ЕВРОПАНИ КЎЗЛАБ…
Шаҳрихонлик тадбиркор Муслимбек Иброҳимов 32 ёшда. Бугун у раҳбарлик қилаётган “Bravo Academy group” МЧЖда 60 нафар ишчи фаолият юритмоқда, шундан 35 нафари ёшлар.
Муслимбек илк бор бизнесга қўл урган пайтда ўз олдига фақат даромад топиш эмас, аҳолини иш билан таъминлашни асосий мақсад сифатида қўйган эди. Яхши ният билан бошланган иш бахайр бўлиб, тез орада ривожланишга юз тутди. Уч йил ичида дастгоҳлар сони 20 тадан 55 тага кўпайди. Маҳсулот ҳажми ойига 350-400 минг жуфтни ташкил этди. Корхона 2025 йилнинг охиригача дастгоҳлар сонини 100 тага, ишчиларни эса 90 нафарга етказмоқчи. Муслимбек бу билан чегараланиб қолмоқчи эмас. У Европа бозорига чиқишни кўзлаб турибди. Бунинг учун замонавий, жаҳон талабларига мос маҳсулот ишлаб чиқарувчи бешта дастгоҳ сотиб олишни режалаштирган. Шунда бемалол хорижга ҳам экспортни йўлга қўйиш мумкин.
— Маҳсулотларимиз сифати билан фарқ қилади. Биз тоза пахта хом ашёсидан фойдаланамиз. Пайпоқларимиз тез йиртилмайди, оёқни терлатмайди, қишда иссиқ тутади, — дейди корхона раҳбари. — Мен ҳар бир ишчига “Сизлар шунчаки маҳсулот ишлаб чиқармайсизлар, балки, инсонларнинг соғлигини ҳимоялашга хизмат қиласизлар” деб айтаман. Чунки хом ашёларимиз экологик табиий. Организмга ножўя таъсири йўқ. Шунданми, бугун 60 фоиз маҳсулотларимиз Тошкент, 20 фоизи Қўқон, Самарқанд, қолган қисми Андижон, Наманган, Жиззах бозорларини эгаллаган.

Асли мутахассислиги математик-физик бўлган ишбилармон йигит дастлаб академик лицейда дарс берган. Ўқитувчилик қилиб юрган пайтларда унда бизнесга қизиқиш уйғонди. Натижада ўз ихтиёри билан касбини ўзгартириб, пайпоқ савдосига қўл урди. Кейин эса мустақил равишда ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этишни мақсад қилди ва “Bravo Academy group”га асос солди.
— Пайпоққа ҳамма мавсумда талаб бор. Ўзимизнинг ишлаб чиқарувчиларимиз ички бозоримизни тўлиқ таъминлай олмагани учун пайпоқ маҳсулотлари катта миқдорда четдан импорт қилинади. Шуни ҳисобга олган ҳолда айнан мазкур бизнесни танладим. Танлаб, барака топдим, ишимизда фақат ўсиш кузатилмоқда, — дейди суҳбатдошимиз.
Муслимбек биргина маҳсулот ишлаб чиқариш билан шуғулланмайди. Тадбиркорлик билан бир пайтда бухгалтерия-консалтинг хизматларини ҳам кўрсатади. Айни пайтда 10 га яқин фирмаларнинг бухгалтерия ишларини олиб бормоқда. Ҳа, бугун замон ташаббускор, интилувчан ёшларники. Улар қайси соҳада тадбиркорликка қўл урмоқчи бўлса, янгилик яратишни истаса, давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланади.
Бир томонда ёш бизнес эгаларига яратилган шарт-шароитлар, иккинчи томондан “Hamkorbank” АТБ Шаҳрихон УБХО билан йўлга қўйилган ҳамкорлик Муслимбек Иброҳимов каби юртдошларимизга фақат ишонч, куч-қувват, юксак марраларни забт этишни инъом этмоқда.
Нигора Миролим қизи