Дангаса оқибат ёки ижтимоий тармоқдаги кераксиз ёзишмалар
Ижтимоий тармоқдаги саҳифангизни кузатар экансиз, сиз билан виртуал мулоқотдаги айрим инсонлардан келаётган табрикномаларнинг ҳаддан зиёдлигини кўрасиз. “Биринчи қор”, “биринчи ёмғир”, “биринчи туман”, “биринчи шамол” хуллас, уларга қўйиб берсангиз йилнинг 365 кунида табриклаш учун сабаб топадилар. “Душанба тонги муборак” қабилида ҳафтанинг ҳар бир кунига табрик бор. Жума куни бу янада авжига чиқади.
Албатта, ўзаро ширин муомалада бўлиш яхши. Аммо бу тарзда эмас. Жимжимадор табрикномаларда бир оғиз самимий дил сўзи мавжуд эмас, боиси улар тайёр табрикномани қўлма-қўл қилиш билан бандлар. Назаримда, бу меҳр-оқибат, бир-биридан хабар олиш эмас, балки, бошқа бировнинг вақтига, диққатига нисбатан ҳурматсизликдир. Шу йўл орқали қариндошлари ёинки дўстлари билан доимий алоқа ниқобини кийиш эса ўзини ва ўзгаларни алдашдан бошқа нарса эмас.
Нафақат тутуруқсиз табриклар, балки, бўлар-бўлмас видео, фото, постларни гуруҳлар ва фойдаланувчиларга тарқатиш аслида ўша одамнинг руҳий ҳолатидан хабар беради. Бу ишга ружу қўйганларнинг ички оламида кемтиклар, шахсий ҳаётида ҳал қилинмаган муаммолар бор, дея хулосаланиш мумкин. Бинобарин, улар қалбидаги бўшлиқни шу орқали тўлдиришга ҳаракат қиладилар. Жамиятда ўрнини тополмаган инсон шу жўн юмуш орқали инсонлар диққатини жалб этиш, ички “мен”лари эҳтиёжини қондиришга интилади.
Арзимас кўрингани билан кайфиятимизга, иш унумдорлигимизга таъсир қилаётган бу ҳолатлар ёқимсиз, албатта. Ҳозир интернетда бизнес қилувчи тадбиркорлар ўзингиз ихтиёр этмаган ва лозим топмаган ҳолда гуруҳларга аъзо қилиб қўйяпти, яъни “Гуруҳга одам қўш” қабилида. Бунинг эвазига совға ваъда қиладиганлар ҳам анча оммалашди. Ғойибдан совғага учганлар контактида бор одамни гуруҳга қўшишга тушиб кетади. Бу ўз манфаати йўлида бошқалардан фойдаланиш ва молиявий дахл қилиш эмасми.
Тўғри, у фойдали гуруҳ бўлиши ва сизга ёқиши ҳам мумкин. Лекин шундай бўлган тақдирда ҳам тасодифий аъзолик – ҳуқуқингизнинг бузилиши бўлиб қолаверади. Контактингиздаги яқинингиз аввал сизнинг розилигингизни сўраб сафга қўшса, тўғри бўлади. Афсуски, бу маданиятга жуда озчилик риоя қилади. Улар учун махсус функция — гуруҳ ҳаволасини жўнатиш бор. Шахсий саҳифангизга ҳаволали манзил келади, кириб кўрасиз, ёқса — аъзо бўласиз, ёқмаса — йўқ. Бироқ жуда кўпчилик биринчи усулдан фойдаланади. Мақсад – админ ваъда қилган совғани олиш.
Агар канал ёки гуруҳ ҳақиқатдан ҳам керакли, маърифат тарқатувчи бўлса, реклама ва зўраки аъзоларга муҳтожлик сезмайди. У одамларни табиий равишда жалб қилади, интернет фойдаланувчилари ўз хоҳишлари билан сафга қўшилади. Зеро ижтимоий тармоқдаги “смайлик” ва “стикер”лар оқибатни ифодаламайди, уларни самимийлик билан алмаштиринг.
Дурдона АЛИМОВА,
Тошкент.

