида самарали таъсир кўрсатади.
Маҳсулотларимиз бутун респуб­лика бўйлаб тарқатилади. Асосан улгуржи савдо билан шуғулланамиз. Нархларимиз арзон бўлганлиги учун талаб кўп. Етказиб бериш хизматларимиз ҳам мавжуд.
36 йиллик фаолиятимиз давомида маҳсулотларимиз сифати юзасидан бирон марта эътироз эшитмадик. Чунки сифатга катта эътибор қаратамиз. Дори тайёрлаш технологиясини тўғри йўлга қўйсангиз, ҳеч қачон ножўя таъсири кузатилмайди.

Банк билан ҳамкорлик

Гулистон шаҳрида “Hamkorbank” иш бошлаганидан буён унинг мижозиман. Узоқ йиллик ҳамкорлигимизнинг туб сабаблари кўп омилларга бориб тақалади. Аввал бошқа банкнинг мижози бўлганман. Очиғини айтиш керак, ўша банкда хизмат кўрсатиш сифати талабга жавоб бермас эди. Чалкашликларга кўп дуч келганман.
“Hamkorbank”да бутунлай бошқа муҳитни кўрдим. Биринчи навбатда сиз бу банкка кириб борганингизда ўзингизни инсон сифатидаги қадрингиз юксалганини ҳис қиласиз. Қулай ўриндиқлар, иссиқ қаҳва, конфет. Кутиш залидаги столлар устида газета туради. Мана шу қўшимча воситалар ҳам мижозлар учун яратил­ган шароитларнинг бир кўриниши сифатида кайфиятингизни кўтариб юборади. Сиз ўз қадр-қимматингизни баҳосини тушуниб етасиз. Ходимларнинг муомаласи, билимдонлиги, аниқ, тез ва сифатли ишлаши эса ишончни янада оширади. Хизмат кўрсатиш жараёнидаги тартиб ҳам мақтовга сазовор.
Узоқ йиллик мижоз бўлганим учун банк ходимлари фарзандимдек қадрли бўлиб қолган. «Баракалла» дейман доим. Ҳазилкашлигим учун улар ҳам ҳазил-мутойиб қилиб туришади, ўз оталаридек ҳурматимни жойига қўяди. Мижозга бундан ортиқ яна нима керак. Илиқ ва самимий ҳамкорлик бир неча маротаба кредит олишимга сабаб бўлди. Корхонамиз ҳисоб-рақамини юритишни шу банкка ишониб топширганман.

Барчага яхшилик тилайман

Шукрки, бу ҳаётда бир инсонга берилиши керак бўлган барча неъматларга эга бўлдим. 72 ёшдаман, 4 фарзандим, 10 набирам, 1 чеварам бор. Ҳануз китоб ўқийман, ўз устимда изланаман. Республикамизнинг барча вилоятларида дўст, таниш-билиш орттирдим. Фаолиятим, меҳнатим орқали яна узоқ йиллар одамларга нафим тегишини истайман. Зеро, инсондан фақат яхшилик ва яхши ном қолади.

Қосим ЖАББОРОВ,
“Kamalak-LB” хусусий корхонаси раҳбари