ГЎЖАМИСАН ГЎЖА
Гўжамисан гўжа, салқинликка жўра,
Яхшиси, бир тотинг, эшитгандан кўра.
Гўжа ўзимизнинг оддий ўзбекча таом. Уни қадимдан ота-боболаримиз тановул қилиб келган. Жуда осон тайёрланади, энг муҳими, кўп масаллиқ талаб қилмайди.
Ўзим асли Пискент туманида туғилиб ўсганман. Олмалиқ универсал банк хизматлари офисида ошпазлик фаолиятимни бошлаганимга тўрт ой бўлди. Имкон қадар жамоа тушлигига тотли егуликларни тақдим этишга ҳаракат қиляпман. Ҳозирча ҳаммаси яхши, фантазиямга асосланиб тайёрлаган таомларим, салатлар ҳамда пишириқлар ходимларга ёқяпти.
Тошкент вилоятида “гўжа”ни билмайдиган ва истеъмол қилмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Айниқса, машҳур “Айронтепа” қишлоғида сотиладиган яхна овқатларнинг, шу жумладан, гўжанинг харидорлари кўплаб топилади.
Масаллиқ учун жўхори, сули, буғдой каби бошоқли донларнинг ёрмаларидан фойдалансангиз бўлади. Лекин, барибир, жўхоридан тайёрлангани ўзгача таъм беради.
Аввал оддий сувда ёрмани пишириб оламиз. Сўнг айронни тайёрлаймиз. Дастлаб сувни қайнатиб, совитиб, музлаткичга қўямиз. Сузмани каттароқ идишга солиб, совитилган сувни қуйиб, суюлтирамиз. Кўкатлар ва райҳон баргини майда тўғраб қўшамиз. Таъбга қараб, туз солинади. Кейин пиширилган ёрмани қўшиб аралаштирамиз. Таомни косаларга қуйиб, дастурхонга тортамиз. Мана кўрдингизми, қанчалик тез ва осон тайёр бўлади.
Гўжа яхна таом бўлса-да мазаси ўзгача. Айниқса, жазирамада вужудингизни яйратиб юборади. Ҳам тўқликни таъминлайди, ҳам чанқоқни босади. Юртимизга ёз фасли ҳам кириб келди. Тажрибали ошпаз сифатида барчангизга ушбу таомни тайёрлаб кўришни тавсия қиламан. Ичиб, фақат ҳузур қиласиз.
Малоҳат АҲМАДАЛИЕВА