ГАЗ ЯНА БАРЧАНИНГ МУАММОСИГА АЙЛАНДИ

Кун мавзуси

Айни кунларда эрталаб уйдан чиқар экансиз. кунлик қиладиган ишингиздан аввал газ ва электр энергия ҳақида ўйлайсиз. Ҳавонинг совуб кетиши натижасида газ босимининг пасайиши оқибатида автомобилларга газ қуйиш шохобчалари фаолиятига вақтинчалик чекловлар ўрнатилмоқда. Устига устак, электр энергиясидаги узилишлар чеклов вақтини узайтиряпти.

Автомобилларга газ қуйиш шоҳобчалари олдидага турнақатор машиналар ташвишингизни оширади. Савол туғилади: бу ҳолат қачонгача давом этади? Биз қандай даврда яшаяпмиз? Инновация, рақамлаштириш ҳақидаги гаплар наҳот бу масалага масъул идораларнинг раҳбарларига тегишли бўлмаса?

Яшириб нима қилдик, биргина газ қуйиш шоҳобчаларида бир неча кундан буён давом этаётган бундай ҳолат айрим кўнгилсизликларга ҳам сабаб бўлмоқда. Ҳайдовчиларнинг жанжаллари, кутилмаган автотўқнашувлар, йўл ҳақининг оширилиши, вақт йўқотишлар…

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлари томонидан Энергетика вазирлигига айни шу мавзуда депутат сўрови киритилгани айни муддао. Бу кечиктириб бўлмайдиган масала. Агар Энергетика вазирлиги томонидан истеъмолчилар газ қачон етказиб берилиши ва қанча заҳира борлиги тўғрисида хабардор қилиб борилса, муаммо оз бўлсада камаяди. Онлайин маълумот олиш тизимини йўлга қўйилиши натижасида  ҳайдовчилар вақтини кутиш билан ўтказмай, режа асосида иш юритади. Аҳолининг ҳақли эътирозларига ҳам ўрин қолмайди.

Муаммо жуда тез ечимини топиши зарур. Чунки бу истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баробарида жамоатчиликни  рози қилишга олиб келади.

Акбаржон Назаров.