«ДУНЁНИ ТЎРТ ТОМОНДАН КЎРСАМ»
Ҳа, Юнусобод универсал банк хизматлари офисига қарашли Туркистон БХО кичик менежери Аброр Абдусаломовнинг ёшликдан орзуси шундай. Қашқадарёда туғилиб, камолга етган йигит бу борада биринчи қадамни Тошкент сари қўйди. Пойтахтда яшаш ва билим олиш мақсадида Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ўқишга кирди.
Олийгоҳни тугатиш арафасида “Hamkorbank”нинг Юнусобод УБХОда амалиёт ўтади. Банк соҳаси янгиликларни ўрганиш, билимларини ошириш, ўз устида ишлаш имконини беришлигини тушунди. Яна замонавий банк хизматлари, тезкорлик, мижозлар эътирофи уни қизиқтирди.
— 2024 йил банкка ишга жойлашиш мен учун катта бир ютуқ бўлиш баробарида орзуларимнинг ушалишига йўл очди, — дейди Аброр. — Ёшларга бўлган эътибор, замонавий хизмат турлари, хорижлик ҳамкорлар билан алоқалар ва ходимлар учун яратилган шароитларни бошқа жойда кўрмайсиз. Бу ўз-ўзидан сизни ҳам изланишга ундайди. Рус ва инглиз тилини яхши билишим катта ютуқ бўлди. Чунки Бош банк томонидан бунга алоҳида эътибор қаратилади, қўллаб-қувватланади.
Аброр қисқа вақт ичида танловда адашмаганини тушуниб етди. Чунки банк юқоридагилардан ташқари унга ўз билим ва кўникмаларини ривожлантириш, профессионал ўсиш имкониятларини қўлга киритиш имконини берди. Мижозларнинг молиявий эҳтиёжларини қондириш асосий вазифаси эканлигини ўзига шарт сифатида белгилаб олди. Яна банкда ишлаш ҳам осон, ҳам қийинлигини билди. Осонлиги — касбини севиши, йўл кўрсатувчи устозлари ёнида эканлиги. Қийинлиги эса мижозлар турлича, улар билан тиллаша билиш керак. Баъзида стрессга тушган мижозлар ҳам келади. Улар билан муроса қилмай иложинг йўқ. Йўқса, мижозни йўқотиб қўйиш мумкин.
Тажрибали банк ходимлари Дилбар Ниязимбетова ва Феруза Имомова ёш ходимни қўллаб-қувватлади, унга мотивация берди. Доим изланишга, ўқиб-ўрганишга ундади. Соҳа янгиликларини эринмай ўрганиб боришга чақирдилар. Натижа, Аброрнинг тили билан айтганда, ижобий бўлди. Касбдошларининг унга бўлган ишончи ортди, берилган топшириқларни вақтида бажаришни, мижозлар билан қандай ишлашни ўрганди.
Аброр вақтнинг қадрига етадиганлардан. Бўш бўлди дегунча китоб ўқийди, хорижий давлатлар тажрибасини кузатади. Банк ходими янгиликка интилиши, замондан олдинда юриши керак, дейди. Шу сабаб саёҳат қилишни яхши кўради. Болаликда орзу қилганидек, дунёни тўрт тарафдан кўриш ҳаракатида.
— Устозларимиз меҳнатларининг эътирофи сифатида хорижий давлатларга юборилаётганидан хурсандман, — дейди эртанги кунга ишонч ва умид билан қараганча Аброр Абдусаломов. — Бу катта имконият. Банк мен учун орзуларим ушаладиган мактаб бўлиб қолади.
Китобни қўлидан қўймайдиган, спортга ошно қаҳрамонимиз ўз орзулари йўлида ҳаракатда. Бу ҳаракатлар келгусида ижобий самара беришига ишонамиз.
Акбаржон Назаров