Доира «ёр-ёр»ни эслатади

Шаҳрихон УБХО — улкан тажриба мактаби. У ерда фаолият юритаётган ходимлар ҳам шу мактабга муносиб салоҳият эгаси. Наргиза Сотволдиева касса амалиётлари бўлимининг ўзига ўзи хизмат кўрсатувчи қурилмалар кассири. Вазифаси — банкоматларни нақд пул билан таъминлаш. У бир кунда ўзи бириктирилган 9 та банкоматга жами 3 миллиард сўмгача пул солади.

Ва энг муҳими, бу банкоматлар ҳеч қачон пулсиз қолмайди. Масъулиятли кассир қурилмалар бўшаши билан дарҳол уларни тўлдиришга ҳаракат қилади. Шу боис Шаҳрихонда нақд пул билан боғлиқ муаммо кузатилмайди. Қаҳрамонимиз нафақат банкоматлар билан, балки, доира асбоби билан ҳам жуда яхши муомала қилади. Сизда “Нега айнан доира?” деган савол туғилиши табиий. Бу саволга жавобни қуйидаги суҳбатимиз орқали билиб оласиз?
— Мен сизнинг доира чалишингиз ҳақида ёз ойида хабар топган эдим. Ўшандан бери маҳоратингиз анча ошиб қолган бўлса керак?
— Албатта. Хабарингиз бор, “Hamkorbank”да ходимлар учун қўшимча мусиқа тўгараклари ташкил этилган. Устозимиз Жафарбек Маматюсупов ҳафтада икки марта келиб, сабоқ бериб кетяпти. Қизиққаним учунми, дарсларни интизорлик билан кутаман. Имкон қадар машғулотларни қолдирмай қатнашиб, яхши доирачи бўлиш ниятидаман. Уйда шуғулланишим учун ўзимга алоҳида доира ҳам сотиб олдим. Бўш вақтларимда чалиб, ўз устимда ишлашга ҳаракат қиляпман. Мени кўриб, биринчи синфда ўқийдиган ўғлимда ҳам қизиқиш пайдо бўлди. Насиб қилса, уни ҳам доира ва табла тўгаракларига бермоқчиман.
— Қандай хулосага келдингиз, бу асбобни ўрганиш осонми ёки қийинчилиги борми? Умуман, бемалол чала олиш учун қанча вақт керак бўларкан?
— Оддий чолғу бўлиб кўрингани билан ўзига яраша машаққати бор. Оҳанг яхши чиқиши учун вазни оғир бўлиши керак. Оғирини чалганда қўлингиз, елкаларингиз тез чарчайди. Аёл кишига 2,5-3 кг. оғирликни кўтариш осонмас. Доирада атиги 2 та нота бўлади: “бум” ва “бак”. “Бум”да тўртта бармоқ бирлаш­тирилган ҳолатда ўрта қисмига зарб берилади. Бунда йўғонроқ овоз чиқади. “Бак” нотасида эса бармоқлар очилган ҳолатда паст­ки қисмига урилади. Қунт билан ўргансангиз, бир йилда мукаммал маҳоратга эга бўласиз.
— Нимага айнан доирани танлагансиз?
— Одатда, инсоннинг қизиқиши болалигидан шаклланади. Мен ҳам болалигимда телевизорда доира чалаётган аёл санъаткорларни кўриб, аёллар ҳам чалса бўларкан-да, деб ўйлаганман. Уларга ҳавас қилганман. Доирадан чиқаётган зарб қулоғимга бошқача эшитиларди. Қизиқиш уйғониб, ўзимча нималарнидир чалиб кўрардим. Кейинчалик “Оҳанрабо”, “Зарб завқи” кўрсатувларида чиққан аёл мусиқачиларни томоша қилиб, қизиқишим янада ортган. Ўша иштиёқ шу кунгача сўнмади.
— Демак, банкдаги қўшимча мусиқа дарслари сизни орзуингизга етказибди-да?
— Худди шундай. Бир нарсани билдимки, инсон нимани чин дилдан хоҳласа, эртами-кечми, бир кун келиб, ўша нарсага эришаркан. Фақат вақти-соати етиши керак экан. Мен болаликдаги истакларимга 42 ёшимда эришдим. Уни рўёбга чиқарган “Hamkorbank”дан жудаям миннатдорман. Иш вақтимиз тугаши билан ўқитувчининг ўзи ўргатгани келади. Биз вақт сарфлаб бирон жойга бормаймиз.
— Чалаётганингизда нималарни ҳис қиласиз?
— Кайфиятим кўтарилади. Оҳанг чиқара олаётганимни билиб қувониб кетаман. Доира миллий мусиқий асбобимиз бўлгани учун ундаги садоларда гўзал туйғулар мужассам. Масалан, доиранинг овози ёр-ёрни эслатади, тўйларни, яхши кунларни ёдга солади. Ўзим уйда чалиб ўтирсам ҳам маза қилиб дам оламан. Биринчи марта банкимиз янги биносининг очилиш маросимида доира билан мусиқий чиқиш қилдим. Аввал кўпчилик бўлиб, “Дилхирож”ни чалдик. Ке­йин “Андижон полькаси”ни дастлаб бир ўзим чалишни бошладим, ке­йин қолган чолғучилар қўшилди. Ўшанда ўзгача ҳиссиётлар чулғаб олди, ич-ичимдан тўлқинланиб кетдим. Чунки саҳнада ўз ижодим билан чиқиш қилиш мен учун орзу эди.

Н. ТЎХТАМАТОВА суҳбатлашди.