ЖАЛАҚУДУҚЛИКЛАР ИШОНГАН БАНК
Маълумот ўрнида: Жалақудуқ универсал банк хизматлари офиси 2001 йилдан буён фаолият юритади. Ҳозирда ходимлар сони 40 нафар, улардан 6 нафари хотин-қизлардир. 750 га яқин фаолият юритаётган юридик ва якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари, 3 мингга яқин жисмоний шахсларнинг 650 таси омонати мавжуд мижозлар. 2,7 мингта нафақа ёшидаги пластик картага эга мижозлар бор. Ҳудудда 2 та ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи капсулалар мавжуд, улардаги 8 та банкомат 24/7 тартибда аҳолининг миллий ва хорижий валютадаги нақд пулга эҳтиёжини самарали қондириб келмоқда. Мижозларга хорижий пул ўтказмалари тарқатишда ҳам ушбу офис етакчилардан бири.
ШАКЛЛАНГАН ЖАМОА
Муроджон ҲОЖИМАТОВ,
Жалақудуқ УБХО бошқарувчиси:
— Бу УБХОга келганимга ҳали кўп бўлмади. Бироқ амин бўлганим — “Hamkorbank” АТБ тармоғи йилдан-йилга кенгайиб бораётгани, унинг саъй-ҳаракатлари билан халқимиз иқтисодий манфаат кўраётгани.
Жамоа шаклланиб бўлган, аҳиллиги ва жипслиги менга ёқди. Мижозлар оқимидан аҳолига хизмат кўрсатиш даражаси сифатли эканлигига гувоҳ бўлдим. Муваффақиятлар замирида ҳам ўзаро бирдамликни, малакали ходимларнинг вазифасини сидқидилдан бажариши ҳамда устоз-шогирд анъанасини кузатиш мумкин. Белгиланган режалар тўлақонли амалга оширилмоқда. Янгиликка интилувчан ва замонавий банк ҳаракатлари билан яшаётган ҳамкасбларимнинг кўплиги мени қувонтирди.
Жамоа бир куч бўлган жойда ютуқ бўлади. Бизнинг жамоа ана шундай бирлашган.
МИЖОЗЛАР БИЛАН ГАВЖУМ
Илҳомжон ҲАМИДХЎЖАЕВ,
ЧББ бошлиғи:

— 12 йилдирки, “Hamkorbank”да ишлайман. Кунига юзлаб мижозларнинг мурожаатларига қулоқ тутаман. Куннинг аксарият қисмини шу ерда ўтказганим боис ҳамкасбларим билан бир оиладек бўлиб кетганман. Ҳатто кўп йиллик мижозларимиз билан қадрдонмиз, уларга бир неча маротаба кредит ажратганман. Уларнинг меҳри, ишончини қозониш осон бўлмаган. Ўз вазифамга бўлган иштиёқим, сабрим билан эришдим, баъзида “инжиқ”лари билан тиллашишимга тўғри келган. Ҳозир бемалол айтишим мумкинки, банкимиз мижозлар билан гавжум.
САККИЗИНЧИ РАҲБАР

