ГАЗЕТХОН ҚЎРFОНТЕПАЛИКЛАР

Кеч соат 17:00 лар атрофида “Hamkorbank” АТБ Қўрғонтепа универсал банк хизматлари офисига кириб бордим.  Мақсадим «Hamkor press» газетаси 20 ёшга тўлган кунларда қўрғонтепалик банк ходимлари билан учрашиб, газета борасида ўзаро фикр алмашиш эди. УБХО бошқарувчиси Ўткирбек Тожибоев­ мени дарҳол тушунди ва кадрлар билан ишлаш менежери Маъмурахон Ҳайитбоевага учрашувни ташкиллаштириш вазифасини топширди.

Шинам ўқув залига ишини якунлаб бўлган ходимлар бирин-кетин кириб келди. Банк ишининг моҳиятини англаган ҳолда айтиш мумкинки, бу тизимда вақт жуда қадрланади. Айниқса, мижозлар билан ишлаётган пайтда ходимга халақит  бериш ахлоқий ва корпоратив этикага зид ҳисобланади. Шу ҳолатни ҳисобга олган ҳолда учрашувни мижозларни қабул қилиш вақти тугаган пайтга мўлжалладим.

Ходимлар билан тезда тил топишиб кетдик. Улардаги газетага нисбатан қизиқиш ва якдил фикрлар  мени руҳлантирди. Суҳбатдошларимни кузатар эканман, нашримизга бўлган муносабат мен ўйлаганданда ижобий эканлигидан қувондим.

Исломжон Ҳурбоев чакана бизнес бўлимида иш ўрганувчи экан. “Hamkor рress” ҳақида шу ерда хабар топдим. Менга бу газета ёқиб қолди. Чунки у орқали “Hamkorbank” билан янада кенгроқ танишиб боряпман. Шахсан мен учун газетадаги барча мавзулар қизиқарли ва фойдали бўлмоқда. Шу йилнинг 12 июнь куни чиққан сонида “Телефоннинг асирига айланяпмиз” ва “Орзудаги маошни тўловчи мамлакат” номли мақолалар диққатимни тортди. Мен бу мақолалардан ўзим учун керакли хулоса ва муҳим маълумотларни олдим”, дея фикрларини дадил баён қилди Исломжон.

Феруза Азимова чакана бизнес бўлими универсал менежери. Унинг бир гапига эътиборимни қаратдим. “Биз бошқа банк офисларидаги ҳамкасбларимиз билан онлайн чатда мулоқот қиламиз. Баъзида йиллаб гаплашсак ҳам юзини кўрмаймиз.  Уларнинг фотосуратини  “Hamkor рress”да кўриб қолсак, “биз чатда гаплашадиган ходим шу эканда”, деб ажабланиб қоламиз. Газета бизни кўришнинг имкони бўлмайдиган бошқа ҳамкасбларимиз билан кўриштиряпти. Саломатлик ҳақидаги мавзуларни ҳам эътибор билан ўқийман. Улардан ўзим  учун фойдали жиҳатларни ўрганишга ҳаракат қиламан”.

Газета ҳақида тўлқинланиб сўзлаётган ходимларга разм солар эканман, уларнинг тимсолида дунёқараши кенг, ўз фикрига эга, маърифатли инсонларни кашф қилдим.

Банкнинг энг муҳим бўғинларидан ҳисобланган чакана бизнес бўлими бошлиғи Шерзод Маҳамадовнинг тиришқоқлигига кўп бора гувоҳ бўлганман. У ҳеч қайси мижознинг мурожаатини эътиборсиз қолдирмайди. Қолаверса, газетамизнинг фаол ўқувчиларидан.

— “Hamkor рress”нинг ҳар бир сонини кузатиб бораман. Нашр биз учун энциклопедиядек гап.  “Hamkorbank” тўғрисидаги маълумотлар манбаи деб ҳисобласак ҳам бўлади. Бу биринчи томони бўлса, кейингиси ҳар хил мавзулардаги мақолалардан мотивация оламиз. Нафақат ходимлар, балки, мижозларимиз ҳам газетага бефарқ эмас. Аксарияти ўзи қизиққан ҳолда обуна бўлган. Офисимизга келса, албатта, газетани сўраб, олиб кетадиган ҳамкорларимиз кўп.  Уларнинг орасида ҳар битта сонини қолдирмай қизиқиб ўқийдиганлари бор. Мижозлар газета орқали банкимиз ҳақида кўпроқ билишни истайди. Таклифим, яратилаётган янги маҳсулотлар тўғрисида кенгроқ маълумот бериб турилса, мижозлар учун янада қулайлик туғилади”, — деди Ш. Маҳамадов.

