ГУЛЧИЛИКДАН 350 МИЛЛИОН СЎМ ДАРОМАД
Ҳар йили республикамизда яратилаётган иш ўринларининг асосий қисми хусусий сектор ҳиссасига тўғри келяпти. Бу тадбиркорликнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ортиб бораётганини кўрсатади. Қолаверса, соҳанинг ривожланиши иқтисодиётимизни ўсиши ва халқимиз турмуш шароитини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.
Шу ўринда йирик лойиҳалар ўз йўлига. Юртдошларимиз кичик бир жойда, ҳатто ўз томорқасида катта ишларни амалга ошираётгани қувонарли. Аслида томорқа – даромад манбаи. Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида яшовчилар бу борада ўзига хос мактаб яратган, десак муболаға бўлмайди. Охирги икки йилда тошлоқликлар ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, деҳқончиликдан олаётган даромади ошиб бормоқда.
Тумандаги Қанжирға маҳалласида 739 та хонадон бўлиб, оилалар томорқаларида 400 дан ортиқ иссиқхоналар ташкил этилган. Уларда асосан турли сабзавот кўчатлари ва гул етиштирилади.

Шу маҳаллада яшовчи Адҳамжон Ҳошимов 15 йилдан буён томорқасидан даромад топади. Ҳовлисидаги 15 сотихли иссиқхонадан ҳар йили уч бор ҳосил олади. Айни қиш ойларида ҳам оила аъзолари иш билан банд. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари уруғини қадаб, парвариш қиладилар. Айни қорли кунларда улар парвариш қилаётган помидор, бодринг ҳамда карам кўчатларини кўриб ҳавасингиз келади. Бу эртанги даромад демакдир. Ўтган йили 70 миллион сўм фойда олган миришкорлар амалдаги йилда янада кўпроқ даромадни кўзламоқда.
Фуқаро Элёрбек Каримов ҳам ташаббускорлардан. У яратилган имкониятлардан фойдаланиб, 1 гектар майдонда иссиқхона ташкил этди. Қандай экин экишга келганда иккиланмай гулчиликни танлади. Гўзаллик шайдоси бўлгани сабаб қийинчиликларни енгиб ўтди. Ҳозирда 9 турдаги гул навларини парвариш қилмоқда. Аввалига оила аъзолари билан бошланган иш кенгайди, 10 нафар хотин-қизни иш билан банд қилди. Даромади ҳам шунга яраша.
— Гулчилик меҳрни ва машаққатли меҳнатни талаб қилади, — дейди тадбиркор Э. Каримов. — Авваллари бу ерлар қаровсиз ётарди. Энди гулзорга айланди. Бу жойга келсам дилим яйрайди. Гулларимизни маҳаллий бозорлардан ташқари экспортга ҳам чиқаряпмиз. Бир йилда 350 миллион сўм соф даромад қилдик. Бу айтишга осон. Унинг замирида катта меҳнат ётади.
Президентимиз томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватланаётгани, имтиёз ва имкониятлар берилаётгани ижобий самара бермоқда. Авваллари бирор ишни бошлаш учун қанча тўсиқларни енгиб ўтиш талаб этиларди. Молиявий кўмак масаласида ҳам ишончсизлик бор эди. Бугун ҳаммаси бошқача. Кредит ёки субсидия олиш, кўчмас мулк, экспорт масалаларида муаммога ўрин йўқ. Қатор янги имконият ва шароитлар яратилди. Ҳатто нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларга барҳам берилди. Бунинг натижасини томорқадан катта даромад топаётган тошлоқликлар мисолида яққол кўриш мумкин.
Наргиза Эшонова.