ДАСТЛАБКИ ЮТУҚЛАР ОЛДИНГА БОШЛАМОҚДА
Нурафшон Тошкент вилоятининг маркази сифатида ривожланиш йўлидаги ҳудуд. Янги шаҳарда ҳар бир соҳада ўзига хос ўсиш кузатилмоқда. Бу жойда барча молия муассасаларига тенглаша оладиган “Hamkorbank” АТБнинг “Нурафшон” филиали ҳам 2020 йилнинг охирида ўз фаолиятини бошлади.
Бир жамоанинг шаклланиши ўз ўзидан бўлмайди. Шу сабаб филиалга тажрибали, билимли ва изланувчан мутахассислар жалб қилинди. Илк фаолиятни йўлга қўйиш осон кечмади. Жамоанинг бирдамлиги ва сифатли хизмат кўрсатиш тартиби жорий қилинди, мижозларнинг эҳтиёжларини ўрганган ҳолда янги тизим яратилди.

“Hamkorbank” АТБнинг кенжа филиалида ҳозирда 20 нафар малакали мутахассисдан иборат аҳил жамоа шаклланган. Эндигина тетапоя бўлаётган кичик молия муассасасининг дастлаб ривожланиши кутилганидек бўлмагани табиий. Негаки шаҳарни ташкил этилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Аҳоли томонидан банк хизматларига бўлган талаблар юқори эмас. Ҳудудда жойлашган йирик корхона ва ташкилотларнинг асосий маъмурияти пойтахтда фаолият юритиши мижозлар базасини оширишда бир мунча қийинчилик туғдирди. Бундан ташқари, шаҳарда давлат улушига эга йирик банкларнинг вилоят бошқармалари жойлашганлиги ҳам рақобатни кучайтирмоқда.
Юқоридагиларга қарамай, йиллар давомида банкимиз томонидан орттирилган обрў ва имидж мижозларни жалб қилишда қўл келяпти. 2022 йилнинг I чорагида 20 дан ортиқ ўрта ва йирик юридик мижозлар жалб қилинди, айримларининг асосий ҳисобрақамларини олиб ўтишга эришилди. Жумладан, Тошкент вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси, “Quality Device Bussines”, “Darxan – Biznes” каби йирик ташкилотлар ҳамкорлигига эришилди. Нурафшон шаҳар халқ таълими бўлими иш ҳақи лойиҳаси доирасида 800 дан ортиқ ишчи-хизматчилар учун банк пластик карталарининг очилиши орқали жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматларимизни сотишда ўзига хос бозор яратилди.

Йил бошидан ҳамкасбларимизнинг изланишлари туфайли анчагина қаддимизни тиклаб олдик. I-чорак якунларига кўра, барча даромад кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилди. Бу жамоамиз учун янги марралар эшигини очди. Иқтисодий ўсиш ва ютуқларга молиявий кўрсаткичларни ойма-ой назорат қилиш, янгиликлар яратиш, хизмат сифатини яхшилаш ҳамда хизмат турларини кенгайтириш билан эришилди. 224 та юридик, 69 та якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда 5 мингдан ортиқ жисмоний мақомга эга ҳамкорларни жалб қилишнинг ўзи бўлмайди. Самарали натижа кредитларни ўстириш режасининг 162, ҳисоб-касса хизматидан олинадиган даромадлар режасининг 133, кредит қўйилмаларининг 106 фоизга бажарилишида кўринади. Валюта амалиётларидан олинадиган даромадлар режаси 145 ва ТҚО ҳисобрақам қолдиғини ўстириш режаси 2710 фоизга бажарилиши орқали 139 фоиз фойда билан чиқишга эришилди. Бу жамоамизнинг бирдамлиги, тинимсиз меҳнатларининг самараси, албатта.
Иккинчи чоракда фоизсиз даромадларни ошириш мақсадида янги мижозларни жалб қилишни кўзлаганмиз ва яна Бекобод шаҳрида филиалнинг банк хизматлари офисини очиш орқали халқимизга моддий кўмак бериш ҳаракатидамиз. Бугун молия бозорида ўз ўрнимизни топиш учун бутун кучимизни ишга соляпмиз. Йил якуни билан банкимиз тизимидаги филиаллар орасида юқори кўрсаткичга эришиш бош мақсадимиз.
Баҳодир Азимбоев,
Нурафшон филиали бошқарувчиси