Бошқарувчи Ўткирбек Тожибоевнинг  маънавиятига фақат ҳавас қилиш мумкин. У юксак этикага эга шахс. Матбуот ҳақида ҳам ҳеч кимга ўхшамаган қарашлари мавжуд. “Тўғри, интернет  ривожланган бир пайтда яшаяпмиз, ахборот манбалари сон-саноқсиз. Аммо, барибир, босма нашрнинг ўзига хос табиати бор. Шахсан менга газетанинг ҳиди ёқади. Раҳматли дадам болалигимизда почтачи бўлиб ишлагани учун уйимиздан газета ҳиди келиб турар эди. Мана шу ҳид димоғимга бир умр ўрнашиб қолган ва ажиб туйғуларни ёдга солади. Газетадаги ҳиссиёт онлайн ахборот воситаларида учрамайди. Дадам ўтган йили 86 ёшида оламдан ўтди.  Раҳматли “Hamkor рress”нинг ҳар бир сонини ўқиб борарди. Газетада дадам билан бирга тушган суратимиз ҳам чоп этилган. Ўша суратни портрет қилдириб, уйимнинг тўрига илиб қўйганман.

Газетага ўқувчи интернетдан кўра кўпроқ ишонади. “Қўрғонтепа сервис” МЧЖ бош ҳисобчиси Муроджон Тожибоев доим иш билан келса, даставвал газетамизни сўрайди. Мана шундай пайт­ларда банкимиз билан фахрланиб кетаман.   “Hamkorbank” аҳолига нафақат хизмат кўрсатади, балки, зиё ҳам тарқатади”. Ҳа, Ўткирбекнинг гапларида ҳақиқат бор. Босма ахборот аниқ фактларга, чуқур изланиш ва таҳлилларга асосланади.  

Маъмурахон Ҳайитбоева кадрлар билан ишлаш менежери сифатида 10 йилдан буён ишлаб келади. Унинг  теран қарашлари бизга жуда маъқул келди.

“Hamkor рress”нинг ҳар бир сонини интиқлик билан кутамиз. Газета келиши билан ходимларга бирма-бир тарқатиб чиқаман. 11-сонида Нукус МБХО ходими Азамат Уразбоевнинг теннисдаги ютуқларини ўқиб, демак, инсон имкон топса, ҳаракат қилса, қўшимча машғулотларга улгуриши мумкин эканда, деган фикрга келдим. “Электр энергиядан қандай фойдаланяпсиз?” номли мақола электр энергияни тежашни оиладан бошлашимиз ва  ишхонада давом эттиришимиз керак, деган хулосага сабабчи бўлди.

Умуман олганда газетадан руҳиятимиз озиқланади. Тасвир бир сонияда акс эттирадиган воқеликни босма нашр 2-3 саҳифада батафсил  ифодалаб бериши мумкин. “Hamkor рress” орқали биз касбдошларимизнинг ютуқлари билан танишиб боряпмиз. Таклифим, ўша инсонларнинг шу натижага қандай эришганлиги, тажрибалари ёритиб ўтилса, биз ҳам улардан ўрганиб борамиз”. 

Ҳа, юқорида билдирилган фикрлардан руҳланган, мамнун бўлган ҳолда шу хулосага келдимки,  қўрғонтепаликлар кўп масалаларда илғор ва кенг тафаккурга эга. Улардаги касбига бўлган муҳаббат, жараёнларга бефарқ қарамаслик, мутолаани севиш, ўқиб-ўрганишдан тўхтамаслик ва ҳар соҳада ўзининг нуқтаи назарига эга бўлиш каби хислатлар ибрат оларли.

Нигора МИРОЛИМ қизи