ВОДИЙДА БИРИНЧИ РАҚАМЛИ

Яқинда “Hamkorbank”нинг мижозлари фаолиятини ўрганиш мақсадида тадбиркору ишбилармонлар маскани Наманганга бордик. Бизга Наманган МБХОнинг молиявий ривожланиш йўлидаги энг яхши мижози ҳисобланган “Uychi parranda” МЧЖ ҳақида ёзишимизни маслаҳат бердилар.

— Бу мижоз билан ҳамкорлик ўрнатиш осон кечгани йўқ, — деди ушбу ҳамкорлик лойиҳасининг асосий муаллифи, МБХО юридик мижозларга хизмат кўрсатиш бўлими ВИП менежери Музаф­фар Азимов. — Шартнома тузилгунича тиним билмадик. Ва ниҳоят хизмат кўрсатишдаги сифат ва устунликларимизга ишонтирдик.
— 2011 йилда мазкур МЧЖни номи билан сотиб олиб, гўшт, жўжа, наслли тухум етиштиришни йўлга қўйдик, — дейди таъсисчи Лухмонжон Камалов. — Сифат кўрсаткичларимиз ошиб боргач, республикадаги энг йирик корхоналар ҳамкоримизга айланди. “Sherin”, “Rozmetov” савдо белгиси остидаги колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компаниялар айнан бизнинг товуқ гўштларимиздан фойдаланмоқда. Маҳсулотларимиз “Evos”, “Makro”, “Korzinka” каби йирик савдо дўконларида сотилади. Бу, албатта, маҳсулотларимизга бўл­ган ишончдан далолат. Маҳ­сулот­нинг бренд даражага чиқишида сифатли хомашё муҳим роль ўйнайди.
— Бир йилда 6-7 минг тоннагача гўшт етиштирамиз, — қўшимча қилди яна бир таъсисчи Одилжон Раҳматов. — Ойига ўртача 300 000 та наслли она товуқ боқилади. 4,5 миллион дона тухум етиштир­япмиз. Тухумларни 6 миллионтага етказишни режалаштир­япмиз. Шу йил “Hamkorbank” билан 7 миллион долларлик лойиҳаларни молиялаштирдик. Бизда бу банкка нисбатан ишонч уйғонди. Корхонамиз билан алоқа ўрнатган Музаф­фаржонга қойил қолдик, очиғи. Қўнғироқ қилсак, 24 соат мобайнида “лаббай” деб жавоб беради. Қандай савол туғилса, эринмай изоҳлаб беради. Шундан сўнг “бирга ишласак, ютқазмас эканмиз” деган хулосага келдик. Мен «Facebook»даги саҳифамга “Hamkorbank” ҳақиқий ҳамкор экан” деган фикрни ҳам ёздим.
Гигант корхоналар ўзига яраша талаблари, иш юритиш услуби билан ажралиб туради. Айни пайтда Фарғона водийсидаги энг йирик паррандачилик корхонаси бўлиб турган “Uychi parranda” МЧЖнинг ҳам ўзига хос бизнес имиджи бор. Бу ерда ҳамма эътибор ва ҳаракат асллик, софлик ва тозаликка қаратилган, ишлаб чиқариш жараёни юқори технологияларга асосланган.
Корхонада “Росс-308” зотли бройлер жўжалар боқилади. Бу тур оз еб, тез вазн йиғади. Паррандаларга маккажўхори, соя, буғдой каби сара озуқалар, қўшимча витаминлар берилади.
— Озуқаларнинг барчаси табиий. “Товуқларга тез семириши учун укол қилинади, гормонлар берилади”, деган миш-мишлар мутлақо асоссиз. “FSSC 22000”, “UAE.S GSO 2055-1:2021 (HALAL) каби халқаро сифат сертификатларини бежиз қўлга киритмаганмиз. Сертификат муддати тугаганда халқаро ташкилотнинг махсус вакиллар келиб, текширув ўтказади. Сифатимиз талабга жавоб берсагина, сертификат муддатини узайтиради, — дея фаолиятига изоҳ берди тадбиркорлар.
Ана шундан сўнг сў­йиш цехини кўздан кечирдик. Ҳақиқатан ҳам тозаликка қаттиқ эътибор қаратилишига гувоҳ бўлдик. Ишчиларнинг барчаси махсус кийимда. Цех бир соатда 6 минг бош парранда сўйиш қувватига эга.
Товуқ боқиш катта таваккалчилик дегани. Ушбу бизнесга миллионлаб сармоя тиккан Лухмонжон ва Одилжонга ўхшаган тадбиркорлар бунинг машаққатини яхши англайди. Лекин улар мана шу хавф омиллари юқори бўлган бизнесни уддабуронлик билан ривожлантириб келмоқда. Бунинг учун кечаю кундуз тиним билмаяпти. Таъсисчилар ушбу бизнес ортидан ўз эҳтиёжларини тўла таъминлаб, жамият, халқ учун наф келтирувчи шахс босқичига етди. Эндиликда уларнинг мақсади уй-жой ёки машина эмас, балки кўплаб иш ўринлари яратадиган, мамлакатга сифатли маҳсулот етказиб берувчи йирик ишлаб чиқарувчига айланишдир. Бу жараён эса Ўзбекистон иқтисодиётининг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшади.
Н. ТЎХТАМАТОВА