ВОДИЙДА ЯГОНА

“Hamkorbank” АТБнинг Қувасой филиали мижози бўлган “Қувасойцемент” акциядорлик жамияти мамлакатимизда кўзга кўринган йирик ишлаб чиқариш қувватига эга корхоналардан бири. Корхона Фарғона водийсини қурилиш ашёларига бўлган талабини қондирибгина қолмай, бутун республика учун маҳсулот етказиб берувчи ҳисобланади.
“Қувасойцемент” АЖ 1929 йил 21 февралда “Стромстройпроект” лойиҳалаш ташкилоти томонидан амалга оширилди. Ўттизинчи йилларда биринчи маҳсулот — 42,3 тонна цемент ишлаб чиқарилди. Корхона ишга туширилгач, юзлаб қувасойликлар иш билан таъминланди. Аммо, мутахассислар етишмаслиги боис, асосий ишчилар Россиядан олиб келинади. Маҳаллий аҳоли карьерлар, оҳактош конларида оғир қўл меҳнати билан шуғулланишар, вагонеткалар судрашар, аравакашлик, қурувчилик, юкчилик билан банд эди.

МОДЕРНИЗАЦИЯ — РИВОЖЛАНИШ АСОСИ
Модернизация ва реконс­трукция ишлари изчил йўлга қўйилган корхонада компьютерлаш­тириш асносида ишлаб чиқариш самарадорлиги ортди. Шунинг билан бирга ҳозирги кунда қуруқ йўл билан цемент ишлаб чиқариш ҳамда маҳсулот ишлаб чиқаришда ўриндош ёқилғи кўмирдан фойдаланиш жараёнини амалга ошириш мақсадида тайёргарлик олиб бориляпти. Режадаги ишлар амалга оширилса, қўшимча иш ўринлари ташкил этилади. Айни дамда заводда 1 минг 255 нафар ишчи- ходим ва 64 нафар касаначи меҳнат қилмоқда.
Ҳозирда ишлаб чиқариш техника бўлимида 4 нафар назоратчи фаолият кўрсатади. Аваз­бек Раҳматов бўлим бошлиғи сифатида масъулиятни зиммасига олган. У 21 йилдирки корхона ривожига ҳисса қўшиб келаётганлардан.
— Бугунги кунда 1 миллион 200 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада сифат талаби жуда юқори, — дейди бўлим бошлиғи.
Цемент ишлаб чиқарадиган корхоналар бор жойда чанг атрофга тарқалиши табиий. Хом­ашёни қайта ишлаш цехидаги тегирмон танаси ва цемент ишлаб чиқариш тегирмонидаги электрофильт янгисига алмаштирилди. Натижада шу кунга қадар ташқарига чиқарилаётган чанг бартараф этилди. Бу схема асосида ишлаб чиқариш қуввати 2 тоннага, яъни 4-тегирмон соатига 26 тоннадан 28 тоннагача цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлди. Бугун цемент ишлаб чиқариш соҳасида рақобат катта, бироқ ҳамон Қувасой цементига эҳтиёж юқори.

ЛОFОН — ЧИНАКАМ ХАЗИНА
Қувасойнинг шундоққина ёнбошида жойлашган хазина — Лоғон адирликлари бағрида гулвата, гил тупроқ, чиғаноқтош каби хомашё заҳираси мавжуд эди. Ушбу жой корхона ривожига асос бўлди ва чет элдан келтириладиган хомашё эҳтиёжига барҳам берди. Ўша кезларда Лоғон оҳактош конидан қазиб олинадиган хомашё миқдори 40 миллион тоннадан ошди. Бу эса цемент ишлаб чиқариш қуввати ва заҳира қийматини муваффақиятли таъминлади.
Бугунги кунга келиб юз фоиз қувват билан ишлаётган Лоғон оҳактош кони йилига 1 200 000 тонна хомашё ишлаб чиқаришга қодир. Табиат бағридаги ушбу қазилма нафақат “Қувасойцемент” корхонаси, балки, халқимизнинг чинакам бойлиги десак муболаға бўлмайди.
Истиқлол йилларида ҳам арзон, ҳам сифатли, турли хом­ашёларга бой анчагина конлар топилди. Корхонада қурилиш маҳсулотларининг янги турларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Замонавий технологияларни изчил жорий этиш, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, механизациялаш ҳамда уни компьютер билан бошқариш амалга оширилди. Шу билан бирга ишчи-ходимларнинг турмуш фаровонлиги яхшиланди, маошлар кўпайди, имтиёзлар яратилди.

