ДАРОМАД ТИЙИНЛАРДАН ЙИFИЛАДИ

“Hamkorbank” АТБнинг кичик, аммо кўп сонли молиявий операциялари бажариладиган, мижозлар билан ишлашда энг фаол ҳисобланган чакана йўналишдаги кўрсаткичлар, натижалар билан танишиш мақсадида чакана бизнес департаменти директори в.в.б. Жасур Жўраев билан суҳбатлашдик.

— Янги йилни қандай кайфият билан бошладингиз?
— Ҳар доимгидек кўтаринки кайфият ва катта масъулият билан. Биз учун январь эзгу ниятлар ойи. Илоҳим, барчамизнинг юзимиз ёруғ бўлсин.
— 2024 йилдаги иш фаолиятингизда сизни хурсанд қилган яхши натижалар ҳақида нима дея оласиз?
— Энг аввало, йўналишимиз долзарблиги ошди. Фоизсиз даромадларимиз ривожланди ва барча тармоқларимиз бунинг қанчалик муҳимлигини тушуниб етди. Банкнинг фоизсиз даромадларида чакана йўналиш улуши йилма-йил ўсмоқда. Масалан, 2022 йил 51 фоиз, 2023 йил 53 фоиз бўлса, 2024 йил 60 фоизни ташкил этди. Йўналишимизнинг ўзига хос томони шундаки, бугун қилинган меҳнат олти ойдан кейин мева бера бошлайди. Даромадлар тийинлар ёки центлардан йиғилади.
2024 йилнинг I-чо­рагига қадар эътиборимизни фоизсиз даромадларни оширишга йўналтирдик. Бунда ходимларни рағбатлантириш, КPI тизимлари, қўшимча онлайн сотувлар, бонуслар ва барча шароитлар банк бошқаруви томонидан яратиб берилди.
Республика бўйича чакана бизнес бўлимлари бошлиқлари томонидан
9 мингдан ортиқ маҳалла­ларда ақлли иш ташкил қилинди. Термиз, Қувасой, Самарқанд, Асака, Қашқадарё, Наво­ий тармоқларининг бошқарув­чилари катта ҳажмдаги ишларни амалга оширди. Самарқанд шаҳри халқаро аэропортида онлайн сотув офисимиз очилди ва бу ўз самарасини берди.
Қолаверса, Банк раҳбарияти томонидан бизга билдирилган эътирозлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда бир маҳсулотга боғланиб қолмаслик нуқтаи назаридан кредитлаш йўналишида автокредитдан ташқари — ипотека, микроқарз, онлайн микроқарз, кредит карталарга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
— Чакана бизнес департаментига қарашли бўлимларда ишловчи ходимларнинг банк фаолиятида тутган ўрнига қандай баҳо берасиз?
— Кенгаш раисимиз билимли, салоҳиятли, бугунги ўзгарувчан бозорга тез мослашувчан, янгиликларга тайёр ходимларимиз бизнинг энг катта бойлигимиз ҳисобланади», дея кўп бора таъкидлайди. Бу жуда тўғри баҳо. Банкимизнинг ютуқларида ҳар бир ходимнинг ўзига яраша ҳиссаси бор. Менинг тасаввуримда Андижондан Нукусгача бўлган 1425 километрлик масофада ёзилган улкан дастурхон атрофидаги бир оиламиз.
— Ўтган йилда чакана йўналиш бўйича кимлар юқори кўрсаткичга эришди?
— Термиз, Денов, Каттақўрғон, Жалақудуқ, Нодирабегим, Наманган, Хоразм минтақавий, Самарқанд, Боғишамол, Нукус каби тармоқлар энг юқори натижаларга эга бўлди. БХОлардан эса Яшил дунё, Автошоҳбекат, Иштихон, Ангор, Поп ва Тўрткўл намунали кўрсаткичларни қайд этди.
— Департамент раҳбари сифатида айта оласизми, самарадорликни давомий тарзда ошириш учун тизимдаги шарт-шароит­лар етарлими? Имкон бўлса, қайси масалаларга янада кўпроқ эътибор қаратиш керак?
— Шукрки, имкониятларимиз керагидан ҳам ортиқ. Лекин хавотирим, бу имкониятларни тўғри қўлласаккина ёки улардан унумли фойдалана олсаккина, натижа бўлади.
Тан олишимиз керак, ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар етарлича. Бугунги бозор талаби кўпроқ сифатли хизматлар ва узоқ йиллардан буён ўз моҳиятини йўқотмай келаётган банк хизматларини бошқа бир кўринишда тақдим қилишни талаб этмоқда. Шу билан бир қаторда бозорда бўлаётган ўзгаришлар, мижозларнинг хоҳиш-истаклари ва қаердан нимани қидираётганликларини зийраклик билан кузатиб борган ҳолда, керакли вақтда, керакли жойда ҳаммадан олдин бўлишимиз керак. Бунинг учун банкнинг барча тизими бир тану бир жон бўлиб ишлашига ҳар қачонгидан кўпроқ эҳтиёж бор. Бугун рақамлаштиришга катта эътибор қаратишимиз керак деб ҳисоблайман.
