ДОИМ ИЗЛАНИШДАМИЗ
Асака универсал банк хизматлари офисида ёшларга эътибор, уларнинг касбий маҳоратларини ошириш, иқтидорлиларни кашф қилиш ва қўллаб-қувватлаш доим эътиборда. Шу сабаб ёш мутахассисларнинг эришаётган кўрсаткичлари юқори. Изланувчан йигит-қизлар бирлашган мазкур муассасага тажрибали, ташаббускор Муҳиддинхон Ортиқов раҳбарлик қилади. Жамоанинг Элмуроджон Холматов, Анваржон Абдуҳомидов, Нодирбек Комилов, Нилуфар Дадажонова, Ҳамидулло Ибрагимов, Мафтуна Нўъмонова, Жасурбек Кимсанбоев каби сидқидилдан меҳнат қилаётган ёшлари бор. Улар учун банк соҳаси севимли, ишлаш мароқли. Бу туйғуларни уларнинг сўзларидан ҳам англаш мумкин.
Нилуфар Дадажонова менежер сифатида фаолият юритади. Замон билан ҳамнафас, банк соҳасини пухта эгаллаган, ишда анчагина фаол. Мафтуна Нўъмонова эса банк коллежини тамомлаганидан буён мана шу офисда. Жамоага ҳурмати юксак. Ҳозирда аҳолига онлайн маҳсулотлар етказиб бериш билан шуғулланади.
— Нияти холис инсонлар сирасига кирсам керакки, шу жойда ишлаяпман. Болалигимдаги орзуим эди “Hamkorbank”. Ва алоҳида таъкидлашни истардим, ҳамкасбларимни ўзимдан хоҳ катта бўлсин, хоҳ кичик устоз санайман. Чунки бу соҳада ҳали ўрганишим керак бўлган нарсалар кўп. Ходимлар билан ишлаш менежери Матлуба Мамарасуловадек узоқ йиллар ишлаб, ҳурмат қозониш осон эмас. Жамоа ишончини оқлаш машаққат талаб этади. Матлуба опа ўзига нисбатан жуда талабчан, топширилган вазифани вақтида бажаради ва жамоанинг ҳар бир ходимининг феъл-атворини яхши ўрганган, — дейди Мафтуна Нўъмонова.

Жасурбек Кимсанов энг ёш ходим. 2017 йилда Фарғона политехника институтини тамомлаган. Институтда пухта билим олганлиги боис иш бошлаганда унчалик қийналмади. Иқтисодчи эмасми, икки ойлик синов даври ўрганиши учун етарли бўлди. «Ниҳол» банк хизматлари офисида универсал менежер сифатида дастлабки фаолиятини бошлади, халқимизга хизмат қилишни бурчи деб билди.
— Талабалик давримда банк ҳақида маълумотга эга эдим. Шунда кўнглимда ўқишни битириб, “Hamkorbank”да ишлаш иштиёқи пайдо бўлган. Илк устозим Нормуҳаммад Баҳодиров. Чакана бизнес бўлими раҳбари сифатида энг мураккаб ва масъулиятли вазифани бажарарди. Ўша кезларда Нормуҳаммад ака худдики банк учун туғилгандек кўринган кўзларимга. Кейинчалик билсам ҳамкасбларимнинг барчасида шу каби фазилатлар мужассам экан. Масъулият, эътибор, мижозларга ҳурмат, касбни севиш… ҳамма-ҳаммасини мана шу жамоадан ўргандим, — дейди Жасурбек.
Айни пайтда банкнинг асосий фаолияти ва мақсад-вазифалари, истиқболдаги стратегик режаларини ҳис қилган ёшлар ўз фаолиятида зарур бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг аҳамияти тўғрисида яхши билишади. Шунингдек, замон билан ҳамнафас иқтисодий билимларини янада ошириш ниятида. Хорижий тилларни қунт билан ўрганишни олдиларига мақсад қилишган.
Вақтида кўрсатилаётган хизматлар сифати намунали бўлгани учун ҳам бу молия муассасасининг мижозлари кўп. Асосийси, ҳамкасблар орасидаги меҳр, касбига бўлган муҳаббат, мижозларга кўрсатилаётган эътибор туфайли муваффақиятларга эришилмоқда.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА

