Газета билан ҳамнафасмиз

“Hamkorbank” АТБ Фарғона минтақавий банк хизматлари офиси Фарғона вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ўзига хос ўрин тутади. Биз ҳамкорлик қилаётган ишлаб чиқариш, савдо-сотиқ ва хизмат кўрсатиш корхоналари вилоят иқтисодий тараққиётида катта аҳамиятга эга.
43 нафар ходим фаолият юритаётган муассасамиз биринчилардан бўлиб “Hamkor рress”нинг 2024 йилги обуна режасини тўлиқ амалга оширди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Аввало, эътибор ва назоратнинг ўзаро уйғунлигида. Раҳбар сифатида бу жараёнга жиддий масъулият­ билан ёндошдик, назоратни йўлга қўйдик. Натижада кўзлаган мақсадимизга тезкорлик билан эришдик. Қолаверса, банкимиз ходимларининг ўзида ҳам газетага бўлган қизиқиш юқори. “Hamkor рress”ни синчковлик билан ўқиймиз. Берилаётган маълумотлар ҳеч биримизни бефарқ қолдирмайди. Бош банк ва офислар фаолияти, улар эришаётган натижалар, амалга ошираётган янгиликлар доимий диққат марказимизда. Баъзи тармоқлардаги ютуқларни ўқиб, ҳавас уйғонади, улар каби самарали ишлашга ҳаракат қиламиз. Бошқа банк офисларидан ортда қолиб кетмас­лик учун янги режалар тузамиз. “Hamkor рress” ёритаётган маълумотлар биз учун шунчаки мотивация манбаига айланган.
Мижозлар обунаси бўйича ҳам кўрсаткичларимиз ижобий ҳолатда. Бунинг сабаби шундаки, ҳамкорларимиз ҳам “Hamkor рress” билан яқиндан таниш. Кўпчилиги газетани мунтазам кузатиб боради. Нашрга бўлган ижобий муносабати туфайли обуна масаласида ҳам таклифимизни қўллаб-қувватлаб келишмоқда. Бу борада биринчилардан бўлиб обуна шартномаларига қўл қўйган ҳамкорларимиз — якка тартибдаги тадбиркор Азизбек Абдуллаев, “SOXIBKOR TRANS” ва “XumoyunMirzo universal trans” МЧЖларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Умид қиламизки, газета бизга фаолиятимизда керак бўладиган янада муҳим маълумотларни тақдим этади. Айниқса, респуб­ликамиздаги бошқа банклар ва жаҳондаги етакчи молия муассасаларининг ишлаш тизими, эришаётган ютуқлари кўпроқ бериб борилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки биз бу нашрдан фақат ўрганамиз.

Абдуқаҳҳор ШАРИПОВ,
Фарғона МБХО бошқарувчиси.