ДАРАХТДАН ДАРОМАД ТОПИШНИ ЎРГАНИНГ
Павлония республикамизда ҳали оммалашмаган дарахт тури бўлиб катта даромад манбаидир. Ундан теракка нисбатан бир неча маротаба кўп даромад олиш мумкин.
2021 йилнинг баҳорида «Шантонг» навидан унган ниҳолларни ерга қадаган эдик. Бир йилда беш марта чопиқ қилдик, беш марта турли касалликларга қарши дориладик. Ҳафтада бир-икки мартадан суғориб турилди. Парвариш яхши бўлгани боис олди кўчат 8 метргача бўй чўзди. Тасаввур қиляпсизми? Кичкинагина қутичада ундирилган атиги тўрт энлик нозик ниҳол 8 ойда 8 метрга етди. Унинг афзаллик жиҳатлари жуда кўп. Биринчидан, тез ўсади, иккинчидан, жуда бақувват. Ёғочининг зичлиги боис кемасозликда, мусиқа асбоблари ясашда, уйсозликда, мебелсозликда кенг фойдаланилади. Шахсан ўзим уч йиллик дарахтни кесиб кўрдим, уйсозликда бемалол фойдаланса бўладиган маҳсулот тайёрладим. Мебелсозлардан харидорлар келиб турибди. Ҳар бир тупига 100 доллардан харидор бор, лекин бу нархга сотганимиз йўқ.
Павлония етти йилда ҳақиқий балоғатга етади ва кесишга тавсия этилади. Бу давр мобайнида бўйи 25, эни 4 метрни эгаллайди. Шу боис ҳар йили кўчатлар ўрнини бўшатиб, 4х4 метр ўлчам ҳолатига келтириш лозим. Асосий меҳнат биринчи йили талаб этилади. Иккинчи йилдан суғориб турилади, холос. Демак, иккинчи йилдан бошлаб кўчатларни сотиш эвазига соф даромад олиш мумкин. Япроқлари катта бўлгани билан остида полиз маҳсулотларини парваришлашга ҳалал бермайди. Хулоса қилиш мумкинки, унинг остида ҳам қўшимча даромад топса бўлади. Қолаверса, гули ниҳоятда хушбўй бўлгани боис асаларичиликда кенг фойдаланиш мумкин. Япроғини салқинда сўлитиш орқали чорва озуқасига айлантирса бўлади.
Кўпчиликка айтсангиз, павлония дарахтини реклама қиляпти, деб ўйлайди. Ваҳоланки, уни реклама қилишга ҳожат йўқ. Ҳатто бир йиллик кўчатларимизга харидорлар шу қадар кўпки, етти йиллик дарахтга айлантира олишимга ақлим етмай қолди, тўғриси. Мақсадим — ягона! Ҳамюртларимиз даромад топишни ўргансин.
Муроджон Қурбонов,
Андижон.