Ходимлар билан ишлаш 1-тоифали менежери Дилабзахон Абдуллаева фаол ходимлардан. Ҳозирги бошқарувчи унинг саккизинчи раҳбари.
Дилабзахон 2011 йил март ойидан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Тажрибали, самимий бу аёл барчага бирдек хушмуомала, ўз касбини севади. Ҳамкасбларининг психологиясини яхши ўзлаштирган. Сидқидилдан ишлаган ва ўзини кўрсата олган ходимларни рағбатлантириш борасида адолатли. Бу ҳамкасбларининг кучига куч қўшади, янада шижоат билан ишлашга ундайди.
КАССАНИНГ МАСЪУЛИЯТИ
Элёра ДАЛИЕВА,
касса мудири:
— Фаолиятимни 2018 йилда «ресепшн»ликдан бошлаганман. Кейин кассада ишладим. Сўнг чакана бўлимда ВАШ менежери сифатида соҳанинг ички тизимини ўргандим. Универсал менежерликда мижозлар билан ишлашда сабрли ва ҳар қандай шароитда уларга хушмуомалада бўлиш лозимлигини тушуниб етдим. Банкда босиб ўтган ҳар бир босқич мен учун қайсидир маънода “ҳаёт мактаби”ни ўтади. Яқинда зиммамга масъулиятли вазифа — касса мудирлиги юклатилди. Бу бўлим алоҳида мавзу: масъулият, сабр-тоқат, ишонч…
Ҳар бир кун режасини тузиб олишга одатландим. Кичкинагина ён дафтарчамга қайд этиб боряпман. Унда бажарилган ва бажарилиши лозим бўлган белгилар бор.
ОТАМНИНГ ДАВОМЧИСИМАН
Абдумутал ВАҲОБОВ.
— Банкга келувчилар атрофнинг гўзаллиги ва тозалигига эътибор беришади, ундан баҳраманд бўлишади. Шунинг учун ҳам бу ерни ораста тутаман. Чунки биринчи қадам қўйган инсонда илиқ таассурот уйғотиш орқали мижозимизга айлантириш мумкин. Илгари бу вазифани отам бажарган эди. Энди эса мен. Ишим ўзимга ёқади.
Банк фаолияти билан танишар эканмиз, тушлик бўлиб қолганини ҳам сезмай қолибмиз. Ризқимиз қўшилган экан, ошпаз Раҳматулло Абдусамаджоновнинг меҳмони бўлдик. Таомнинг мазаси ошпазнинг маҳоратли эканини кўрсатиб турибди, “қўлингиз дард кўрмасин” дея алқаб қўйдик.
Очиғи, Жалақудуқ УБХО ва унинг изланувчан ходимларининг иши намунали. Вақт ҳамда газета саҳифаларида ҳаммасини қамраб ололмаслигимиз боис таассуротларимизни тўлиқ баён этолмадик. Зеро, кўрсаткичлар уларнинг касбига меҳри, садоқатини ифодалаб турибди. Ютуқлар салмоғи УБХОлар орасида юқори экани ҳам ҳақиқат.
ТАДБИРКОР АЁЛЛАР ДАВРИ

Давлатимиз томонидан хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун тадбиркорлар замони. Деҳқончиликдан тортиб ишлаб чиқаришгача, саноат занжирини яратишдан то йирик инвестицион лойиҳаларни амалга оширишгача — барида хусусий тадбиркорлар, кичик ва ўрта бизнес вакиллари қаторида аёлларни кўриш мумкин. Ана шулардан бири жалақудуқлик Наргизахон Бобораҳимовадир.
У фаолиятини бошлаган 2018 йилда Жалақудуқ универсал банк хизматлари офисига мижоз бўлди. “East Lion” МЧЖ номи остида ўз бизнесини йўлга қўйди ва ҳисоб рақамини шу ерда юрита бошлади.
— Тикув-трикотаж саноатини ривожлантириш орқали жаҳон бозорига маҳсулотларимизни чиқаряпмиз. Хомашёдан маҳсулотгача бўлган жараённи технологик жиҳатдан тўлиқ қамраб олишда “Hamkorbank” томонидан олинган кредитларни тўғри йўналтира олдик, — дейди корхона раҳбари.
Наргизахон чеварчиликни ривожлантириб, атрофига қишлоқ хотин-қизларини жамлади. Малакали чеварлар билан ёшларга ҳунар ўргатишни йўлга қўйди. Кун сайин иш ҳажми ортиб, фаолият тури кенгайиб борди. Ўзига ишончи ортди. 2021 йил «Қадақсин» МФЙ ҳудудида бўш турган жойга трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсадида бинолар қурди. Бу йўлда унга турмуш ўртоғи ҳамда яқинлари кўмак бериб, қўллаб-қувватлаб турди.
Маҳсулотларининг хомашёси пахта толасидан бўлгани учун ҳам табиийлиги ва сифати юқори баҳоланаётган корхона “East Lion” брендига эга бўлди. Зуҳра Абдусаттарова, Ҳилола Умарова каби юзлаб бичувчи ва тикувчилар мазкур корхонада фаолият юритишяпти. Улар яратилган шароитлардан мамнун.
Ойига ўртача 50 минг АҚШ доллари атрофида айланма маблағи бўлган бу корхона маҳсулотларини нафақат ички бозор, Россия давлатига ҳам экспорт қилишни йўлга қўйиб олган.
— Янги ишга қабул қилинганлар мутахассислар томонидан ўқитилади, — дейди Зуҳра Абдусаттарова. — Режадан ортиқ бажарилган ишлар учун устама пул берилади. Менга ҳар томонлама қулай бўлган ушбу корхонада ишлаётганимдан хурсандман.
Республикамизда хотин-қизларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштиришда “Hamkorbank”нинг фаоллиги ортиб бормоқда. Бу маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган дастурларнинг амалдаги ижроси демакдир.
Саҳифани Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА тайёрлади.
Бекзод Муталлибов олган суратлар