ЯНГИ ФИЛИАЛ
Республикамизнинг марказий вилоятларини цемент маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш мақсадида, акционерлик жамиятининг Янги йўл филиали фаолияти йўлга қўйилди. Иш бошланиш арафасида “Қувасойцемент” корхонасининг тажрибали, билимли ва изланувчан 100 нафар мутахассиси у ерда иш ўргатиб қайтди. Айни дамда янги корхонанинг маҳсулотлари воҳа вилоятларига етказиб берилмоқда.

ФАХРИЙЛАР — ФАХРИМИЗ
Хомашё қазиш участкаси бошлиғи Тўлқинжон Маҳмудов ўз ишининг устаси бўлган. Айни пайтда нафақада, кўплаб шогирд­лари унинг йўлини давом эттирмоқда. Дилором опа Қаюмова узоқ йиллардан буён ҳисобчи вазифасида меҳнат қилиб, ёшларга касб сирларини ўргатиб келмоқда. Ҳар йили ёш мутахассисларни ишга қабул қилишда тажрибали устозларнинг фикрлари инобатга олинади. Янги ходимлар Алишер Ғаниев, Муроджон Мўминжонов, Аҳроржон Ўтановлар кўмагида маҳоратини оширадилар. Саиджон Аҳмедов аслида технолог. Шлак ишлаб чиқариш устаси. Шогирдлари талайгина.
Давлатимиз иқтисодиётига муносиб улуш қўшаётган корхона бош технологи Неъматжон Абдиллаев самарали меҳнати натижасида давлат мукофотлари — “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденларига муносиб кўрилган мутахассислардан.

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ МУҲИМ
— Корхонада ишчи-ходимларни ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида иш берувчи билан касаба уюшма қўмитаси ўртасида жамоа шартномаси тузилган. “Роҳат” профилакториясидан ташқари, Респуб­лика миқёсидаги санаторийларда ижтимоий суғурта ва касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан соғломлаштириш ишлари олиб борилади, — дейди касаба уюшма раиси Махсуджон Жабборов. — Шунингдек, ишчи-ходимларни кунлик соғлиқларини назорат қилиб бориш мақсадида корхонанинг ўзида тиббий пункт ҳамда даволаш-соғломлаштириш маркази фаолият юритмоқда. Айниқса, ёшлар ва хотин-қизларга эътибор юқори.
Корхона ишчилари — уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланади. Бош ошпаз Файзулло Азизов 38 йилдан буён мазали таомлар тайёрлайди. Европа ва миллий таомлар устаси сифатида кўпчиликнинг қалбидан жой олган. Сут маҳсулотлари, махсус иш кийимлар (ҳар бир мавсум учун) ҳамда ишга келиб кетишлари учун автобуслар ташкил қилинган.
Маънавият клубидаги 2 минг 500 дан зиёд китоб фондига эга кутубхона, миллий анъаналарни акс эттирувчи касаначилик кўргазмалари, хотира бурчаги эътиборингизни тортади. Бу ерга келганлар музейидаги экспонатлар асносида “Қувасойцемент” акция­дорлик жамиятининг тарихи билан танишадилар.

САЛОМАТЛИК МАНБАИ
Ишчи-хизматчиларнинг мазмунли дам олишлари учун кенг имконият яратилган. Соғлиқларини тиклашлари учун “Роҳат” сиҳатгоҳи ишлаб турибди. 1986 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган ушбу тиббиёт маскани 65 ўринга мўлжалланган. Ҳозирги пайтда Фотимахон Аҳмедова раҳбарлик қилади. 14 нафар малакали шифокор ва ўрта тиббиёт ҳамширалари ширин калом ила муолажа қиладилар. Меҳнат таътилига чиққан ҳар бир ходим тиббий кўрикдан ўтказилади ва даволанади, профилактик муолажалар олади. Дилоромхон Баратова, Арабжон Буваев, Раънохон Дадабоева каби саломатлик посбонлари ўз ишининг усталаридир. Сиҳатгоҳ энг сўнгги русумдаги янги ташхис қўйиш ва даволаш тиббий асбоб-анжомлар билан жиҳозланган. Шунингдек, “Роҳат болалар оромгоҳи”да уларнинг фар­зандлари мири­қиб ҳордиқ чи­қа­радилар.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.
Абдували Кабиров олган суратлар.
Андижон-Қувасой-Андижон.