ГЎШТ ЕЙИШДА ҲАМ МЕЪЁР КЕРАК
Биз гўшт маҳсулотларини севиб истеъмол қилувчи халқмиз. Тўй-ҳашам, марака-маросимларимиз гўштсиз ўтмайди. Шу боис кўп ҳолларда ҳаётимизнинг сифат кўрсаткичи қанча гўшт истеъмол қилаётганимиз билан ўлчанади. Орамизда ҳар куни таомни сергўшт қилиб тайёрлайдиганлар, ҳафтада ҳам қозони гўшт кўрмайдиганлар бор. Нима бўлганда ҳам, барибир, гўшт тотли озуқа, одамга роҳат бағишлайди.
Ўзбекларнинг турмуш тарзимиз кўпроқ қизил гўшт истеъмолига мослашган бўлиб, бу маҳсулот таркибига мол, қўй, от, ўрдак, кийик, чўчқа гўштлари киради. Бутундунё овқатланиш ҳисоботида маълум қилинишича, қизил гўшт энг фойдали бўлиб, темир ва оқсилларга бой ҳисобланади .
Бир кунда қанча?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, катта ёшдаги инсон кунига тана вазнининг ҳар бир килограммига 0,8 граммдан оқсил истеъмол қилиши лозим. Масалан, 70 килограммли инсонга 56 грамм оқсил тўғри келади. 56 грамм оқсил эса 150 грамм қўй гўшти ва 100 грамм мол гўштига тенг бўлади. Лекин кунлик оқсил миқдорини фақатгина қизил рангли гўштлардан олиниши тўғри эмас. Оқ рангли гўштлар (товуқ, курка, балиқ), сут маҳсулотлари, дуккаклилар, соя, тухум, қўзиқорин, бутун донлиларда ҳам оқсил мавжуд.
Ортиқча истеъмол оқибатлари
- Ёғли қизил гўшт таркибида қонда “ёмон” холестерин даражасини оширадиган тўйинган ёғлар кўп бўлиб, улар юрак-қон томир касалликлари хавфини оширади.
- Саратон касалликларини ўрганиш бўйича халқаро ташкилот маълумотларида айтилишича, қизил гўштни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш йўғон ва тўғри ичак саратон касалликларини келтириб чиқариш эҳтимоли бор.
- Қизил гўштдаги тўйинган ёғлар организмда сурункали яллиғланиш жараёнлари — атеросклерозга сабаб бўлади.
- Қизил гўштдаги “гем”ли темир моддаси ҳужайра ва тўқималарни шикастлайдиган оксидланиш жараёнларни чақириши мумкин.
- Таркибидаги пурин моддалари подагра — сийдик кислотасининг ошиб кетишига олиб келиши мумкин.
Спортда ҳам фойдали
Мутахассисларнинг фикрича, гўшт истеъмоли инсон организми учун катта аҳамиятга эга. Бу жараён танани чиниқтиради, тетиклаштиради, жисмонан кучли қилади. Ҳафтасига уч маротаба қизил гўшт ейиш камқонликнинг олдини олади. Камқонлик (анемия) B2 витамини ёки темир танқислигидан келиб чиқишини ҳисобга олсак, деярли ҳар қандай гўштда мазкур моддалар мавжуд.
Қизил гўшт танадаги асосий қурилиш материали бўлган оқсиллар манбаидир. Оқсил етарли бўлмаса, суякларнинг минерал зичлиги пасайиб, остеопороз касаллиги юзага келади. Мунтазам ҳайвон маҳсулотларини истеъмол қилиш суяк синиш хавфини 69 фоизга камайтиради.
Қизил гўшт тановули мушак-скелет тизими фаолиятини мустаҳкамлайди. Ундаги таурин, бетааланин каби витаминлар мушак толалари учун фойдали. Бетааланин витамини машғулотдан кейинги чарчоқ ҳиссини камайтириб, жисмоний машқлар самарадорлигини оширса, таурин юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшилайди.
Ҳар қандай гўшт (оқ, қизил) Б гуруҳ витаминларига (Б1, Б3, Б6, Б12) бой бўлиб, улар хотира ва диққатни кучайтиради, фикрлаш жараёнларини фаоллаштиради. Жумладан, алцгеймер касаллиги хавфини камайтиради.
Шундай экан, соғлом ва кучли бўлишни, спортда юқори натижаларга эришишни истасангиз, албатта, қизил гўшт истеъмолини канда қилманг ва меъёрни унутманг. Имкон қадар қовуриб ейишдан тийилинг. “Асалнинг ози ширин” деганларидек, гўштхўрликнинг ҳам қоидаларига риоя қилсангиз, ҳеч қачон ютқазмайсиз.
Нодира АЛИХОНОВА,
Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти мутахассиси