— Иш юзасидан дунёнинг қайси мамлакатларида бўлгансиз ва қандай тажрибаларни ўрганиб қайтгансиз?
— Хизмат тақозоси билан Россиянинг Москва, Озарбайжонинг Баку, Хитойнинг Пекин, Гуанжоу, Гуйлинь шаҳарларида бўлдим. 2022 йил Россиядаги форумда иштирок этганимда “Сбербанк” вакилларининг чиқишлари эътиборимни тортди. Улар ижара харажатларини оширмасдан туриб самарадорликни ошириш мақсадида катта майдонли офисларни майдони кичикроқ бўлса ҳам марказий кўчалардаги чакана учун қулай бўлган жойларга кўчирганлигини, иш график­ларини мижозлар оқимига мослаган ҳолда турли ҳудудларда турлича белгилаганини айтиб ўтишди. Масалан, вазиятга қараб эрталаб соат 7:00да бошланадиган ёки кечки пайт соат 22:00 гача белгиланган иш вақтларини жорий этишгани мени қизиқтириб қўйди. Ҳақиқатан, 8:00 дан 17:00 гача давом этадиган иш вақти ҳамма мижозлар учун ҳам қулай эмас. Мижоз бизнинг вақтимизга эмас, биз мижознинг вақтига мослашишимиз керак. Улар хоҳлаган пайтда мурожаат қилса, биз “лаббай” дея олишимиз шарт. Масалан, ходимларнинг бир нафари 7:00 дан 15:00 гача ишласа, яна бирининг иш вақтини 10:00 дан 19:00 гача ўзгартириш мумкин. Мижозларда “Hamkorbank”ka хоҳлаган вақтда борсанг бўлади”, деган ишончни уйғотиш зарур. Биз ҳам 6 та филиалда универсализация ишларини бошладик ва ҳозирда шу йўналишда хорижий компания билан ҳамкорлик давом этмоқда.
Яна бир мисол, Хитойда банк соҳасида барча технологик ечимлар мавжуд. Бу давлатга борганимда кўпчилик одамлардан энг кучли банк­ларни сўрадим. Лекин улар барча ҳудудларда филиалларига эга бўлган 5-6 та банк­ларни санаб ўтди. Бундан хулоса қилдимки, мижозларга банк хизматларидан офислар орқали фойдаланиш долзарб­лиги йўқолмайди. Филип Котлернинг “Маркетинг 4,0” китобида ҳам “мижозлар онлайн кўрадилар, отзивларни ўқийдилар, фикрларни эшитадилар ва кўргазмали залларга кириб, қўллари билан ушлаб кўрадилар”, деган фикрлари тўғрилиги ва ҳозирда онлайн банклар, аксинча, офисларни очиш билан шуғулланаётганлиги бунинг исботи бўлса керак. Хулоса қилдимки, 51 та филиал­ ва 113 та БХОларимиз бинолари чакана учун қулай бўлган жойларда эканлиги бизнинг катта устун томонимиз экан.
Яқинда Баку шаҳрида бўлиб, банкоматлар ва кассаларни оптималлаштириб, тизимли иш ташкил қилган банклар билан тажриба алмашиб қайтдик. Фойдали жиҳатларини, албатта, ўз амалиётимизда қўллаймиз.
— Хизмат тақозоси сабаб турли ҳудудларда фаолият юритишингиз сиз­га қийинчилик туғдир­маяптими?
— Йўқ, аксинча, мен учун тажриба вазифасини ўтамоқда. Навоий филиалида 12 йил ишладим. 4 йилдан буён Андижондаман. Ҳар хил ҳудудларда ҳар хил структураларда ишлаш фойдали деб ўйлайман. Инсонда парадигма ўзгаради ва бундан кўплаб ижобий хулосалар олиш мумкин. Насиб қилиб, банкимиз Европа, Россия, Туркия, Дубай, Грузия, БАА каби давлатларда ҳам ўз тармоқларига эга бўлса, у ерга ҳам бориб ишлайверамиз. Муҳими, одамнинг ўзи қилаётган ишдан қониқиш ҳосил қилишидир.
— Инсонлардаги қайси жиҳатларни қадрлайсиз?
— Ҳалоллик, ростгўйлик, мардлик, ижобий ва ақлли фикрлаш ҳамда садоқатни.
— Сизнингча, шахснинг касбий муваффақият ва ютуқларга эришувида қандай омиллар асосий?
— Яхши ният, меҳнат, қаноат.
— 2025 йилдан нималарни кутяпсиз?
— Банкимиз келажаги учун катта инвестиция қилиняпти, шулардан кутилаётган натижаларни олишимиз керак. Ҳар йилгидан ҳам кўпроғига эришишимиз шарт. Йиллар сахий, ҳаммамизнинг сўраган ва ҳаракат қилган барча нарсамизни беради. Фақатгина олишни уддаласак етарли.

Нигора МИРОЛИМ қизи суҳбатлашди