ЕТТИ ХАЗИНАНИНГ БИРИ БИЗДА, дейди косонсойлик тадбиркор.

Паррандачилик – етти хазинанинг бири. Ҳозирда бу йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлар кўпчиликни ташкил қилади. Шундайлардан бири косонсойлик Котибжон Пайзиллаев.
Котибжон 4 ака-уканинг тўнғичи. 2001 йилда давлатимиз томонидан Жанубий Кореяга ишга таклиф қилинганида аввалига икки укасини юборди. Ўзи ҳам бориб, атрофига яқинларини тортди, сармоя тўплади.
Кейинроқ бир синфдошим сабаб тадбиркорликка қўл урдим. У доим “Дўстим, сенда сармоя бор. Етмаса давлатимиз томонидан кредит берилади. Паррандачилик билан шуғуллан, бойиб кетасан”, деган таклифи билан шу ишни бошладик, -дейди тадбиркор.
2015 йилда “Кosonsoy saxovatli parranda” фермер-хўжалигини ташкил қилиб, иш бошлаган Котибжон дастлаб тухум етказиб бериш билан шуғулланди. Кейинроқ товуқ етиштиришни ҳам йўлга қўйди. Айни пайтда йилига ўртача 40-50 минг бош товуқ парваришламоқда ва 6 мингга яқин тухум олишга эришяпти. Бу дегани кунлик ишлаб чиқариш қуввати 15-20 минг дона. Йиллик даромад эса 400-500 млн. сўм.
Айни пайтда фермер хўжалигида 11 нафар иш ўрни яратилган. Уларнинг илғори Абдуҳалим Пайзиллаев. Ишни сидқидилдан бажаради. Жонкуярлиги ва изланувчанлиги билан хўжаликни ривожлантиришга ҳисса қўшяпти.
Келгуси ойдан яна 25 нафар иш ўрни яратиш ҳаракатидамиз, — дейди тадбиркор. – Бу борада “Hamkorbank”нинг Наманган минтақавий банк хизматлари офиси бизга кўмакчи бўляпти.
Намунали мижозимиз сифатида “Кosonsoy saxovatli parranda” фермер хўжалиги кредит маблағларини ўз вақтида қайтаради ва доимий ҳисоб рақами бизда туради. Уларнинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз — дейди Наманган минтақавий БХО раҳбари Ўктамжон Эргашев.
Авваллари паррандачилик маҳсулотлари четдан келтирилган бўлса, эндиликда ўзимизда етиштирилмоқда ва қишлоқ хўжалигида етакчи тармоқлардан бирига айланиб улгурди. Демак, у чиндан ҳам хазинага айланган. К. Пайзиллаев каби ишбилармонлар аҳолининг ички эҳтиёжларини қондиришга астойдил киришгани боис бозор расталарида товуқ гўшти ва тухумни истаган пайтда арзон нархларда харид қилиш мумкин.
Германия давлатидан келтирилган товуқ боқишга мўлжалланган темир катаклар, иқлим назорат (климат контроль) аппаратлари мавжуд. Озуқа борасида Россия ва Нидерландия давлатлари билан ҳамкорлигимиз бор. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (соя, шрот) олиб келишни ҳам йўлга қўйганмиз.
Паррандалар нафақат гўшти, тухуми, балки пати учун ҳам боқилади. Бу соҳа истиқболли ва чорвачиликдаги асосий йўналиш саналади. Оиланинг даромад манбаи сифатида жуда қулай, осон ва фойдали соҳа. Бироқ тан олиш керак жуда нозик бўлади. Парвариш ва эътибор талаб этади. Уларга меҳр бериб парваришланса, хазинага эга бўлинади.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.

